Бухоро чўлида олтин конига ер ости йўли қурган 28 шахс ушланди (фото)

Бухорода тилла кукуни бор қумларни тўплаш ва ўғирлаш ҳамда уларни яширин цехлар орқали қайта ишлаб, олтин олишга қаратилган ноқонуний ҳаракатлар сони йилдан-йилга ошмоқда. Бу жиноятга қарши кураш кучайган, шунга қарамасдан, уюшган жиноятлар сони сезиларли равишда кўпаймоқда.
Куни кеча Бухоро чўлида содир бўлган шундай жиноят билан боғлиқ ҳолат ҳаммасидан ўтиб тушди.

«Бухоро асосан чўл зонасида жойлашган. Бу чўлларда ғайри мақсадларда пинҳона иш қилиб юрганлар кун келиб қўлга олинишлари ҳақида ўйлашмаган. Ҳад-ҳудудсиз, чек-чегарасиз чўллар, одамлар яшайдиган манзиллардан ҳар қанча олис бўлмасин, ҳар бир қаричи, зарра тупроғи ҳам бирдек назоратда, ҳимояда. Бухоро вилояти ИИБ тезкор қидирув хизмати, Жиноят қидирув бошқармаси, Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари Шофиркон туманининг Чоруқчўл массиви ҳудудида шахта тиклаган узоқ йиллик жиноятчи гуруҳларнинг хатти-ҳаракатини фош этишди», — деди «Xabar.uz»га маълумот берган вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов.
«Навоий тоғ-кон металлургия» комбинати таркибида олтин кукуни бўлган катта миқдордаги қум уюмларини Зарафшон чўл тизмаси ҳамда Хатирчи туманининг белгиланган ҳудудларида тўплаб боради. Бу қум тоғи келажакда қайта ишлаб, таркибидан олтин ажратиб олиш учун мўлжалланган. Шунинг баробарида, бу «олтин тоғ» Ғиждувон, Шофиркон ва ҳатто Вобкент туманида яшовчи айрим фуқароларни ҳам оҳанрабодек ўзига жалб қилиб келган. Шундай қумларни айланма йўллар орқали ташиган, қум таркибидан тилла заррачаларини ажратиб олиб, уни қуйма олтин ҳолатига келтиришга мўлжалланган яширин цехлардан фойдаланган, бундан ташқари, қуйма тиллани харид қилиш ҳамда буюртмачиларга етказиб бериш билан ҳам шуғулланиб келинганлик каби кўплаб ҳолатлар олдин ҳам аниқланган.
Бироқ бу галги жиноят кўламига ҳеч қайсиси тенглаша олмайди. Олтин заррали тупроқни хуфёна қазиб олиш билан шуғулланиб келган икки гуруҳ раҳбари ўзаро тил бириктиради. Улар ишчиларни ёллаб, чўлнинг «қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган» олис манзилида яширин равишда чуқур ва узоқ масофали шахталар қазишган.
Саҳро остидаги яширин йўлнинг ўзи таркибида тилла кукуни бор минглаб қум тўла қоплардан барпо этилган!

«Тилла йўл» тўппа-тўғри тилла кукунлари тўпланадиган манзилга олиб бориши аниқланди.

Бундан ташқари, чўл ҳудудида атрофни ҳимоя қиладиган «қўриқчилар» ва улар томонидан ковланган шахталарда ишлатиш мақсадида олиб келинган 28 нафар шахс ҳам қўлга олинган.

Кенг қамровли тезкор профилактик тадбир давомида ҳолатга жуда кўп ашёвий далиллар ҳам тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди. Ҳозирги кунда мазкур ҳолат юзасидан тегишли экспертизалар тайинланган ҳолда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Текширув якунлари юзасидан ушбу шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланади.
Маълумот ўрнида: Бир неча йил олдин Навоий вилоятида тилла кукунли қумларни талашиб икки қишлоқ одамлари ўртасида катта жанжал келиб чиққан ва 28 кишига нисбатан иш очилган эди.
Худди шунингдек, айни кунларда худди шундай жиноятга алоқадор яна бир бошқа ҳолат Бухоро вилояти судида кўриб чиқилмоқда. Унга кўра, шофирконлик 33 нафар фуқаро ҳам шундай қумларни айланма йўллар орқали ташиб, ноқонуний йўллар билан бойлик орттириб келишаётгани фош этилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter