Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустаҳкам Тангриёрова

Оққан дарё оқаверади. 

Армонлар қолдирган фариштагиналар: фожиа орти баёноти мантиқсизлиги, «Xabar.uz» суратларни излаётгани ва бошқалар ҳақида

Армонлар қолдирган фариштагиналар: фожиа орти баёноти мантиқсизлиги, «Xabar.uz» суратларни излаётгани ва бошқалар ҳақида

Суратда: Дунё Ўлмасова (25.10.2019 — 25.10.2022), Муҳаммаджон Турсунқулов (10.02.2021 — 06.12.2022), Эъзоза (27.06.2020 — 28.11.2022)

Фото: «Xabar.uz»

Дунё, Муҳаммаджон, Эъзоза... Бу рўйхат ҳали узууун. Йигирма нафар фариштамисол гўдак. Илоҳим, ундан ошмасин энди. Шифо деганлари заҳар чиққан сиропнинг қурбонлари улар.

«МАЖОЛСИЗ ҚЎЛЛАРИ БИЛАН БЎЙНИМДАН ҚУЧОҚЛАДИ...»

Тойлоқ тумани, Олмазор қишлоғидаги Турсунқуловлар хонадонига кириб борамиз. Хонадонда ҳамон кирди-чиқди, Муҳаммаджонни бериб қўйганларига ҳали бир ой бўлмади.

Ўзи «болам» деган эшикка кириб боришдан қийини йўқ. Норасида гўдагининг юзини, ҳидини, қилиқларини энтикиб соғинаётган онага таскин билиб нималардир дейсану, ичинг тилка-пора бўлаверади, овози титраётган суҳбатдошнинг кўзига қарай олмайсан...

Муҳаммаджон Турсунқулов 2021 йил 10 февралда туғилган. 2022 йил 6 декабрда вафот этди. Онаси Зилола Ҳотамова Тойлоқ туманидаги 46-мактабда инглиз тилидан сабоқ беради. Турмуш ўртоғи стоматолог, қайнакаси травматолог. Қайнотаси эса бир умр тил ва адабиёт ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Айтмоқчиманки, оила аъзолари оқ-қорани таниган, болага дуч келган препатарни бераверадиган одамлар эмас.

Муҳаммаджон Зилоланинг иккинчи фарзанди. Вақтида каттаси Иброҳимжон ҳам шамоллаганини эслайди.

«Травамакс» берардик, «Цинепар Кид» берардик. «Док-1 Макс»дан ўтган йили шамоллаганда, йўтал бўлганда Иброҳимжонга ҳам берганман. Ўзим ҳам ичганман, дадасиям ичган. Шундан олсак, иситмани тез туширади, томоқ оғриғи, шамоллашга яхши деб, умуман салбий натижасини кўрмаганмиз. Муҳаммаджоннинг соғлигидан шу пайтгача шикоятимиз йўқ эди. Шамоллаш белгилари бўлганда аптекадан олиб келдик, деб эслайди Зилола.

У, бола тузалиш ўрнига кўнгил айниши, еганини қайт қилиши, кейин сиймай қўйганини айтади. Шунда шаҳардаги таниш врачга мурожаат қилишган.

«Олиб бордик. У ёқдан кейин «микрорайон»даги шифохонага жўнатди. Болалар шифохонаси бор экан буйрак бўйича. УЗИ қилди, текширди, буйрак қотган ишламаяпти, сийдик қопи бўш деди. Бизлар даволай олмаймиз, «Ҳаваси»га (Самарқанд тез тиббий ёрдам маркази) боринглар деди. У ерда ҳам УЗИ қилди, қон олди, анализ қилди. Бизнинг ҳар хил аппаратларимиз йўқ, свет ўчиб қолса муолажа қилолмаймиз, «кўп тармоқли»га юборамиз, деди. Бугундан кечга қолмасин. Шанба бугун, эртага ҳеч қаер қабул қилмайди деди.

Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига бордик, у ерда ҳам жой йўқ, ҳамма шунақа касаллик билан келган. Худонинг зорини қилиб қолдик. Якшанба куни кун давомида билан қаради. Ўзгариш бўлмади. Қонини тозалашди катитер қўйиб. Уям фойда бермади. Нечадир фоиз қонига заҳар, мочивина тошиб кетган, сийдик танага ёйилган деб қонни тозалашди. Қонини тозалаган кун 5 декабрь эди, яна аҳволи оғирлашди», дейди боланинг онаси.

Тойлоқнинг энг чекка, Ургут билан туташган қишлоғидан Самарқанд шаҳрига келиб бир неча соат ичида тўрт-беш даргоҳга бош уриб борган оиланинг ҳолини шунчаки тасвирлаб бўлмасди. Аёл йиғлар эди. У телефонидан Муҳаммаджоннинг ўнлаб суратларини кўрсатади. Чиройли, чеҳрасидан соғлом бўлгани кўриниб турган болакай. Фариштадек беғубор.

Муҳаммаджон. Фото: «Xabar.uz»

Она боласининг сўнгги кунларини эслайверади:

— Комага тушмади, реанимациянинг ўзида... шунчалар ҳаёт учун курашди у бола. Кўзи ўлди биринчи, кўзи қотди, кўзда сезги йўқолди. Фақат қўл оёқ, юрак, нафас олиш ишлаб турди. Охирги кун деярли ҳаракат бўлмади. Лекин бир кун олдин гапириб «ая олиб кетинг», деди. Эгилиб қулоғига «сен кучлисан» дедим, деярли ҳаракатсиз қолган мажолсиз қўллари билан бўйнимдан қандай қучди билмадим, — Зилола чуқур тин олади. 

Аёлнинг айтишича, заҳар бутун танага ёйилиб, миягача етиб кетган, тозалашнинг иложи бўлмаган.

«Танадаги ҳужайраларга сингиб кетган заҳар қонга ўтади, қонни 3 марта тозалашга етолса яшаб кетиши мумкин, буйрак тозаланади дейишди. Лекин иккинчисига етмади...», дейди у.

Зилоланинг оғриқли дарди устига тунов куни 2-3 аёл «шикоят ёздингизми, яқинларимизни ишдан олишди» деб келишибди.

Зилола боласининг ўлимида Олмазор ОШП (оилавий шифокорлик пункти) врачлари ва ҳамширалариниг айби йўқ дейди.

«Уларнинг «Док-1 Макс» сиропи билан боғлиқ ҳолатда ишдан бўшатилгани тушунарсиз. Самарқанд шаҳридаги мана-ман деган бир неча тиббий даргоҳ уддалай олмаган ишни врачлик пунктидан талаб қилиш қанчалик тўғри? Йўлланма берилмаган, деган важ кўрсатилибди. Йўлланма учун ўзимиз бормаганмиз. Оилавий шифокорлик пунктида врачларимиз тажрибали, яхши қарашади, даволанганмиз, лекин боланинг ҳолатида зудлик билан шаҳарга жўнашимиз зарур эди. Улар рецепт ёзиб бермаган бўлса», таъкидлайди Зилола.

Зилола ичидагини тўкиб солади: «Асл айбдорлар заҳарли моддаси бўлган сиропни ишлаб чиққан корхона, маҳсулотни текширмасдан уни олиб кириш учун шартнома имзолаган фирмалар, чегарадан киритилишига йўл қўйганлар ва ҳоказо ташкилотлар деб ўйлайман».

Унга «Xabar.uz» барча «Док-1 Макс» қурбони бўлган болажонлар суратларини тўплаётгани, суратлардан жамланма тайёрлаб хотиралари абадийлаштирилишини айтдик. Бу хатолар такрорланмаслиги учун муҳим дедик.

***

Айнан шу ҳудуддан «Док-1 Макс» билан боғлиқ яна бир ўлим ҳолати қайд этилган. Дунё Ўлмасова туғилган кунида, 3 ёшга кирган кунида ерга қўйилган. Онаси Шаҳноза Пирматованинг айтишича, у ҳам сиропни ўзи сотиб олган. Икки кун 3 маҳалдан сироп берган. Учинчи кунда бир марта ичиргандан сўнг врачга олиб боришган. 

«Ўладиган бола эмас эди», дея йиғлайди она... Бола қайт қилаётганида бироз эскирган гуммаданми деб билишган.

Врачлик пункида пешобни таҳлил қилдирмоқчи бўлган кунда даргоҳда кун бўйи электр берилмаган... кечга яқин вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига олиб боришган. Икки кунда, 25 октябрда қизалоқни мангуга йўқотишган.

«ДОК 1 МАКС»дан ўлган болалар фақат Олмазордами? Вазирлик баёнотида икки ҳамширанинг номи нега тушиб қолди?

Қишлоқда гап тез айланади. Икки боланинг ўлимида ҳинд сиропи сабаб бўлган деган гап бир томон бўлдию, бир неча ҳафтадан кейин бунда ҚВП врачлари ва ҳамширалари айбдор эмиш, айби бўлмаса ишдан бўшатармиди, деган гап яна бир томон бўлди.

29 декабрь. Ҳеч кимни огоҳлантирмасдан тўғри Олмазор оилавий шифокорлик пунктига кириб бораман. Бизни кутиб олган аёл — Ойжамол бош ҳамшира экан. 3 нафар ходим ишдан бўшатилгани ҳақида сўрайман.

«Вой, 5 нафар, опа» дейди у. Маълум бўлишича, буйруқда кўрсатилган Олмазор ОШП мудири Худойберди Музаффаров, ушбу ОШП оилавий шифокори Улашбой Маҳмудов, ОШП доя ҳамшираси Муқаддас Сиддиқовалар қаторида патронаж ҳамшираси Сайфара Рустамова, ҳамшира Латофат Қурбонова ҳам Тойлоқ тиббиёт бирлашмасининг 26-сонли буйруғи билан ишдан бўшатилган. Шундан буён 10 200 дан ортиқ аҳоли бўлган ҳудудда 3 та врачдан биттаси ишлаяпти экан.

Ҳамширадан ОШП мудирини чақириб беришни илтимос қилдим. Худойберди Музаффаров қишлоқ врачлик пунктида 16 йилдан буён ишлаётган экан.

«ҚВП — каптархона, институтни битирганидан кейин бир-икки йил ишлайди кетади, лекин мен иқтисодий шароитим бўлмагани сабаб магистратурага киролмадим. Тойлоқ туманида ковид пандемияси оғир келди. Кеча-кундуз «тез ёрдам»да текинга ишлаган жойимиз бўлди. Бир сўм пулсиз туриб бердик», деди у.

Худойберди Музаффаров.

Суҳбатимиз энди беморлар мавзусига ўтади. Дунё Ўлмасова 20 октябрда келтирилган экан. Унда қусиш кузатилган.

«Бир товоқ гумма қилгандим, бола шундан еганми, деди онаси. Қусишга қарши муолажалар қилдик. Заҳарланиш шубҳаси билан биринчи ёрдамни кўрсатдик. Кундузги станционарда укол қилдик, бирор соат ётди. Эртаси куни келди, болани аҳволи тетик бўлди деди. Вазирликдан келган вакил тезлик билан юборишинг керак эди дейди. Енгил даражада эди аҳволи. Онаси иккинчи куни келиб кечаги даволашни қилайлик, аҳволи анча яхшиланди деди. Текшириб кўрдим, боланинг аҳволи ўрта оғир эди. Биз оғир касалларни жўнатамиз. Чунки, бу ердан туман марказигача 25 км. Иккинчи куни укол қилаётганда бола яна қусди. Онасидан сўрадим, мендан ниманидир яширмаяпсанми дедим. Бола шинада эди. Онаси шинани қандайдир соатда олганида бола йиқилганини айтди. Унда аввало жигари, буйрагини текшириш керак эди. Бизга энг замонавий аппаратлар берилган. Лекин ҳафталаб электр берилмайди. Мана шу текшир- текширлардан кейин свет бериладиган бўлди», дейди шифокор.

Шундан кейин таҳлил учун қон ва сийдигини олиб марказга юборишган. Мудирнинг айтишича, вазирлик вакили нега таҳлил қилмагансиз деган даъво билан пункт ходимларини айблаган. Электр йўқлиги таҳлил қилишга имкон бермаганлигини айтади.

Улашбой Маҳмудовни эса йўлланма бермаганлиги хатоси деб айтишган экан. Маҳмудов қараши керак бўлган ҳудуддан нобуд бўлган боланинг онаси ҳақида юқорида иқтибос келтирдик, у ўзлари йўлланма олмагани, бу — хаёлларига келмаганини айтди.

Худойбердига кўра, 18 нафар бола билан боғлиқ ҳолатни ўрганган комиссия сўнгги иш кунида сиропнинг таркибида заҳарли модда аниқлангани, болалар ўлимида шифокорнинг айби йўқлигини айтиб уларга таскин берган. Шу куни 26 декабрь оқшомида беш нафар тиббиёт ходимини туман марказий тиббиёт бирлашмасига чақиришган.

«Борсак, кутилмаганда ариза ёздириб олишди. Ёзмасак, модда билан кетказишларига таҳдид қилишди... Ёздик. Лекин кеча ҳаммамиз бориб, бизга қўйилаётган айблар ишдан олинишимизга асос бўлолмаслиги сабаби билан ариза ёзиб қолдирдик», дейди у.

Шу ерда бир савол пайдо бўлади? «Док-1 Макс»дан фақат Олмазордан болалар ўлганмиди? Тойлоқнинг «Эски Жума» ҳудудидан ҳам бир қизалоқ айни сабаб билан оламдан ўтди. Жомбойдан, Иштихондан, Самарқанд шаҳрининг Қорасув масканидан ва яна қанча ҳудуддан...

Нега Олмазор оилавий шифокорлик пункти вазирлик рўйхатидан ўрин олди? Хўп, вазирлик рўйхатида нега 3 ходим кўрсатилди, амалда 5 нафари ишдан бўшатилди? Бу ҳолат аввалдан исм-шарифсиз айтилган 7 нафар тиббиёт ходими деган жойни тўлдириш учун юзага келмадимикан? 4 нафар вилоят миқёсидаги мансабдор шифкор сафини тўлдириш керак бўлдими? Ҳинд сиропи қурбонига айланган 18 нафар бегуноҳ гўдак яшаган туманлар сони, бўлмаганда 10 тадан ошиқдир. Бошқа жойлардаги ўрганишлар таҳлили нега очиқланмаяпти? Тойлоқдаги ходимлар хатолари комиссия вакиллари томонидан қандай ўрганилган, хулосалари қандай? Нега маълумотлар оммавий ахборот воситаларига тақдим қилинмаяпти?

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили айтишича, Тошкентдан келган ишчи гуруҳ ходимлар нималарда айбланган ва қайси банд билан ишдан олингани ҳақида бошқармага ҳеч қандай маълумот бермаган, ҳужжатлар нусхасини ҳам қолдиришмаган.

«Афтидан жойлардаги ходимларни жазолашда сироп билан боғлиқ тўғридан-тўғри ҳолат эмас, балки шу аснода ўрганилган камчилик ва хатоларни назарда тутишган», деди исмини ошкор этишни истамаган суҳбатдошимиз.

Бугун қишлоқнинг бир гуруҳ оқсоқоллари врачлик пунктида касал кўрадиган врач йўқлигидан навбат кўпайиб кетаётгани, шифокор кўрсатмаси бўлмаганидан ҳамширалар ўзларича ҳеч бир иш қилолмаётгани ҳақида тиббиёт марказига мурожаат қилишган.

«ОРДЕН ЎРНИДА ЖАЗОМИ?»

Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотига кўра, «Болалар ўлими таҳлилини ўз вақтида юритмагани ва керакли чораларни кўрмагани учун» лавозимидан бўшатилган 7 нафар масъул ходимлар орасида Маматқул Азизовнинг номи бўлиши кутилмаган ҳолат эди...

Тойлоқ сафаридан бир кун аввал — 28 декабрда Самарқанд вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасида бўлдик. Бу кун эрталаб Азизовнинг лавозимидан озод этилиши ҳали овоза бўлмаган, ўзим ҳам эшитмаган эдим, интервью вақтини келишиш учун киргандим.

Қабулхонадаги аёл қандайдир чеҳраси тундлиги ёқмади. У бош врач йўқлигини айтди. Қачон келишини сўрайман.

«Ана, ўринбосарга учрашинг», — деди.

Ўринбосарнинг хонасида формали кишилар суҳбат олиб борарди. Улар чиққач, «хизмат иши билан» деб фуқаролик кийимидаги бошқаси кириб кетди. Бу орада қўлимда телефонни титиб билдимки...

Бош шифокор ўринбосари байрамдан кейин келишимни айтди. Қайтаётганимда пастда йўлакда бир йигитга дуч келдим. Мухбир эканлигимини билиб тўхтади. Кейин ичи тўлиб турган экан, айтадиганини айтди: «Биз устозга, жамоага орден берилишини кутгандик, унинг ўрнига лавозимдан кетказишди. Биласизми, Маматқул Азизов истаган хорижий давлатда мавқеи яна кўтарилиб ишлайвериши мумкин. Лекин бунда ютқазадиган тиббиётимиз, халқ бўлади. Улар жон куйдирдилар, изландилар. Жамоа биргаликда иш олиб борди. Аслида Азизов туфайли ўнлаб, юзлаб ўлимларнинг олди олинди. Раҳматига шуми? Заҳарланган сироп орқали ўлимлар фақат Самарқанд шифохонасида юз берганига ким ишонади? Бошқа ҳудудлар жим тургани учун жазоланмади. Шум бола нима дейди, биласизми? «Энди билдим, ейиш керак», — дейди.

Расмийлар жазоланган ходимлар лавозимдан кетишса-да, ишсиз қолмаслиги, вилоятда катта сондаги шифокорлар етишмаслигини таъкидлашади.

P.S Xabar.uz «Док-1 Макс» қурбонига айланган яна 17 нафар боланинг суратини изламоқда. Уларнинг яқинлари, маҳалладош ва қўни қўшнилари бу борада таҳририятга кўмак беради, деган умиддамиз. Алоқа учун телеграм-рақам: 93 743 59 67

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг