Аслида йўқ сохта пулни сотиш эвазига даромад топмоқчи бўлган ёшлар қўлга олинди

Бухорода аслида йўқ сохта пулни сотиш эвазига даромад топмоқчи бўлган ёшлар қўлга олинди.
- Алло, мен сизга 2-3 миллион сохта пул етказаман. Ҳақиқий пулдан фарқ қилмайди. Фақат бунинг учун пластик картамга 600 минг сўм ўтказма қиласиз.
- Бўлди, ҳозир-да!- “мижоз” зум ўтмай, ўзига рақамлари ёзиб ташланган пластик картага 600 минг сўм миқдорида пул ўтказма қилади.
Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати ходими Умид Баракаевнинг “Хабар.уз”га маълум қилишича, бухоролик 21 ва 23 ёшли фуқаролар Р.И. ва Ч.Ж.лар ўзаро тил бириктирган ҳолда фирибгарлик орқали пул топишнинг янгича йўлига ўтишган. Улар фуқароларни алдаб, гўёки сохта пул етказиб беришни ваъда қилиб, чўнтакларини мўмайгина даромадга тўлдирмоқчи бўлишган.
Маълум бўлишича, Шофиркон туманидаги Дўрмон маҳалласида истиқомат қилувчи “уддабурон” бу икки ёш осон йўл билан пул топиш мақсадида “Сохта пул” номли телеграм гуруҳ очишган. Унда 600 минг миқдоридаги пулларни тегишли пластик картага ўтказиш орқали сохта, аммо катта пулга эга бўлиш мумкинлигини билдиришган.
Текин даромадга ўч ёшлар уларга ишонишган. Шундайлардан бири 17 ёшли Ф.А. админлар томонидан шахсий профилига ташланган пластик картага 600 минг сўм миқдорида пул ўтказган. Бироқ, 600 минг сўм эвазига кўп миқдордаги сохта пулларни қўлга киритмоқчи бўлган Ф.А. тенгдошларига “чувв” тушганини англаб етган.
Орадан бир неча соат вақт ўтиб, “сохта пул ижодкорлари” ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга олинишган.
Тергов ҳаракатлари давомида икки ёш фуқаро ҳеч қандай сохта пуллар йўқлиги, бу ишни пул топиш мақсадида режалаштиришганини билдиришган. Ҳақиқатан ҳам айбдорларда ҳеч қандай сохта пуллар йўқлиги ҳам ошкор бўлган.
“Йиллар ўтган сайин жиноятлар тури ортиб бормоқда. Айниқса, ҳаётда ўз ўрнини топиш арафасида турган ёшлар эгри йўлларни ўйлаб топишаётгани хавотирли”,-дейди Умид Баракаев.
Мазкур жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан, Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 168- (Фирибгарлик) моддаси, 2-қисми билан айблов эълон қилинган. Шунингдек, ҳозирги кунда мазкур жиноий иш бўйича гумон қилинувчи шахснинг худди шу турдаги фош этилмасдан қолаётган жиноятларига алоқадорлигини аниқлаш юзасидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter