Брекзитдан беш йил ўтиб, Евроиттифоқ ва Буюк Британия яна яқинлашмоқда

Лондонда Европа Иттифоқи ва Буюк Британия ўртасида Брекзитдан кейинги илк саммит ўтказилди, деб хабар берди BILD.
Евроиттифоққа аъзо 27 мамлакат вакиллари томонидан ҳамкорликни янада кучайтириш режалари маъқулланди. Мудофаа ва хавфсизлик, озиқ-овқат маҳсулотларини стандартлаш, балиқ овлаш ва энергетика масалалари кун тартибидан ўрин олди.
«Қўшнимиз, иттифоқчимиз ва глобал шеригимиз — Буюк Британия билан муносабатларимизда янги саҳифа очдик», — деди ЕИ амалдорларидан бири BILDга берган интервюсида.
Таъкидланишича, томонлар «хавфсизлик ва мудофаа соҳасида шериклик»ка келишиб олди, бу Британияга Евроиттифоқнинг мудофаа дастурларида қатнашиш учун йўл очади. Қолаверса, фуқаролар учун айрим чекловлар бекор қилинади. Британияликлар ЕИда, европаликлар Буюк Британияда — барча ёшлар яна эмин-эркин ўқиш, ишлаш ёки волонтёрлик билан шуғуллана олади.
Ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича эришилган расмий ҳужжатлар Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен, Европа кенгаши раиси Антониу Кошта ҳамда Буюк Британия бош вазири Кир Стармер томонидан имзоланди.
Яққол ва жиддий яқинлашув, аммо у Буюк Британиянинг Европа Иттифоқига такрор аъзо бўлишига олиб келмайди — ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий сабаблар бунга изн бермайди. Аввалроқ Кир Стармер ўз баёнотида қироллик Евроиттифоққа яна аъзо бўлмаслигига аниқ-лўнда ишора қилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter