«Бир» деганда билинди: шунақа клуб керак экан!

Президент фармони (2020 йил, 7 декабрь. ПФ-6127-сон) ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашида Судьялар клуби ташкил этилгани хабари берилганди. Клуб ташкил этилиши ҳамоно унинг асосий ишлаш платформаси ҳисобланган онлайн форум ҳам ишга туширилди. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати маълум қилди.
Форумнинг ишга тушурилиши, клуб низомида белгиланганидек, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари ва (судьялар) одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларга тушунтиришлар, судьянинг мустақиллиги ва даҳлсизлиги билан боғлиқ масалалар юзасидан ўзаро мулоқот қилиш имкониятини берди. Бундай имконият судьяларнинг «ичида гап йиғилиб» қолгани, муҳокамага лойиқ мавзулар оз эмаслигини кўрсатди. Яъниким, ўтган қисқа вақт (25 кун!) онлайн-форумда нақд 375 та мавзу муҳокама қилиниб, 1644 та муносабат қолдирилди.
Муҳокама қилинган мавзуларнинг энг кўпи фуқаролик ишлари бўйича суд амалиётига доир: 398 та! Шунингдек, иқтисодий ишлар бўйича суд амалиёти юзасидан 240 та, маъмурий ишлар бўйича суд амалиёти юзасидан 235 та, жиноят ишлари бўйича суд амалиёти юзасидан 233 та, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти юзасидан 120 та муносабат билдирилган.
Эътиборлиси, онлайн-форумда қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан 120 та таклиф ва мулоҳазалар билдирилганини кўриш мумкин. Бу эса судьялар иш жараёнида анча-мунча ҳуқуқий жумбоқларга дуч келаётганини англатади. Хусусан, муҳокамаларда жазо тайинлашда колония турини белгилаш, Жиноят кодексининг 59 (бир нечта жиноятлар учун жазо тайинлаш) ва 60-моддаларини (бир нечта ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) қўллаш, фуқаролик иши бўйича мажбурият юклаш, суд буйруғини беришда пеня ундирилиши, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 186-моддасини (мансабдорларнинг қарори ва хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат этиш муддатлари) қўллаш, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш каби масалаларда яна-да аниқ ҳуқуқий ечимга эҳтиёж сезилаётгани кўзга ташланади .
Судьяларнинг бундай фаоллигини олқишлаш лозим. Негаки, буларнинг ҳаммаси суд қарорлари сифатида ошишига хизмат қилади. Бу эса ўз-ўзидан судларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, муайян қонунларни такомиллаштиришга туртки вазифасини ҳам бажаради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter