Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чироқчилик аёл суддан эрини уриб ўлдирган ИИБ ходимларини озод қилишни сўради (видео)

Чироқчилик аёл суддан эрини уриб ўлдирган ИИБ ходимларини озод қилишни сўради (видео)

Фото: «Дарё»

Чироқчида ИИБ ходимлари томонидан уриб ўлдирилгани айтилган 32 ёшли Юсуф Абдураҳмоновнинг турмуш ўртоғи Гўзал Абдиева суд ҳайъатидан судланувчилар — Нурбек Овлаев ҳамда Анвар Жонқобиловларни кечириб, суд залидан озод қилишни сўради. Бу ҳақда навбатдаги суд мажлисида қатнашган «Дарё» мухбири маълум қилди.

Қайд этилишича, «Чироқчи воқеаси» айбдорлари ишини кўриб чиқаётган суд мажлиси 2020 йилнинг 16 сентябрь куни соат 15:00 да ўз ишини давом эттирган.

«Мен фақат буларнинг болаларини ўйлайман. Буларнинг ҳам аёллари бордир. Шуларни ўйлайман. Саккиз ой давомида зор қақшаб йиғладим. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Шунинг учун бу кунларни душманимга ҳам раво кўрмайман. Кўзим олдига шуларнинг фарзандлари келяпти. Уларнинг дадам қачон келади, дадам қачон келади, деган гапи эшитиляпти. Менинг фарзандларим отасини йўқотди. Отасининг меҳрига зор бўлди. Лекин буларнинг фарзандлари отасини кутиб турибди. Ҳозир бу ерда буларнинг оналари қанчалар эзиляпти. Майли, мен Худога солдим, Худо кўрсатсин. Президентимиз қанчадан қанча инсонларни кечиряпти. Наҳотки, мен шу икки инсонни кечиролмасам», — деди марҳумнинг турмуш ўртоғи Гўзал Абдиева.

Гўзал Абдиева суд ҳайъатига судланувчиларни 50 йил муддатга қамаса ҳам эри тирилиб келмаслигини, шунинг учун уларни суд залидан озод қилишни сўради.

«Қалбимда оғриқ бор. Мени шу юкдан озод қилинг ва одилона ҳукм чиқаринг. Менинг фарзандларим етим бўлди. Энди буларнинг фарзандлари етим бўлмасин. Мен қийналганим етади. Буларнинг аёллари бошига ҳам менинг куним тушишини хоҳламайман — бу иккаласини ҳам суд залидан озод қилишингизни сўрайман. Майли, буларни чиқаринг, виждони қийналсин. Менинг елкамда оғир юк қолмасин фақат. Буларни чиқармасангиз, менинг виждоним қийналиб ўтади», — деди у.

«Чироқчи воқеаси» айбдорлари иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси К.Толлибоев раислигида Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг январь ойида Қашқадарёнинг Чироқчи тумани Лангар қишлоғида яшовчи фуқаро Ю. А. чорва моллари ўғирлигида гумон қилиниб, туман ИИБ ходимлари томонидан қаттиқ калтакланиши оқибатида вафот этган эди. Ҳолат бўйича ўша пайтдаёқ жиноят иши қўзғатилган, бир неча ИИБ ходими ҳибсга олинишидан ташқари туман ва вилоят ИИБдаги қатор масъул ходимлар ишдан олинганди.

Шунингдек, «Чироқчи воқеаси» юзасидан қўзғатилган жиноят иши доирасида беш нафар ИИБ ходимига нисбатан айб эълон қилинганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг