Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Даҳшатли хотиралар сабаб болалар ҳатто ухлай олмаяпти – ЮНИСЕФ

Даҳшатли хотиралар сабаб болалар ҳатто ухлай олмаяпти – ЮНИСЕФ

Ғазо секторида 314 кундан буён давом этаётган қонли уруш фаластинлик болаларнинг тушларига қадар бостириб кирди. БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги вакили Салим Овейснинг ҳикоя қилишича, ғазолик юз минглаб болалар ўқиш, ўйнаш тугул тинч-осойишта ухлаш неъматидан ҳам маҳрум қолмоқда.

Муттасил бомбардимонлар сабаб оилалар бир жойдан иккинчи жойга кўчишга мажбур. Энг ёмони, уруш ва қирғинбарот даҳшатлари мурғак болаларнинг онги, руҳиятига ўта салбий таъсир кўрсатмоқда. Уруш ҳақидаги даҳшатли таассуротлар сабаб болалар ҳатто тунда ҳам ухлай олмаяпти.

Ғазо секторидаги Дайр ал-Балаҳ, Хон Юнус шаҳарларига сафар қилган ЮНИСЕФ вакили Салим Овейсга кўра, аҳоли, хусусан, болалар тоза сув, озиқ-овқат, дори-дармон ва гигиена воситаларидан ҳам мосуво этилган.

2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода камида 16 минг бола ҳалок бўлди. 
Фото: AP

«Афсуски, Ғазо секторидаги болалар болалик гаштини сура олмаётир. Лагерлардан вақтинча паноҳ топган оилалар билан суҳбатлашганимда аксар болалар уруш қачон тугашини сўради. Улар чарчагани, тинкаси қуригани кўриниб турибди. Ҳолбуки, бу ёшда болалар ҳаётга чанқоқ ва ҳаракатчан бўлиши керак», – дейди ЮНИСЕФ вакили.

Таъкидланишича, Ғазода болалар жон сақлаши учун хавфсиз жой қолмаган.

«Ғазо секторидаги кўплаб болалар ўзи гувоҳ бўлган қўрқинчли ҳодисалар сабаб ҳатто ухлай олмаяпти. Ўйлайманки, бу ҳолат халқаро ҳамжамиятга болалар тақдирини биринчи ўринга қўйиш ва керакли чоралар кўриш учун огоҳлантирувчи қўнғироқ бўлади. Зўравонлик ва зиддиятга чек қўйиб, болаларнинг муносиб яшаши учун имкон бериш вақти келди», – дейди Салим Овейс. 

БМТ Болалар жамғармаси, шунингдек, минглаб фаластинлик болалар яқинлари бағридан узилганига ҳам эътибор қаратган.

Исроил армияси ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён 40 мингдан зиёд фаластинлик (ҳудуд аҳолисининг 1,8 фоизи) ҳалок бўлди. Уларнинг камида 16 минг нафари болалардир.

Буюк Британияда жойлашган «Save the Children» ташкилоти ёзишича, 21 мингга яқин фаластинлик бола дом-дараксиз йўқолган.

БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ) матбуот котиби Жеймс Элдер Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни «болаларга қарши уруш» деб атаган.

БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги бош комиссари Филипп Лаззаринига кўра, сўнгги олти ой ичида Ғазо секторида дунёда охирги тўрт йилда кузатилган барча можаролардан кўпроқ болалар ҳалок бўлган.

Жорий йил июнь ойида БМТ Исроилни болалар ҳуқуқларини поймол этувчи ва уларга зарар етказувчи давлатлар рўйхатига киритди. БМТ бош котибининг болалар ва қуролли зиддиятлар масалалари бўйича махсус вакили Виржиния Гамба томонидан тузилган ҳисоботда Ғазо секторида болаларни ўлдириш, ўғирлаш, калтаклаш, шунингдек, мактаб ва шифохоналарга ҳужум ҳақида сўз боради.

Афсуски, даҳшатли статистика кун сайин ошиб бормоқда. Халқаро ташкилотлар Ғазода кўп сонли болалар очлик туфайли ҳам дунёдан кўз юмаётгани, Исроил очликлан қурол сифатида фойдаланаётгани ҳақида бонг  урмоқда. Қайд этилишича, болалар очлик сабаб чорва молларига мўлжалланган озуқаларни истеъмол қилишга мажбур бўлмоқда. Бу эса заҳарланиш ва бошқа юқумли хасталиклар хавфини оширмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг