Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи: «Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик салмоғи камайди»

Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи: «Ёшлар ўртасидаги жиноятчилик салмоғи камайди»

Фото: Xabar.uz

Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи томонидан 2022 йил 12 ойи мобайнида вилоятда ички ишлар органлари томонидан жиноятчиликнинг олдини олиш ва бу борада амалга оширилган ишлар таҳлили юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўтказилган матбуот анжуманида ёшлар ўртасидаги жиноятчилик салмоғи камайганини билдирди, дея маълум қилмоқда «Xabar.uz» мухбири.

Бундан тўрт йилча илгари, 2019 йилнинг июль ойида Бухоро ёшлар марказида вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Шуҳрат Алиев билан «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтганда, ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сони ошгани,  ҳайдовчилик соҳасида ўқиётган ёшларнинг дарсларга қатнови назоратдан ўтказилганда, уларнинг дарсларга қатнашмаётгани, интернет билан боғлиқ жуда кўп нохуш ҳолатлар юзага келаётгани айтиб ўтилганди. 

«Ҳар қандай ҳолатдаям содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олишимиз, мавжуд муаммони гапирмасдан, юзага келиши мумкин бўлган муаммони бартараф этиш ҳақида ўйлашимиз керак. Ҳеч бир бола биз учун бегона эмас. Ҳар бири ўзимизнинг фарзандимиз. Уларнинг тарбиясига эса ҳаммамиз бир хилда масъулмиз. Бирлашиб, биргалашиб, ҳаракат қилсак, Бухоро ёшлари Республикада бирорта ҳам жиноят ҳуқуқбузарлик содир этмайди, деб ишонаман», — деган эди.

Хўш, орадан йиллар ўтиб, ёшлар ўртасидаги жиноятлар салмоғи қанчага ошди ёки камайди? Матбуот анжуманида шулар таълил қилинди.

«Вилоятда 2022 йил давомида содир этилган 5 175 та жиноятларнинг 296 таси  гиёҳвандлик, 45 таси ноқонуний қурол сақлаш, 131 таси порахўрлик, 39 таси  қалбаки пул ёки қимматли қоғоз валюта, 43 таси  қўшмачилик, 20 таси  маъмурий назорат қоидасини бузиш ва ҳоказолар билан боғлиқ. Содир этилган жиноятлар шахслар бўйича олинадиган бўлса, улар кўпроқ шартли ҳукм қилинганлар, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинганлар, озодликни чеклаш жазосини олган ва  муддатидан илгари шартли озод қилинганлар, шунингдек,  назоратдаги аёллар томонидан юзага келган. Ёшлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар ва ҳуқубузарликлар сони эса кескин камайди. Буни, албатта, ёшлар ўртасида профилактик ишларнинг масъулият билан олиб борилаётганида кўриш мумкин. Вилоятда мавжуд жами 544 та маҳаллада ёшлар етакчиларининг фаоллик билан ҳаракат қилаётганини инобатга оладиган бўлсак, юзага келиши мумкин бўлган кўплаб ёшлар жинояти содир бўлишидан аввал олди олинган»,— деди Шуҳрат Алиев.

Таъкидланишича, қотиллик, талончилик, ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисалари, ўртача ва енгил шикаст етказиш жиноятлари камайган.

«Лекин оғир тан жароҳати етказиш, номусга тегиш, товламачилик, босқинчилик, безорилик, транспортни олиб қочиш кўпайишига йўл қўйилди. Бухоро шаҳри, Когон шаҳри, Бухоро тумани, Ғиждувон ҳамда Пешкў туманларида жиноятлар салмоғи ошган. Рақамлар мисолида келтирадиган бўлсак, ёшлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар Бухоро шаҳрида 42 тага, Қоровулбозорда 10 тага ва Ғиждувонда 6 тага ошган», — деди бошқарма бошлиғи.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг