Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чигит можароси: Қашқадарё ҳокимлиги қонунни бузгани айтилди

Чигит можароси: Қашқадарё ҳокимлиги қонунни бузгани айтилди

Антимонополия қўмитаси Қашқадарё вилоятида салкам 100 тонна чигит ноқонуний ушлаб турилганини айтди. Қўмитага кўра, бу каби ҳолат аввал ҳам 3 та вилоятда содир бўлган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси чигит «Умекей» постидан ўтказилмаётгани юзасидан Қашқадарё волояти ҳокимияти ва Қашқадарё волояти ИИБга сўровнома юборган.

Қайд этилишича, 2020 йилда ҳам 3 та вилоятда бу каби ҳолат кузатилган. Қўмита томонидан 2020 йил 27 ноябрдаги «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддаси талаблари бузилгани ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сонли қарорига мувофиқ Қашқадарё, Хоразм ва Сурхандарё вилоят ҳокимликларига, ушбу вилоятларнинг ИИБларига нисбатан иш қўзғатилган эди.

Қонуннинг 12-моддасида маҳаллий ҳокимиятлар тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилишига йўл қўйилмаслиги ёзилган. Қонунчилик талаблари бузилгани ўз тасдиғини топганига қарамай, Қашқадарё вилоятида бу каби ҳолат қайта кузатилмоқда.

«Ҳозирги кунда Қашқадарё вилоятининг тегишли корхоналари томонидан биржа савдоларига қўйилган чигит маҳсулотлари биржа орқали тадбиркорлик субъектлари томонидан сотиб олинганлигига қарамай, ушбу чигит маҳсулотларини вилоят ҳудудидан олиб чиқишда тўсиқлар борлиги норозиликларга сабаб бўлмоқда», дейилади қўмита ахборотида.

Айни пайтда ҳолат ўрганилмоқда, қўшимча маълумот берилади.

Эслатиб ўтамиз, Каттақўрғон шаҳри ҳокими Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари чегарасида 100 тонна чигитни Қашқадарё ҳокими ва унинг биринчи ўринбосари топшириғи билан ноқонуний ушлаб турилганини айтганди.

Кейинроқ Қашқадарё ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур ҳолат бўйича расмий муносабат билдирганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг