Бухородаги йирик корхона ишчилари «қўзғолон» кўтарганмиш… Воқеа жойидан суриштирув
Бухорода қурилаётган «Bukhara Cotton Textile» Ўзбекистон — Буюк Британия — Россия қўшма корхонасида ишчилар меҳнат меъёрларидан ортиқ даражада ишлатилаётгани, шунга қарамай, ортиқча ишлаган куни учун ҳақ берилмаётгани ва бошқа ҳолатлар хусусида хабар тарқалгани ҳамоно оёқни қўлга олиб, йўлга чиқдим. Касбимиз шу: янгиликка (шов-шувга десак, янаям тўғрироқ бўлади) ўчлигимиз бор гап. Қурилаётган қўшма корхонага оид хабарлар пайдо бўлиши тагида ҳам шу омил ётибди. Агар шу маҳобатлар рост бўлса, кичик сафарим баҳонасида яна қўшимча далиллар топишим мумкин, қарабсизки, яна битта сенсация нақд!
Шу сабаб ташрифим ҳақида ҳеч кимни огоҳлантирмадим: биринчидан, у ерда мухбирга бировнинг кўзи учиб тургани йўқ. Иккинчидан, ҳаммаси табиий кечгани маъқул, чунки, мухбир келаётгани аввалдан хабардор этилса, шунга яраша тадбир кўрилиб, бир-иккита масъул, қатор ишчиларни аввалдан интервьюга «тайёрлаб қўйилиши» эҳтимоли йўқ эмас-да.
***
...Айрим ҳамкасбларимга инсоф тилайми? Ё виждон, журналист этикаси хусусида маъруза сўқийми? Рост, қўшма корхонада қурилиш ишлари жуда қизғин кетяпти, бу жараёнда майда-чуйда камчилик, тез ечиладиган муаммолар чиқиб қолиши табиий. Илло, «ишчилар ўта норози» бўладиган ҳолатга дуч келмадим. Қанча ишчилар билан мулоқотда бўлмай, жиддий норозичилик туғдирадиган муаммо айтилмади. Пуч шов-шувлар тарқатишдан мақсад нима экан? «Bukhara Cotton Textile» қўшма корхонасидаги муҳитга таъсир этишми? Бундан кимга фойда, нима фойда? Рости, тушуниш қийин...
***
Ўрганиш жараёнида айни пайтда «Bukhara Cotton Textile» қўшма корхонасининг ип йигирув, тўқув, газлама, ранглаш ва тикув фабрикаларида қурилиш, созлаш ишлари амалга оширилаётгани, шунингдек, 10 гектардан иборат мазкур объектда кенг миқёсда қурилиш ишлари баравж давом этаётганига гувоҳи бўлдим...
«Сурхондарёцемент» АЖнинг 269 нафар ишчилари шартнома асосида ишга жалб этилган. Шунингдек, вилоятнинг турли туман ва шаҳарларидан келган 196 нафар ишчи-ходим (11 нафари слесарь-монтажчи) тер тўкишмоқда. Қарийб, жами 700 нафарга яқин ишчилар-у корхона ходимлари жонини жабборга бериб ишлашмоқда. Улардан ташқари Германия, Туркия, Россия, Корея Республикаси каби қатор давлатлардан чақирилган мутахассислар ҳам меҳнат қилишмоқда. Четдан туриб тош отишлардан мақсад инвесторни ҳуркитишмикан?
«Bukhara Cotton Textile» корхонаси жорий йилнинг май ойида тўла ишга туширилиши режаланган. Корхонада бешта фабрика фаолият бошлайдиган бўлса, ҳар бирига камида 245-250 нафардан ишчи-ходим жалб этилади. Бу қарийиб 1 минг 200 нафардан кўпроқ одам иш билан таъминланади дегани. Корхона маҳсулотлари эса мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга ҳисса қўшишини айтмасак ҳам бўлар.
***
«Bukhara Cotton Textile» корхонасида ишлаётган монтаж усталарига ойлик маошларининг ўз вақтида берилмаётгани, шунингдек, уларнинг 6 кунлик меҳнатга ойликсиз жалб этилаётгани ҳақидаги «факт» қаердан пайдо бўлди ўзи?
«Мен ромитанликман. Етти ойдан буён қурилиш ишларида ишлайман. Корхонанинг ҳали энди оёққа тураётгани инобатга олинса, маошлар беришда бир ёки икки кун кечикишлар кузатилган бўлиши мумкин. Аммо бу ойликнинг 10-15 кун кечикиб ёки шартномада кўрсатилган сумманинг ярми берилади, дегани эмас. Мен шахсан бир ярим миллионгача маош оламан. Нолимайман», — деди Бобомурод Ражабов.
Аниёр Қулмуродов, Эргаш Ашуров, Каримжон Мирзахурдов, Жаҳонгир Аҳмедов, Эркин Бобожонов кабилар билан суҳбатлашилганда, улар 1,2 миллиондан 1,5 миллион сўмгача ўз вақтида ойлик олишаётгани, айримлари ишбай усулда меҳнат қилишса, айримлари ишда қўшимча унум кўрсатгани учун пул мукофоти ҳам олишаётганини билдирди.
«Қўшма корхона ҳамда қурувчи-монтажчилар ўртасида ҳафтасига 6 кунлик меҳнат шартномаси имзоланган. Бу тўғрисида ҳужжат тақдим этаман. Аммо ижтимоий тармоқда ёритилгандек, бирорта қурувчи-монтажчи ёки слесарлар билан 2,5 миллион сўм тўлов бўйича шартнома имзоланмаган. Уларнинг маошидан даромад солиқларидан ташқари, ҳеч қачон сабабли ҳам, сабабсиз ҳам ортиқча пул ушлаб қолинмаган”, — дейди бош ҳисобчи Шерзод Мирзоев.
Бухоро вилоят Бандлик Бош бошқармаси бошлиғи Мирали Ҳамроевнинг билдиришича, қўшма корхона ҳужжатлари ишчи гуруҳ томонидан ўрганилганда, қурувчи-монтажчилар ёки ишчи-ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилмагани аниқланган. Иш вақти соат 08:00дан 17:00 га қадар белгиланган ва амалда ҳам шундай.
***
Айни тушликка яқин корхона ошхонасига йўл олдик. Ҳали таъмирлаш ишлари тўлиқ тугалланмаган 200 кишига мўлжалланган ошхона. Уч маҳал иссиқ овқат ҳар куни тайёр. «Мен меҳнат қиляпман. Шунга яраша ўз вақтида ойлик олаяпман. Иссиқ ётоқхона билан таъминлаб қўйишган, уч маҳал бепул иссиқ овқат… Марҳамат, ўтиринг, биз билан таомланинг», — дейди қурувчи-монтажчи Йўлдош Жумаев.
Овқатлар хилида ҳам фарқ сезмадик.
«Бош директордан тортиб, оддий ишчигача бир қозондан овқатланади. Иш талабларини бажаришда ҳам, овқатланишда ҳам ҳуқуқлар тенг. Айнан бу ҳолат хорижлик ҳамкорларимиз томонидан доимий назоратда. Бу ерда кимдир шўрва, кимдир ош емайди. Тўғри, ишчи-ходимлар сони кўп, ошхона эса 200 ўринли. Шунинг учун навбатма-навбат овқатланиш тартиби белгиланган. Ахир айни пайтда қўшма корхонанинг бешта фабрикасида ҳам бунёдкорлик ишлари жадал кетяпти. Ҳар бир фабриканинг ўзида ўз ишчи-ходимлари учун алоҳида 200 нафар кишига мўлжалланган ошхоналар ҳам қурилмоқда”, — дейди қўшма корхона ҳуқуқшуноси Раҳматулла Жўраев.
***
Ташриф жараёнида «Bukhara Cotton Textile» қўшма корхонаси бош инженери, туркиялик ҳамкор Джошкун Рэнклиоглу билан ҳам икки оғиз гаплашдик.
— Мазкур қўшма корхонада режаларимиз бисёр, — дейди у. — Хорижий ҳамкор сифатида раҳбаримиз ўз ҳисобидан 70 миллион доллар харажат қилмоқда. Мақсад юртингизни янада бой, халқингизни фаровон кўриш. Қўшма корхона ўз фаолиятини йўлга қўйиб олгач, тез кунларда ишчи-ходимлар етарли маошга, ундан ташқари, қўшимча даромадларга ҳам эга бўлишади. Мен Ўзбекистонни худди ўз уйимдек севаман, ардоқлайман. Айниқса, бухороликларга ҳурматим, меҳрим бўлакча...
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter