Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Биз етакчилик қилишимиз керак» — Жиззах «айти»да янги босқичга чиқмоқчи

«Биз етакчилик қилишимиз керак» — Жиззах «айти»да янги босқичга чиқмоқчи

Фото: «Xabar.uz»

Мамлакатимиз жаҳон бозорида ўз «айти» мутахассислари билан танилишни истайди. Бугун бу соҳа яхши даромадлилиги ва кенг кўлами билан ажралиб туради. Юқоридаги мақсадларни амалга ошириш мақсадида бир қатор тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Бундай ишлардан бири бу Халқ таълим вазирлиги ташаббуси, «SmartGov» ҳамкорлигида ташкил этилган мактабларнинг информатика ва ахборот технологиялари фани ўқутувчиларини «C++» дастурлаш тилига ўқитилишида ҳам кўришимиз мумкин.

Жиззах «Xabar.uz» жамоасининг навбатдаги манзили бўлди. Мухбирларимиз вилоятдаги ўқув семинар жараёнлари билан яқиндан танишди.

Жиззах вилоят ҳокими Эргаш Салиев ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан 2021 йил якунлари ва 2022 йилда амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар тўғрисида мурожаатида «Жиззахда мактаблар IT-соҳасига ихтисослаштирилади» деган эди. Вилоятда олиб борилаётган ишлар бунинг тасдиғидир.

Жиззахда 533 та мактабнинг 195 нафар информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчилари мураккаб дастурлаш тили бўлган «C++» бўйича 144 соатлик дарсларда қатнашмоқдалар. Дарслар куннинг икки қисмида 5 соатдан ташкил этилган бўлиб, малакали тренерлар томонидан олиб борилмоқда.

«37 йилдан бери информатикадан дарс ўтаман. Ҳали ёшларга кўп нарсани ўргата оламан. «Айти» соҳасида хизмат қилмоқчиман», — дейди олий тоифали ўқитувчи, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи» унвони соҳиби Абдували Ҳамитов.

«Xabar.uz» Зарбдор тумани 9-мактабига ташрифи давомида «Ал-Хоразмий номидаги фан олимпиадаси» жараёнини ҳам кузатди. Анъанавий тарзда аниқ фанлардан ўтказиладиган бу фан олимпиадаси кўплаб истеъдодли ўқувчиларни кашф этади.

«Зарбдор туманимизда 38 та мактаб бор. Бугун мен математика фанидан бу олимпиадага келдим. Математика «айти» соҳасида жуда керак бўлади. Шу сабабли ҳам шу фанни яхшилаб ўрганмоқдаман. Мақсадим АКТ соҳасида ишлаш», — дейди тумандаги 27-мактаб ўқувчиси Дониёр Холбоев.

Ўқув курсларида олий таълим муассасасини шу йил битирган ёш ўқитувчилар ҳам бор. Масалан, Жиззах шаҳар 21 мактаб ўқувчиси Ойгул Орзубоева улардан бири. «Мен шу йил Жиззах давлат педогогика институтини битирганман. «C++» дастурлаш тили ҳақида тушунчам бўлса ҳам, чуқур билмас эдим. Бугунги дарслардан кўп нарса ўргандим. Бу менинг эклажакдаги фаолиятимга ижобий таъсир қилади деб ўйлайман», — дейди у.

Кўплаб шогирдларни етиштириб чиқарган, «Шуҳрат» медали соҳиби Ҳусан Кулдошев бугун «C++»ни ўрганмоқда. «Замон ўзгармоқда. Президентимиз томонидан Дўстлик тумани инновацион туман деб эълон қилинган. Биз туманда етакчилик қилишимиз керак. Мен ҳали кўп ўқувчилар тайёрламоқчиман», — дейди Ҳусан ака.

«Xabar.uz» Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги «C++» ўқув курсларини кузатган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг