Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухородаги боғчада нима гап: қуюшқондан чиққан директор, «тишлоғич» методист ва бошқалар

Бухородаги боғчада нима гап: қуюшқондан чиққан директор, «тишлоғич» методист ва бошқалар

Видеодан кадр.

Ижтимоий тармоқларда “Бухородаги давлат боғчасида методист ва мудира тарбиячини болалар олдида урди” сарлавҳаси остида тарқалган видеотасвир кенг жамоатчилик ўртасида муҳокамага айланди. Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Ирода Орипованинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ҳолат жорий йилнинг 22 апрел куни содир бўлган.

Тасвирда Олот туманидаги 27-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ошхонасида болалар овқатланаётган вақтида бир нечта аёлларнинг ўзаро муштлашуви акс этган. Билдирилишича, бу жанжаллашганлар: боғча мудираси, методист ва тарбиячидан иборат бўлган. Мудира ва методист томонидан тарбиячининг калтакланиши болалар кўз ўнгида содир этилган.

«Жудаям хунук, тўғрироғи, биз учун уятли ҳолат. Болалар тарбия масканида шундай кўнгилсиз ҳолатнинг келиб чиққани тарбияланувчилар учун ҳам, тарбиячилар учун ҳам, ҳатто, шу воқеага гувоҳ бўлган бўлса, ота-оналар учун ҳам хунук манзара. Туманимиздаги кўзга кўринган боғчалардан бири сифатида эътироф этиб келинган бу масканнинг масъулларию тарбиячиларининг болалар кўз олдидаги ёқимсиз хатти-ҳаракатини оқламайман. 27-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори М.Ж.га нисбатан Бухоро вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг 2025 йил 30 апрелдаги 277-К-сонли буйруғига асосан, «Ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилди. Тарбиячининг хатти-ҳаракати учун чора қўллаш эса директорнинг вазифасига киради»,-деди Олот туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Тўхтажон Қутлиев.

Биз 27-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори М.Ж. билан боғландик. М.Ж. ўша куни тарбиячи Д.Ҳ. қатори бошқа тарбиячиларга ҳам бошяланг ҳолатда ўтирган мактабгача таълим ташкилоти ошхонасига киришгани учун танбеҳ берганини, Д.Ҳ. эса қизишиб, жанжал чиқарганини билдирди.

«Ошхонада бошяланг кириш мумкин эмас. Мен бошқалар қатори бевосита Д.Ҳ.гаям шу талабни қўйдим. Ўзаро мулоқот қизиққонликка айланди. Жаҳл устида шу вазият юзага келиб қолди. Жанжалдан кейин Д.Ҳ. бир ҳафатача ишга келмай қўйди. Уни боғчамиз касаба уюшмасию бошқа масъулларини тарбиячининг уйига юбориш орқали чақиртирдик. Келмади. Жорий йилнинг 28 апрелида № 9-сонли хат билан 22 апрелдан 28 апрелгача ишга келмагани юзасидан тушунтириш бериши, акс ҳолда, тегишли моддаларга асосан, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиши тўғрисида огоҳлантирув хатини ҳам жўнатдик. Жавоб бўлмади. 7 май куни №12-сонли ҳужжат асосида 12 майда 27-ДМТТда бўлиб ўтадиган йиғилишда иштирок этиши зарурлиги юзасидан Чақирув хати юборилди. Бироқ, меҳнат интизомига зид равишда йиғилишга келмади»,-деди ДМТТ директори М.Ж.

Унинг айтишича, бир неча марта огоҳлантирув ва чақирув хатлари жўнатилишига қарамай, ёрдамчи тарбиячи ишга келмаган. Шундан сўнг Д.Ҳ. жорий йилнинг 15 май куни 60-2-31-ДММ/2025-сонли ҳужжат асосида, меҳнат интизомини мунтазам равишда бузиб келгани важи билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқарилган. Ва у ишдан бўшатилган.

«Мен ўз номимга келган турли мазмундаги хатларни рад этмайман. Энди сиз ўйлаб кўринг, 22 апрель куни мен боғчанинг масъул аёллари томонидан калтакландим. Стресс олдим. Болалар олдида камситилдим. Инсоний ҳуқуқларим поймол қилинди. Мен ҳам жисмоний, ҳам руҳий зарба олгандим. Мен токи ўзимга келгунимча, «шок» ҳолатда эдим. Энг қизиғи, шахсан ўзим шу калтакланганимдан кейин ҳам боғчага бордим. «Мудира йўқ», деб унинг хонасига киритишмади. Эшиги қулф, дея кўрсатишди. Аслида, у шу ерда бўлган. Бундан ташқари, мени 7 май куни 12 майда бўладиган йиғилишга чақиришган. Аслида, 4 май куни шахсан ўзим стресс ҳолатида бўлганим сабаби ўз ҳисобимдан вақтинчалик меҳнат таътили берилишини сўраб, ариза ёзиб боргандим. Аризамни қабул қилишмади. Боғча мудирасини яна «яширишди». 5 май кунида ўтказилган йиғилишда ҳам қатнашдим. Ўшандаям стресс ҳолатида эдим. Ушбу йиғилишда ҳам ўз ҳисобимдан меҳнат таътили беришларини сўраб, мурожаат қилгандим. Ўз сўзим исботи сифатида уни тасвирга олишга мажбур бўлгандим. Аммо, мурожаатимга эътибор ҳам қилишмай, яна 7 май куни хат жўнатишди. Буни қандай тушуниш мумкин?»-дейди Д.Ҳ. биз билан телефон орқали мулоқотда.

Д.Ҳ. 22 апрелда содир бўлган жанжалга ташкилот директори айтганидек, аёлларнинг ошхонада бошяланг ўтиргани ҳақида келтирган важи тўғрилиги, аммо, асосий жанжал бошқа масаладан келиб чиққанини билдирмоқда.

«Болам ҳам шу боғча тарбияланувчиси. Биласиз, боғчанинг тарбиячисидан тортиб, барча ишчи-ходимлари ўз ҳисобларидан овқатланишади. Ўша куни тушликда директор кириб келди. Мен бу вақтда ўз фарзандимнинг идишида қолган овқатни тановвул қилаётган эдим. М.Ж. мени кўпчилик олдида ҳақоратлаб, еганим ҳақини тўлаб қўйишимни талаб қилди. Мен болам учун пули тўланган овқатни еганимни тушунтиришга ҳаракат қилдим. Афсуски, тортишув жанжалга, ҳақоратга айланиб кетди»,-дейди Д.Ҳ.

Д.Ҳ. аслида, ўртада шахсий адоват борлиги, шу сабабдан ўзининг уч йилдан буён директор томонидан жамоа ўртасида доимий камситилиб келинаётганини иддао қилди.

«Ёлғон гапирган. Д.Ҳ. менинг олдимга жанжалдан кейин келмаган. Касаба уюшмаси масъули ҳам бир неча марта сўраб борди. Хатлар орқали чақирилди. Ўзи ишламаслигини билдирган»,-дейди ташкилот директори.

Д.Ҳ. 4 май куни ўз ҳисобидан меҳнат таътили олиш учун ёзган аризаси ҳамда 5 май куни ўтказилган йиғилишда иштирок этгани видеотасвирини таҳририятга тақдим этди. Бироқ, у ўз аризасининг боғча масъуллари томонидан қабул қилинмаганини билдирмоқда.

Тасвирга кўра, тарбиячи Д.Ҳ. ҳам ташкилот директори, ҳам методисти томонидан калтакланган, юзи тишланган, сочлари юлинган ва чўнтаклари ковланган. Бу хатти-ҳаракати учун М.Ж.га нисбатан Бухоро вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи томонидан интизомий жазо қўлланган. М.Ж. эса ўз хизмат ваколатидан келиб чиқиб, воқеадан маълум вақт ўтгач, Д.Ж.ни турли хат ва важлар орқали у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилган.

- Хўп, сиз юқори турувчи ташкилотингиз томонидан интизомий жазо -«Ҳайфсан» олдингиз, тарбиячингиз эса сиз томонингиздан ишдан бўшатилди. Воқеа иштирокчиларидан яна бири – методист-чи? Унинг хатти-ҳаракати учун ким томондан чора кўрилади?-савол йўллаймиз М.Ж.га.

- Бу ходимга методистлик юклатилган. Асосий вазифаси - жисмоний йўриқчи. Айни пайтда эса у бола парваришида. Ўша куни шахсий буюмларини олиш учун келган.

- Ва бевосита жанжал иштирокчисига айланган?

- Ҳа!

- Шундай қилиб, унинг хатти-ҳаракати сиз томонингиздан очиқ қолдирилдими?

- Тез кунда бола парваришидан ишга чиқади ва бу масала кўриб чиқилади. Ўша куни оғзаки жанжал пайтида ёрдамчи тарбиячи, яъни Д.Ҳ. мени қўл телефонига тасвирга туширмоқчи бўлди. Мен унинг телефонини итариб юбормоқчи бўлдим, қўлим тегмади. Шундан кейин менинг ёқамга осилиб кетди. Методист орқада турган эди. «Директорга нега қўл кўтарасан!»-дея пўписаланиб, уни деворга қисди. Шу билан иккаласи бир-бирини уриб кетди..,-сўзлади М.Ж.

- Раҳбар раҳбардек бўлиши керак, дейишади-ку! Қизиққонлик, барибир, устун келибди-да!-деймиз.

- Ҳа, тан оламан. Лекин, қуюшқондан чиқишга мажбур қиладиган қарғанди. «Болаларинг ўлсин, устида йиғла», деди. Ман фарзанд доғини кўрганман, чидолмадим! Буни ҳамма эшитди! Бундан илгари ҳам ўз фаолияти давомида кўп қарғанган, жуда кўп бор меҳнат интизомини бузган. «Ҳайфсан»лар берганмиз. Гуруҳидаги бола «катта иш» қилиб қўйганида, ўша болани ота-онасининг уйига олиб бориб, ювинтириб, яна қайтариб келтирган. Шу ва бошқа мазмундаги шикоятлар бир нечта ота-оналардан тушган. Шунга ҳам қарамай, биз ёрдамчи тарбиячига нисбатан кескин чораларни қўлламаганмиз,-сўзлайди М.Ж.

Маълумот ўрнида: ушбу ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилган. Айни пайтда ҳолат юзасидан суд ўз иши давом эттирмоқда. Мавзуга қайтамиз.

Лайло Ҳайитова

 

 

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг