Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоро суди адвокатнинг шикоятини инкор этди

Бухоро суди адвокатнинг шикоятини инкор этди

Фото: Xabar.uz

Бухоро вилоят суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясида жамоатчиликнинг эътиборини жалб этган жиноят иши — фоҳишахона сақлашда такроран айбдор деб топилган шахсга нисбатан жазо тайинланди. Айбдорга нисбатан чиқарилган ҳукм юзасидан адвокат шикояти кўриб чиқилиб, у суд ҳайъати томонидан инкор қилинди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бухоро вилояти суди судяси Нозимжон Жўраев маълум қилди.

Мазкур иш Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман судининг 2025 йил 8 майдаги ҳукмига тааллуқли бўлиб, унда Г.Г. исмли аёл Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 131-моддаси 4-қисми «б» банди (такроран, хавфли рецидивист томонидан фоҳишахона сақлаш)да назарда тутилган жиноятда айбли деб топилган. Унга 2 йил 7 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазо умумий тартибдаги колонияда ўталиши белгиланган.

Апелляция шикоятида Г.Г.нинг адвокати К.Р. судланувчининг ижтимоий аҳволи ва саломатлиги, шунингдек, илгариги жазо муддатидан шартли равишда озод қилингани каби енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олишни сўраган. Айбдорга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турини қўллашни талаб қилган.

Бироқ, судлов ҳайъати суд ишини чуқур таҳлил қилиб, биринчи инстанция суди томонидан чиқарилган ҳукмни тўғри, асосли ва қонуний деб топди.

Суд томонидан қайд этилган ҳолатларга кўра, судланувчи Г.Г. илгари ҳам айнан шу турдаги жиноятда айбдор деб топилган.  2020 йилда озодликни чеклаш жазосига тортилган. Кейинчалик 2022 йилда шартли равишда озод этилган. Аммо, шундан хулоса чиқармаган Г.Г. 2024 йилда ҳам икки маротаба, такроран яна шу жиноятни содир этган.

Бу ҳолатда суд, нафақат такроран жиноят содир этилганини, балки унинг ғаразли ниятлар асосида, «осон пул топиш» мақсадида амалга оширилганини ҳам инобатга олган.

«Суд томонидан ушбу жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, такрорийлиги, нияти ва жамиятга салбий таъсирига ҳам тўлиқ баҳо берилди. Бежизга суд адвокат шикоятини инкор этмади. Такрорий жиноят — оғир оқибат эканини унутмайлик!», — деди Нозимжон Жўраев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг