Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“Бу – навбатдаги сигнал!” Блогер ҳукуматни ҳаракатга ундади

“Бу – навбатдаги сигнал!” Блогер ҳукуматни ҳаракатга ундади

17 май куни Ўзбекистон пойтахтида рўй берган чанг бўрони шунчаки об-ҳаво ҳодисаси эмас, балки навбатдаги сигналдир, деб ҳисоблайди “Asaxiy Books” нашриёти асосчиси, блогер Фируз Аллаев.

“Сўнгги йилларда Тошкент экологияси кескин ёмонлашди. Дарахтлар кесилиши, қурилишлар экологик назоратсиз олиб борилганлиги, автомобиллар сони кўпаяётгани, ҳавога чиқарилаётган заҳарли газлар меъёрдан анча ошиб кетгани ҳақида анча гапирилди. Ҳатто расмийлар ҳам буни тан олиб, хавотирларини айтишди.  Бугунги кунда Тошкент дунё шаҳарлари орасида ҳавоси энг ифлосланганлар бири, бу – биз яшаётган реаллик! Экологик фалокатни тўхтатиш учун ҳукумат ҳам, аҳоли ҳам бугун ҳаракат қилиши керак. Бу битта қарор ёки пиар компания билан ечиладиган муаммо эмас. Бугун керакли ишлар бошланса,  натижа камида 10 йилда келади”, – деб ёзди у Телеграмдаги саҳифасида.  

“Экологик вазиятни эътибордан четда қолдириш ўз келажагимизни йўқ қилиш билан баробар” эканини қайд этган Ф.Аллаев муаммога қарши фақат ҳамжиҳатликда, онгли ва масъулиятли тарзда курашиш мумкинлигини таъкидлаган.

“Аввало, бизга сабаблар ҳақида имкони бўлса чет эллик кучли тадқиқотчиларнинг илмий тадқиқотлари зарур. Бу масалада популистик ҳаракатлар эмас, ҳақиқий илмий хулосалар керак.  Ундан сўнг 10 йилдан кейин ҳақиқатдан натижа олиш учун дунёнинг соҳадаги энг кучли экспертлари билан лойиҳаларни ишлаш зарур бўлади. Ўзимизни алдамасдан, аниқ стратегия билан ҳаракатни қилишимиз керак. Бу ўзимизнинг ҳам, фарзандларимиз, ҳатто ундан кейинги авлоднинг ҳам соғлиғи масаласи. Кимдандир ечим кутмасдан, ҳар бир шахс алоҳида ҳозир қўлидан келганини қилиши, истеъмол маданиятини ўзгартириши, уйида ҳаво тозалагич қўйиши, оиласини вазият оғир ҳолларда маскада кўчага чиқариши, дарахт экиши, хуллас, қўлидан нима келса шуни қилиши ҳам зарур деб ўйлайман”, – дея хулоса қилади Ф.Аллаев.

Эслатиб ўтамиз, 17 май куни Тошкентда рўй берган чанг бўрони оқибатида баъзи ҳудудларда томлар учиб, дарахтлар қулаган. Шанба оқшомида Ўзбекистон пойтахти ҳаво ифлослиги бўйича жаҳон аксилрейтингида биринчи ўринга чиқди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги имкон қадар очиқ ҳавода юрмаслик, айниқса, нафас йўли хасталикларига чалинган инсонларга ташқарига чиқмасликни тавсия этди. Очиқ ҳавода юрганда тиббий ниқоб тақиб юриш уқтирилди.

Гидрометеорологик илмий таҳлилларни бериб борувчи “Uzb_Meteo” канали кучли шамол ва чанг бўрони ҳақида барвақт огоҳлантириш тизими рисоладагидек ишламаганига эътибор қаратди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг