«Ай-Ти»чилар сафи кенгаяди (фото)
Мамлакатимизда бешта муҳим ташаббуснинг учинчиси — аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. Яқинда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ушбу ташаббус доирасида Рақамли технологиялар ўқув маркази фаолият бошлади.
РТЎМнинг очилиш маросимида Тошкент шаҳар ҳокимининг ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ўринбосари, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси, IT-парк раҳбарияти ҳамда устоз-мураббийлар, ўқувчи-ёшлар иштирок этишди.
IТ-марказда аҳоли ва ёшлар ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, компьютер дастурлаш асослари, веб-дастурлаш, бэкэнд-дастурлаш, мобил иловалар яратиш, инглиз тили ва робототехника каби курсларни ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўрганишлари мумкин. Барча курслар юқори тоифали ўқитувчи-дастурчилар томонидан олиб борилади. Марказ замонавий компьютер ва қўшимча техникалар билан жиҳозланган.
Ёшларни ўқитиш учун учта хона ажратилган марказда бир вақтнинг ўзида 32 нафар тингловчига компьютер дастурлаш асосларидан самарали фойдаланиш имконияти яратилди. Биринчи босқичдаги барча ёшларга таълим бепул ўқитилади. Шунингдек, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар «Ай-Ти» йўналишида ўқитилиб, сертификат берилади ва иш билан бандлиги таъминланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter