«Болам нафас ололмай ётибди, улар эса менга пул таклиф қилишяпти…» – Наманган ИИБ ҳолатга изоҳ берди
Наманган вилояти Поп тумани Чоркесар қишлоғида жорий йилнинг 11 июн куни икки гуруҳ ёшлар ўртасида келиб чиққан жанжал сабаб Маъсудбек Турсунқулов исмли йигит оғир тан жароҳати олган.
Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда боланинг онаси чиқиш қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар айбдорларга нисбатан чора кўрмаётганидан шикоят қилган эди.
Онанинг айтишича, ўғлини чалажон ҳолда «томдан тушиб кетган» деган гап билан шифохонага олиб боришган. Болага «Мия чаноғининг синиши, икки томонлама қон қуйилиш» ташхиси қўйилган ва зудлик билан операция қилинган.
Она, ўз навбатида ўғлини калтаклаган 5 кишидан фақат бир киши ушлангани, қолганларининг эса оилалари ишни бости-бости қилишга уринаётганини айтади. Жумладан, асосий айбдор эканини айтаётган йигитнинг ота-онаси унга келиб пул таклиф қилган.
Ҳолат юзасидан воқеа содир бўлган кундан 2 кун ўтиб Наманган вилояти ИИБ расмий муносабат билдирди.
Унга кўра, мазкур ҳолат бўйича 11 июн куни Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «е,л» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Шунингдек, айбланувчининг ушбу ҳаракатларига дахлдор бўлган қолган шахслар ҳам жиноят иши бўйича Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми «б» банди билан гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган.
Таъкидланишича, олиб борилаётган тергов ҳаракатлари вилоят ИИБ томонидан алоҳида назоратга олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter