Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бўстонлиқдаги маргимуш объекти ҳақида тарқалган хабарлар рад этилди

Бўстонлиқдаги маргимуш объекти ҳақида тарқалган хабарлар рад этилди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани «Яккатут» МФЙда жойлашган маргимуш сақланаётган махсус объектнинг ҳозирги аҳволи ҳақида хабарлар тарқалди.

Унда ҳудуддаги маргимуш сақланаётган объект учун ажратилган 4,1 млрд сўм маблағ ўзлаштириб юборилгани, объектда бирор иш олиб борилмагани айтилади.

Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги объект доимий назоратга олинганлиги ҳамда тарқалган хабарлар асоссиз эканлигини айтмоқда.

«Маргимуш объектининг атроф-муҳит ҳамда аҳолига салбий таъсирига чек қўйилган. Ҳудуд атрофи бетон тўсиқли деворлар билан ўраб, консервация қилинган ҳамда ҳудуд бўйлаб сим ёғочлар ўрнатилган. Шунингдек, объектнинг устки қисмига тоза инерт тупроқ ётқизилган ва девор қисмига ёмғир ва оқова сувларини ҳамда нам массани ўтказмаслик мақсадида бурғулаш (тешиш) ишлари амалга оширилган.

Қолаверса, мазкур ҳудудларда радиоактив фон даражасини аниқлаш учун махсус асбоблардан фойдаланилиб, радиоактив фон даражаси мазкур обектда тепадан пастга, устки қисмларида ҳаво тортувчи асбест қувурлари ҳамда дюкернинг кириш ва чиқиш қисмлари ўлчаб кўрилганда хавфсиз эканлиги аниқланган. Ҳудудда ҳар чоракда режавий сув, тупроқ намуналари олиниб, назорат мониторинг тадбирлари ўтказилади», – дейилади Агентлик муносабатида. 

Агентлик, ўз навбатида, ижтимоий тармоқ вакиллари, оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчиликдан бу каби хабарларга ишонмасликни, уларни тарқатишдан олдин тўғри ёки нотўғри эканлигига аниқлик киритишларини сўрамоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг