Битта кубок учун 32 жамоа: футбол ватани – Англия!

Футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақидаги туркум мақолаларни сайтимизда эълон қилишда давом этамиз. Навбат футбол ватани Англияга!
Лақаби: «Three Lions» («Уч арслон»).
Конфедерация: УЕФА.
Бош мураббий: Гарет Саутгейт.
Сардор: Ҳарри Кейн.
Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Питер Шилтон (125).
Тўпурар: Уэйн Руни (53).
Уй стадиони: «Уэмбли».
ФИФА рейтингидаги ўрни: 13 (2018 йил 12 апрель).
Энг юқори ўрин: 3 (2012 йил август).
Энг паст ўрин: 27 (1998 йил февраль).
Илк расмий ўйин: Шотландия – Англия 0:0 (Глазго, Шотландия; 1872 йил 30 ноябрь).
Энг йирик ғалаба: Ирландия – Англия 0:13 (Белфаст, Ирландия; 1882 йил 18 февраль).
Энг йирик мағлубият: Венгрия – Англия 7:1 (Будапешт, Венгрия; 1954 йил 23 май).
Жаҳон чемпионатидаги иштироки: 14 марта (чемпион: 1 марта).
Европа чемпионатидаги иштироки: 9 марта (3-ўрин, 1968 йил).
Танишув
Англия футбол ватани, мамлакат терма жамоаси Шотландия билан биргаликда энг қадимий миллий жамоалар ҳисобланади. 1872 йилда ташкил этилган терма жамоа қарийб юз йилдан кейин – 1966 йили Альф Рамсей бошчилигида ҳозирча ягона бўлган жаҳон чемпионати бош совринини қўлга киритган. «Уэмбли» стадионида ўтган финал баҳсида немислар қўшимча вақтда 4:2 ҳисобида мағлуб этилган. Англия терма жамоаси ўз қитъасида муваффақият қозона олмаган ягона жаҳон чемпиони ҳисобланади.
Англия терма жамоаси уй учрашувларини асосан 2007 йилда қайта таъмирланган, 90 000 ишқибозни ўз бағрига сиғдира оладиган «Уэмбли» стадионида ўтказади. Дунёнинг энг қиммат ўйингоҳи саналган ушбу стадион сиғими жиҳатидан Европада иккинчи ўринда туради.
Дастлабки баҳслар
Англия терма жамоаси дастлабки ўйинини Шотландия термасига қарши 1870 йилнинг 5 мартида ўтказган. Аммо ўша пайтда ҳар икки терма жамоа ҳам Англия футбол ассоциациясига бўйсунганлиги сабабли бу ўйин халқаро учрашув мақомида эмас эди. 1872 йил 30 ноябрда шотландияликлар ташаббуси билан ўтказилган Глазгодаги ўйин илк расмий халқаро ўйин сифатида тарихга кирди.
Кейинги қирқ йил давомида Англия терма жамоаси асосан учта «маҳаллий» терма жамоалар – Шотландия, Уэльс ва Ирландия билан ўйинларда иштирок этди. Бу ўйинларнинг кўпчилиги 1883 йилдан 1984 йилгача давом этган Британия чемпионати доирасида ўтказилган.
ФИФА билан ва ФИФАсиз…
1906 йилда Англия футбол ассоциацияси ФИФАга аъзо бўлди ва икки йил ўтиб Британия оролларидан ташқаридаги илк расмий ўйинини ўтказди. ФИФА билан юзага келган доимий можаролар 1928 йилда нафақат Англиянинг, балки барча Британия жамоаларининг ташкилотдан чиқиб кетиши билан якунланди. Натижада 1930-йиллардаги жаҳон чемпионатлари футбол ватани вакилларисиз ўтди. 1946 йилда дунёнинг бош футбол ташкилотига қайтган Англия 1950 йилги жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этди. 1954 йилдаги чемпионатда Айвор Бродис Бельгия терма жамоаси дарвозасига иккита тўп йўллаб, Англия терма жамоасининг жаҳон чемпионатларидаги илк «дубл»ига муаллифлик қилди.
Ягона муваффақият
1963 йилда терма жамоа устозига айланган Альф Рамсей ўзидан олдинги мураббийлардан фарқли равишда терма жамоа таркибини ўзи тузадиган бўлди. Натижада Англия терма жамоаси ўз уйида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг финал баҳсида ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритди.
Кейинги чемпионатлар
1970 йилдаги жаҳон чемпионатида чорак финалда Германияга имкониятни бой бериб, мусобақа билан хайрлашган Англия терма жамоаси кейинги икки чемпионатда саралаш баҳсларидан ҳам ўта олмади. Терма жамоа бошқарувига Бобби Робсон келгач Англия терма жамоаси 1986 йилги чемпионатда чорак финалгача етиб борган бўлса, тўрт йилдан сўнг фахрли 4-ўринни эгаллади. 1990-йиллар Англия терма жамоаси учун анча омадсиз келди. Бир неча бор бош мураббийларнинг алмаштирилиши ҳам фойда бермади.
Инглиз эмас!
2001 йилдан 2006 йилгача футбол ватани терма жамоасини илк бор бошқа миллат вакили, швециялик Свен-Ёран Эрикссон қўлга олди. Аммо у ҳам берилган 3 та имкониятни кўкка совуриб, иккита жаҳон ва 1 та Европа чемпионатида фақатгина чорак финалгача етиб борди.
2014 йили Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати сарлаш баҳсларида бирорта ҳам мағлубиятга учрамай, гуруҳда биринчи бўлган Англия терма жамоаси тўғридан-тўғри финал босқичига йўлланма олди. Аммо бу сафар ҳам гуруҳ ўйинларида Италия ва Уругвайга ютқазгани тузукроқ натижа кўрсатишга тўсқинлик қилди.
Асосий юлдуз
Болалигидаёқ Тедди Шерингемни қойил қолдирган ва 8 ёшида «Арсенал»дан қувилган Ҳарри Кейн экспертларнинг фикрича бугунги кунда нафақат Англиянинг, балки Европанинг энг кучли ҳужумчиларидан бири саналади. Баланд бўйли, жисмонан бақувват футболчини классик ҳужумчилар қаторига қўшиш қийин. Шундай бўлса-да, у ўтган йил ҳисобидан Мессидек «даҳо»ни ортда қолдириб, «кучли тўртлик»нинг энг яхши тўпурари бўлишга эришди.
Ҳаррининг шахсий ҳаёти ҳам замонавий футбол юлдузлариникидан фарқ қилади: синфдошига уйланган, уй ҳайвонларини ёқтиради, тунги клубларга бормайди. Мавсум сўнгига келиб кутилмаган жароҳат олган қаҳрамонимизга жорий йилда учинчи бор кетма-кет премьер-лига тўпурари бўлиш насиб қилмайдиган кўринади. Аммо Россиядаги чемпионатда Кейн «уч арслон»ларнинг асосий қуролига айланиши аниқ. Саутгейт ундан қандай фойдаланиш кераклигини яхши билади. Улар бир неча йил олдин ёшлар жамоасида ҳам бирга ишлашган.
Саралаш баҳслари
Инглизларнинг саралаш баҳсларидаги рақибларини кучлилар қаторига қўшиш қийин, аммо жуда кучсиз деб ҳам бўлмайди. Асосий ўйинларга чиқиш учун уларга Словакия, Словения ва қўшни шотландияликлар жиддий қаршилик кўрсатишди. Сэм Эллардайс бошчилигидаги ягона баҳс сифат жиҳатдан мақтагулик бўлмаса-да, натижага эришилди. Словакларга қарши ўйиннинг қўшиб берилган дақиқаларида Адам Лаллана киритган гол инглизларга кичик ҳисобдаги ғалабани тақдим этди.
Бош мураббий билан боғлиқ можародан сўнг терма жамоа бошқарувига ўша пайтда ёшлар термасида фаолият юритаётган Гарет Саутгейт келди. Ҳар икки даврада бир мартадан дуранг қайд этган инглизлар қолган ўйинларда ғалаба қозонишди ва гуруҳда биринчи ўрин билан жаҳон чемпионати финал босқичига йўлланма олишди.
Сўнгги бешта ўйин
№ |
Сана |
Рақиб |
Ҳисоб |
Гол муаллифлари |
Шаҳар |
1 |
2017 йил 8 октябрь |
Литва |
1:0 |
Кейн |
Вилнюс |
2 |
2017 йил 10 ноябрь |
Германия |
0:0 |
– |
Лондон |
3 |
2017 йил 14 ноябрь |
Бразилия |
0:0 |
– |
Лондон |
4 |
2018 йил 23 март |
Ҳолландия |
1:0 |
Лингард |
Амстердам |
5 |
2018 йил 27 март |
Италия |
1:1 |
Варди |
Лондон |
Рақиблар
Гарет Саутгейт шогирдлари база сифатида иқлими ўз ватанларидан катта фарқ қилмайдиган Санкт-Петербургни танлашган. Бироқ инглизлар бирорта ўйинни бу шаҳарда ўтказишмайди. Эҳтимолий асосий рақиб билан сўнгги турда беллашиш британияликларга устунлик тақдим этиши мумкин.
Волгоград шаҳрида 18 июнь куни ўтказиладиган илк гуруҳ баҳсида «Карфаген бургутлари» – Тунисга қарши майдонга тушадиган инглизлар мазкур терма жамоа билан шу кунгача икки бор тўқнаш келишган. Ўртоқлик ўйинида дуранг қайд этилган бўлса, Франциядаги чемпионатда инглизларнинг қўли баланд келган. Жаҳон биринчилиги дебютанти Панама билан бирор марта баҳслашмаган жамоа асосий рақиб Бельгия билан бўлиб ўтган учта ўйиндан биттасида ғалаба қозониб, қолган ўйинларда мағлуб бўлмаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter