Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бюджет ташкилотлари ва банклар ногиронлиги борларни ишга қабул қилади

Бюджет ташкилотлари ва банклар ногиронлиги борларни ишга қабул қилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон 2021 йилда Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга қўшилгани тарихий воқеа бўлди ва ундаги мажбуриятларни бажариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, вилоят ва туман ҳокимлари ушбу шахсларга ёрдам бериш, уларнинг уюшмалари ва ташкилотлари билан мулоқот қилиш, шароит яратиш билан етарлича шуғулланамаётгани кўрсатиб ўтилди.

Айрим вазирлик, идоралар ва вилоят ҳокимликларда ногиронлиги бўлган бирорта одам ишга олинмагани танқид қилинди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ишга олган корхона ва ташкилотлар учун бир қатор имтиёзлар яратилган. Лекин, 500 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотнинг бор-йўғи 43 мингтасида ногиронлиги бўлган шахслар ишлайди.

«Мактаблар, профессионал таълим муассасаларида шароит йўқлиги учун 70 фоиз ота-оналар ногиронлиги бор фарзандларини яшаш жойидан узоқ махсус мактаб-интернатига жойлаштиришга мажбур.

Аслида ота-онаси, дўстлари ва маҳалладан узоқлашиш ҳар қандай бола учун катта психологик зарба», - деди Президент.

Ходимларининг 50 фоизида ногиронлик бўлган тадбиркорларга давлат буюртмачилари билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш имконияти берилади.

Бундай одамларни ишга олган корхоналарга тадбиркорлик рейтингида қўшимча балл берилади.

Ногиронлиги бўлганларни касбга тайёрлайдиган 4 та ихтисослашган мактабни тармоқ раҳбарлари оталиққа олади. Бу мактаб ўқувчиларига ишлаб чиқарган маҳсулотини давлат харидлари доирасида тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилади.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида мономарказларда ногиронлиги бўлганлар таълим олиши учун қулай муҳит ва зарур инфратузилмани яратиб, уларга стипендия тўлаш тартибини жорий қилиш топширилди.

Ногиронлиги борлар касаначилик ва ҳунармандчилик асосида яратган маҳсулотларини электрон платформа орқали сотиш тизими йўлга қўйилади.

Вазирлик ва ҳудуд раҳбарларига йил якунига қадар барча бюджет ташкилотларига 20 минг нафар, банкларга камида 1 минг нафар ногиронлиги борларни ишга қабул қилиш топширилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг