Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Биров билди, биров билмади...

Биров билди, биров билмади...

https://ru.pngtree.com/

У бир оз кечикиб туғилган бола эди. Шу боис чақалоқнинг инга-ингаси эр-хотин ўртасида совий бошлаган муносабатларни яна асл ҳолига келтирди...

Чақалоққа Орзимурод деб исм қўйишди. Топган-тутганларини дастурхонга тўкиб, қариндош-уруғ, дўст-қадрдонга ақиқа оши тортмоқчи бўлишганди, кимдир: «Ҳай-ҳай, асло ундай қилманг, бола кўзикиб кетади», деди. Ақиқа маросими жуда камтарин ўтди, биров билди, биров билмади.

Орзимуроднинг суннат тўйи ҳам чоққина ўтди. Отасининг елкасига омад қуши қўниб, баландроқ лавозимга ўтирган пайт эди-да, бир-иккита ҳамкасби: «Тўйни катта қиворманг, нозик жойда ишлаяпсиз», деб шипшиб қўйишди.

Орзимурод уйланганида, ўзи фарзанд кўрганида ҳам шундай бўлди. Фарзандлари улғайгач, орттирган уч-тўрт сўмига ҳовли қурмоқчи бўлганди, «Ҳай биродар, сал ўйлаб иш қилинг. Отангиз фалон жойда, ўзингиз писмадон жойдасиз, «дом»ингиз бўлса бор, ҳовлини нима қиласиз, гап-сўз бўлиши мумкин», деб бу ниятидан қайтаришди.

Гап-сўз бўлишидан қўрқиб, ҳовли қурмади, машина сотиб олмади, умрида бирор марта бўлсин бола-чақаси билан курортга бориб дам олмади. Эллик, олтмишга кирганини биров билди, биров билмади.

Набираси уйланаётганида ёшлар «Тўйни фалон ресторанда қиламиз, фалон-писмадон санъаткорларни таклиф қиламиз, қанча дейишса, берамиз», деб оёқ тираб қолишди. Маслаҳатчиларнинг фикри эса бутунлай бошқача бўлди: «Дабдабанинг нима кераги бор, эл оғизга тушган тўйнинг хосияти бўлмайди».

Тўй маҳалла чойхонасида, маҳалла ҳаваскорлари иштирокида ўтди. Бировга маъқул келди, бошқа биров бурнини жийирди: «Ўл, хасис, пулинг бўлса бор, тўй деганни варанглатиб қилмайсанми...»

Орзимурод ота пенсияга чиқаётганида ҳамкасблари маромига етказиб мақташди. Камтар, камсуқумлиги, ўзини ўт-чўққа урмаслиги, бетга чопмаслиги, ким нима деса «хўп» дейишини такрор-такрор айтиб, қўлига бир даста гул тутқазишди.

Отахон гулни кўтариб уйига келди. Бекорчилик, кун санашга ўтди. Умрида биринчи марта касал бўлди. Узоқ вақт ётиб қолди. Биров билди, биров билмади.

Ўтган йили баҳорда Орзимурод отанинг қазоси етди. Маҳалладошларидан бири: «Таъзия маросимида бир-икки киши гапирсин», дегандай гап қилганди, масжид имоми унга ёвқараш қилди. Марҳум «Менга ҳеч нарса керакмас», дегандай қўлларини кўксига қўйиб, шаҳар чеккасидаги қабристоннинг бир четидан қазилган қабрга беозоргина кириб кетди.

Хотира маросимлари чоққина ўтди. Биров билди, биров билмади...

(«Сиз ёзмаган китоб»дан)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг