Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Божхона постида моҳирлик билан яширилган «гашиш» фош этилди

Божхона постида моҳирлик билан яширилган «гашиш» фош этилди

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Сурхондарёда картошка ичига яширилган 154 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари фош қилинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси «Айритом» чегара божхона пости ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситасининг навбатдаги яширин айланмасини аниқлашган.

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси «Айритом» чегара божхона постига қўшни мамлакатдан кириб келган юк автотранспорт воситаси республикамизда транзит тарзида ҳаракатланиб, Андижон вилоятидаги «Дўстлик» чегара божхона пости орқали қўшни давлатга чиқиб кетиши лозим эди.

Ҳужжатларга кўра, унга 533 та қопда 22 тоннадан зиёд картошка юкланган. Ўрнатилган тартибда ушбу транспорт воситаси постдаги инспекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилганида, юкларнинг рентген тасвири божхона ходимларини шубҳалантириб қўйди.

Фото: Божхона қўмитаси ахборот хизмати

Натижада, автомашинадаги картошка солинган 533 та қопнинг 38 тасига 1305 дона моҳирлик билан тайёрланган картошка шаклидаги ўрамлар – гиёҳвандлик воситалари жойлангани фош бўлди. Мазкур ўрамлардаги «гашиш» гиёҳвандлик воситасининг умумий оғирлиги 154 килограмм 90 граммни ташкил қилди.

Қонунбузарлар ўз қинғирлигини яшириш мақсадида ҳар бир ўрамга полиетилен, нусха кўчиришда фойдаланиладиган қора қоғоз ва герметик скотч ёрдамида ишлов беришган. Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг