Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода «Шаффоф қурилиш»сиз қурилиш: Қонун бузилдими? (видео)

Бухорода «Шаффоф қурилиш»сиз қурилиш: Қонун бузилдими? (видео)

Бугун жамиятимиз «Ташаббусли бюджет» орқали ўз ҳаётини ўзгартириш имконига эга бўлаётган бир пайтда, ҳар бир сўмнинг қаерга ва қандай сарфланаётгани ҳақида хабардор бўлиш фуқаролар учун ҳам ҳуқуқ, ҳам масъулият ҳисобланади.

Ваҳоланки, халқ қўллаган лойиҳа халқнинг пули ва у омонатдир. Шунинг учун ҳам энг оддий кўча чироғидан тортиб, йўл, электр инфратузилмасигача ҳар бир қурилиш, ҳар бир харид ортида шаффофлик, очиқлик ва жавобгарлик туриши лозим. Лекин шундай пайтлар бўладики, жамоатчилик ўртасида пайдо бўлган саволлар бутун жараёнга соя солиши мумкин.

«Шаффоф қурилиш»ми, «Миллий дўкон»?

Қишлоқ инфратузилмаси учун ажратилган салкам 1,5 миллиард сўм маблағ эвазига нега ишлар сифатсиз бажарилган? Нега ускуналар сунъий равишда оширилган нархларда харид қилинган? Тунги чироқлардан нега дарак йўқ?! 35 мм ўрнида 22 мм.ли кабелларнинг ўрнатилиши қишлоқ учун хавфли тажриба эмасми? Қурилиш ташкилоти ва ободонлаштиришдаги камчиликларни масъуллар тан оладими?..

Бухоро вилояти Когон тумани «Ниёзҳожи» МФЙдаги Куржан қишлоғи кўчаларида тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш, ҳаво кабеллари ўтказиш ва электр инфратузилмасига оид лойиҳа атрофида айни шундай саволлар ортмоқда. Гап шундаки, мурожаатда лойиҳа доирасидаги зарур материал ва ускуналар электрон тендер орқали эмас, балки, «Миллий дўкон» орқали харид қилингани айтилади. Агар аҳолининг ушбу даъволари тасдиқланса, бу, нафақат, қонунбузарлик, балки, очиқ бюджетга бўлган ишончнинг бузилишига ҳам олиб келиши, эҳтимол.

Айтиш жоизки, шаффоф қурилиш, электрон тендер ва очиқ харид юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2022 йил 7 апрелдаги 197-сонли, 2023 йил 10 апрелдаги 117- сонли қарорлари, шунингдек, Сенат Кенгашининг 2024 йил 30 январдаги 666-IV-сонли қарорида лойиҳалар устидан жамоатчилик назорати, танловлар ва электрон тендерларнинг фаол, очиқ ва инсон омилисиз тарзда амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилган.

Лойиҳа ташаббускори, фуқаро Саъдулло Эргашевнинг билдиришича, 2025 йил 26 мартдаги туман Кенгашининг VII-06-34-2-36-К/25-сонли қарорига мувофиқ, «Ниёзҳожи» МФЙ, Куржан қишлоғи инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 5 дона 250 кВт трансформатор,  200 та симёғоч,  12 000 метр SIP кабель, 200 та қуёш панелли тунги чироқларни ўрнатиш лойиҳаси «Ташаббусли бюджет» асосида ғолиб деб топилган. Лойиҳанинг молиявий қиймати 1 миллиард 495 миллион сўм этиб белгиланган (ID: 050370044013). Маблағлар туман ободонлаштириш бошқармаси шахсий ғазна ҳисоб варағига ўз вақтида ўтказилган.

Экспертизага мурожаат қилинди

«Маблағлар ўз вақтида ўтказилган бўлса-да, ишни якунлаш муддатлари кечикмоқда. Ўртага ташлаётган саволларимизга амалдорлар томонидан жавоблар чўзилмоқда. Энг ачинарлиси, харид жараёнларида «Шаффоф қурилиш» қоидаларига амал қилинмаган. Етмаганига, қурилиш ташкилоти биз билан мулоқотда тунги чироқлар ўрнатилмаслигини ва унга «опенбюджет» учун ажратилган пуллар етмай қолганини рўкач қилди. Бу ўз-ўзидан ҳафсаламизни пир қилмай қўймади. Шундан сўнг шунча йирик миқдордаги маблағ ва айнан, лойиҳага кўра, ўрнатилиши керак бўлган 200 та қуёш панелли тунги чироқларга маблағ қандай етишмаслиги мумкинлиги бизни хавотирга сола бошлади. Ва бунга ҳақли равишда ўз ҳуқуқимиздан фойдаланган ҳолда, харид қилинган маҳсулотларнинг асл нархи қанча эканини аниқлашга киришдик. Бу юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳадича Сулаймонова  номидаги суд экспертиза маркази Бухоро вилояти бўлимига расман мурожаат қилдик», – дейди лойиҳа ташаббускори.

Тақдим этилган ва аризада кўрсатилган товар моддий бойликларнинг техник параметрлари, уларнинг номлари ва кўрсаткичлари кўрсатиб ўтилган. Суд экспертиза марказининг Бухоро вилояти бўлими ҳам мурожаатчилар саволлари бўйича товарларнинг ҳақиқий бозор нархлари канчалик ҳаққоний экани юзасидан ўз хулосаларини тақдим этган.

Маълумот ўрнида: Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Бухоро вилояти иқтисодиёт ва молия бошқармаси Когон туман Иқтисодиёт ва молия бўлими томонидан Халқ депутатлари Когон тумани Кенгаши раиси, ички комиссия раҳбарига, Когон туман прокурорига ҳамда Когон туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига жорий йилнинг 13 август куни 02-32/151-сонли хат чиқарилган.

Аҳоли: «35 мм кабел ўрнига 22 мм тортишган...»

«Трансформаторлар 92 миллион сўмга баҳоланиб, харид қилинган. Суд экспертиза маркази хулосасига кўра, ушбу трансформаторнинг ўртача бозор нархи 61 880 694,6 сўмга баҳолаб берилди. Бу халқнинг пули, халқнинг омонати. Яна бир оғриқли жойига тўхталадиган бўлсам, транформаторларга 35 мм кВтли изоляцияланган ток ўтказувчи ҳаво кабеллари тортилиши ўрнига 22 мм кВтли кабеллари тортилган. Шахсан ўзим ушбу кабелларнинг ток ўтказувчанлигини текшириб кўрдим», – сўзида давом этади суҳбатдош.

Маълум бўлишича, салкам бир ойча илгари бу ҳақда Когон тумани ҳокими ҳамда Когон тумани прокурорига ҳам билдирилган.

«Сўзим исботи сифатида асл ҳолатни исботловчи 35 мм кВтли изоляцияланган ток ўтказувчи ҳаво кабеллари ҳамда 22 мм кВтли кабеллар билан шахсан улар қабулига ҳам кирдик. Аммо, ҳеч қандай жавоб бўлмади, эътиборсиз қолдирилди. Натижа бўлмагандан кейин ОАВ вакилларига мурожаат қилишимизга тўғри келди», – дейди лойиҳа ташаббускори.

Аҳолининг айтишича, қишлоқда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари талай. Йўллар таъмирланган, айрим инфратузилма объектлари янгиланган. Бунинг ортида қишлоқнинг фаол аҳолиси ва ёшларнинг ташаббуси ва меҳнати бор. Бироқ, уларнинг сўзига кўра, «Ташаббусли бюджет» доирасида бажарилаётган айрим ишлар борки, улардан аҳоли орасида норозилик кайфияти кўзга ташланмоқда. Жорий йилнинг 21 мартида «Ташаббусли бюджет»да ғолиб бўлган бўлса-да, 1 декабрь ҳолатида ҳам ишлар тўлиқ якунланмаган.

Одамлар лойиҳа доирасида қишлоққа ўрнатилиши лозим бўлган трансформаторларнинг арзон нархда харид қилингани, аммо ҳужжатларда қиммат нархда қайд этилганини важ қилишди.  Шу билан бирга, кабеллар тортилиши айтилган бўлса-да, лойиҳада белгиланганидан паст қувватли, сифат даражаси шубҳали кабеллар ўрнатилганини айтишмоқда.

«Ачинарли бир ҳолатга ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлдик. Симёғочлар тракторлар ёрдамида қишлоқ кўчалари бўйлаб судраб келтирилди. Яп-янги симёғочларнинг қанчаси синиб, қанчаси шикастланди. Шундай ҳолатда ўрнатилди. Яна бир масала: симёғочлар ҳали ўрнатилмай туриб, «мендан кетгунча» қабилида чала ва пала-партиш бўёқланиб, устига-устак, бўёқлари қуримай туриб, ўша пайтнинг ўзида чуқурлар ковланиб, ўрнатилди. Соҳа мутахассиси жалб этилган эмас! Буни қандай изоҳлаш мумкин?!» – дейди фуқаролардан бири.

Шунга қарамасдан, янги симёғочлар ҳам ўрнатилиб, электр симлари ўтказилган. Эски ва янги симёғочларга уланган электр симларининг ўзаро кесишуви юқорида худди ўргимчак уяси кўринишини намоён этган. Етмаганига янги симёғочлар электр симларининг носоз ва техник қоидаларга риоя қилинмаган тартибда ўтказилгани одамлар ҳаёти учун хатар ва хавфни келтириб чиқармаслигига кафолат йўқ.

«Ўзингиз ўйлаб кўринг, эски симёғочлар ўрнига янгилари ўрнатилиб, сифатсиз кабеллар тортилишидан халққа нима наф? Асосий мақсад тунги ёритиш тизимини тўлиқ барпо этиш ва сифатли электр таъминотини таъминлаш эмасмиди? Кечқурунлари қишлоғимиз қоп-қоронғу. Зим-зиё кўчаларда неча бор болаларимиз ариққа тушиб кетган ҳолатлар ҳам бўлди. Кўнглимизга ботмайдиган ишлар бўляпти-да», – дейди 75 ёшли отахон Мустақим Мардонов.

Маълум бўлишича, трансформатор ўрнатилгандан сўнг ток ўтказувчи кабеллар тортилаётган вақтда қурилиш ташкилоти ходимлари аҳоли томонидан огоҳлантирилган. Кабелларни тажрибали электриклар ўрнатиши шартлиги айтилган. Бироқ, бунга эътибор қаратилмаган.

Ободонлаштириш бошқармаси мутахассиси: «Президент қарорлари бузилган...»

Ҳолат юзасидан журналистик суриштирув ўтказилаётган бир жараёнда масъул идора, ташкилотлар вакиллари етиб келишди. Аҳоли билан мулоқот ўрнатилди. Фуқаролар ва масъуллар ўртасида юзага келган баҳсларда масъуллар барча муаммоли масалаларни  қайта кўриб чиқилиши ва уларнинг бартараф этилишини айтиш билан чекланишди.

Когон туман Ободонлаштириш бошқармаси бош муҳандиси Жамшид Каримов эса ушбу лойиҳага доир амалларнинг ўлда-жўлда олиб борилаётганига аввал бошидан қарши эканини билдирди. Лойиҳани «Шаффоф қурилиш» тизими орқали қайтадан ўтказиш энг тўғри йўл эканини таъкидлади.

«Бу лойиҳани бошидан бекор қилиш керак. Қурувчи ташкилот келиб, белгиланган кабелни ўрнатиб берадими, бошқами, у, барибир, энди ноқонуний саналади. Президент қарорлари бузилган. Афсуски, қайтадан ташкил этишга тўғри келиб қолган тақдирда ҳам жабр кўрадиган бу яна халқ. Халқни интиқ кутган вақти, етмаганига буёғига об-ҳавонинг намгарчилиги... Ўйламай ташланган қадам оқибати бу!» – деди у асабийлашган кўйи.

Қишлоқ аҳолиси ўртасида электр инфратузилмасини янгилаш бўйича олиб борилган ишлар атрофида тортишувлар юзага келди. Айниқса, трансформатор ва кабеллар сифати, шунингдек, тунги ёритиш тизими ўрнатилмагани юзасидан берилган саволлар мутасаддилардан аниқ жавоб талаб қилмоқда.

Қурилиш ташкилоти айбловларни рад этмоқда

Масъул томон сифатида кўрсатилган «Мирзабек Строй Монтаж» қурилиш корхонаси раҳбари Аъзам Нуриддинов айбловларни рад этмоқда.

«Кўча чироқларини ўрнатиш бизнинг шартномамизда, умуман, йўқ. Кабелларга келсак, заводга пул кўчирилиб, расмий равишда харид қилинган. Барча сертификатлар бор. Мен бу маҳсулотларни ўзим, уйимда ишлаб чиқармаганман, завод нима ишлаб чиқарса, ўша келади. Тегишли ташкилот ўлчаб, хулоса беради», – деди у.

Аҳоли эса кабеллар лойиҳада кўрсатилганидан паст қувватли эканини таъкидламоқда.

«Шуни аниқлаш учун тегишли ташкилотга ариза берилган. Хулосани ўша айтади. Асосийси, мен ҳали бу объектдан бир тийин ҳам олмаганман», – дея жавоб берди қурилиш раҳбари.

Унинг таъкидлашича, электрон савдода нархлар мустақил шаклланади.

«Электрон савдода инсон омили йўқ. Банк 92 миллион ажратган бўлса, демак, бозорда 98, 100, 102 миллион сўмлик таклифлар бўлган. Энг арзонини етказиб бераман, деган сифатда мен танланганман», – деди Аъзам Нуриддинов.

Лойиҳа ташаббускори Саъдулло Эргашев эса «Электрон савдога чиққунича, трансформаторни аллақачон келтириб ўрнатишган эди», дейди.

Туман Ободонлаштириш бошқармаси бош муҳандиси Жамшид Каримов масалани кескин баён қилди: «Биржада 92 миллион сўмлик трансформаторнинг ўзи йўқ. Энг баланд нархи 62 миллион. Демак, ҳар бирининг орасида, тахминан, 30 миллиондан маблағ «ўзлаштириилган». Қонун бўйича бу ишлар туман Ободонлаштириш бўлими томонидан савдога қўйилиши керак эди», – дея дахлдор идораларни масъулиятга чақира туриб сўзлайди у. – Мен бу жараёнда бевосита мутахассис сифатида қатнашганман. Туман ҳокими қабулига ҳам кириб, айрим камчиликларни кўрсатганман. «Нотўғри кетаяпсизлар, жараён шаффоф бўлиши керак», – деган талаби қўйганман. Афсуски, ҳеч ким эътибор қилмади. Натижа эса мана, зиддиятли вазиятга етиб келдик».

Туман Ободонлаштириш бўлими бошлиғи ўринбосари Хуршид Дўстов: «Агар лойиҳа-сметада кўрсатилган нарх бошқача бўлган бўлса, бу бўйича қурилиш ташкилоти билан савол-жавоб қилинади. Экспертиза хулосасида бошқа кабел келтирилгани қайд этилса, жавобгарлик мавжуд. Аҳоли «Ташаббусли бюджет»га қандай талаб қўйган бўлса, ўша талаб тўлиқ бажарилади. Ва муаммолар бартараф қилинади», – дея ваъда берди.

«Камчилик бўлса, объект қабул қилинмайди»

Баҳсу-мунозараларга сабаб бўлаётган «Ташаббусли бюджет» доирасидаги ушбу лойиҳа атрофида аҳоли билдирган эътирозлар борасида туман ҳокими ўринбосари Маҳмуд Шамсиев билан ҳам суҳбатлашдик. Унинг айтишича, аҳоли кўтарган ҳар бир масала ўрганилиб, зарур текширувлар ўтказилади. Унинг айтишича, агар ўрганишлар натижасида камчиликлар тасдиқланса, объект қабул комиссияси томонидан «қабул» қилинмайди ва қурилиш ташкилоти ишни якунланган ҳолда топшира олмайди. Ҳолат инспекция томонидан текширилади.

«Қурувчи қурилган иншоот деталларини демонтаж қилиб кетишга ҳақли эмас. Агар талаб этилса, барча камчиликларни қайтадан бартараф этиши шарт. Халқнинг пули ҳам, вақти ҳам ўйинчоқ эмас. Агар ноқонуний хатти-ҳаракат кузатилса, у қонун олдида жавоб беради», – деди ҳоким ўринбосари.

Прокуратура: текширувлар бошланган

Мурожаатчиларнинг сўзига кўра, улар ушбу муаммо билан туман прокурорига ҳам мурожаат қилинган, аммо етарли эътибор берилмаган.

Журналист Бухоро вилояти прокурори Улуғбек Ҳамдамов билан телефон орқали боғланган. Вилоят прокурори ушбу масала юзасидан аллақачон ҳаракатлар бошланганини маълум қилган: «Бу жуда долзарб масала ва унга эътибор қаратмаслик мумкин эмас. Тегишли топшириқлар берилган, айни пайтда ишлар изчил тарзда олиб борилмоқда».

Билдирилишича, ҳақиқатан ҳам лойиҳа учун 1 495 000 000 сўм маблағ Ободонлаштириш бошқармаси ҳисоб варағига ўтказиб берилган.

Таҳририятга тақдим этилган маълумотномага кўра, Когон туман Ободонлаштириш бошқармаси ва «Мирзабек Строй Монтаж» МЧЖ ўртасида Товар хом ашё биржасининг «Миллий дўкон» платформаси орқали 241111144123704-лот бўйича 07.08.2025 йилда 3550211-сонли умумий қиймати 1 029 888 000 сўмга «Нотурар жой бинолари» харид қилиш шартномаси расмийлаштирилган. Шартнома техник параметрларида бино ва муассасаларда кўча чироқларини ўрнатиш ва монтаж ишларини бажариш, бажарилган ишларни далолатнома асосида топшириш белгиланган.

Когон туман Ободонлаштириш бошқармаси ва «Мирзабек Строй Монтаж» МЧЖ ўртасидаги умумий қиймати 1 029 888 000 сўмга «Нотурар жой бинолари» харид қилиш шартномаси «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг 46 ва 49-моддаси талабларига ҳамда ПҚ-425-сонли қарор талабларига зид равишда расмийлаштирилган.

Ҳозирги кунда Когон туманидаги Куржан қишлоғида бажарилган ишлар юзасидан туман прокуратураси томонидан соҳа мутахассислари жалб қилинган ҳолда текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

P/S: Ушбу ҳолат юзасидан Когон тумани прокуратураси томонидан изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилаётган бир вақтда «Мирзабек Строй Монтаж» МЧЖ раҳбарининг «Кўча чироқларини ўрнатиш бизнинг шартномамизда, умуман, йўқ», шунингдек, «Мен бу маҳсулотларни ўзим, уйимда ишлаб чиқармаганман, завод нима ишлаб чиқарса, ўша келади», – дея иддао қилгани таажжубли. Юқорида айтилганидек, халқ қўллаган лойиҳа – халқнинг пули ва у омонатдир...

Кузатамиз ва мавзуга яна қайтамиз.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг