Башар Асадни қамашга берилган ордер бекор қилинди

Франция кассация суди 2025 йил 25 июлда Башар Асадни ҳибсга олиш ордерини бекор қилди. Бу ҳақда Franceinfo хабар берди.
Суриянинг собиқ президенти (2000-2024) 2013 йил августида Шарқий Гута, Адра ва Доумадаги кимёвий ҳужумлар билан боғлиқ инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятларга шерикликда айбланган.
Башар Асадни ҳибсга олиш ордери 2023 йилнинг ноябрида чиқарилган. Бироқ прокуратура бу ҳақда шикоят қилишга уринди, чунки халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, амалдаги давлат раҳбарлари, бош вазирлар ва ташқи ишлар вазирлари бошқа мамлакатлар судларида жиноий жавобгарликка тортилишдан мутлақ шахсий иммунитетга эга.
2024 йил июн ойида Париж апелляция суди ордерни ўз кучида қолдирди. Аммо ҳозир Франциянинг олий суди прокурорнинг далилларини қўллаб-қувватлади. Шу боис, ўша пайтда ҳамон давлат раҳбари бўлган Асадга нисбатан ҳибсга олиш ордери ҳақиқий эмас деб топилади.
Бироқ кассация суди раиси оммавий баёнотида Башар Асад 2024 йил декабрида ҳокимиятдан ағдарилгани ва энди ўз лавозимини эгалламагани сабабли унинг дахлсизлиги йўқолганини таъкидлади. Бу шуни англатадики, эндиликда худди шу ёки бошқа айбловлар, хусусан, ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар бўйича ҳибсга олиш учун янги ордерлар чиқариш мумкин.
Францияда Асадга нисбатан суд тергови давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter