Дарёқалб ва бетакрор ижодкор
Шу кунларда «Олтин мерос пресс» нашриётида нозиктаъб муаллиф, том маънода кўп қиррали шахс Бозор Болта Бобонинг сайланма китоби нашр этилди.
Аслида муаллифнинг меҳнат фаолиятига назар ташласак, бу ранг-баранглик яққолроқ намоён бўлади.
У 1972 йилда Самарқанд давлат педагогика институтини тугатгандан кейин (1984-1990 йилларда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш инженерлари институтида ҳам таҳсил олган) Шаҳрисабз шаҳар 16-сонли мактаб она тили ва адабиёт ўқитувчиси (1972-77), Шаҳрисабз туман ёшлар қўмитаси 1-котиби (1977-1984), туман халқ назорати қўмитаси раиси (1984-1988), «Гулистон» хўжалиги раиси ўринбосари (1988-1989), 28-ҳунар техника билим юрти директори (1989-1993), «Ўроқ Ибрагимов» хўжалиги раиси (1993-1995), 32-сонли касб-ҳунар лицейи директори (1995-2002), туман маданият ва спорт ишлари бўлими бошлиғи (2002-2005), Шаҳрисабз шаҳар 16-сонли мактаб директори (2007-2011) сифатида узоқ йиллар самарали меҳнат қилди.
У ўзи туғилиб камол топган Шаҳрисабзни ниҳоятда қаттиқ севади, шу сабабли вилоят ва мамлакат миқёсида қанча-қанча таклифлар бўлмасин, раҳбарлик лавозимларида фақат ўз манзил-маконида элга хизмат қилишни афзал билди.
Санъат ва адабиётга ошуфтақалб, беозор-беғубор бу инсон мени илк бор Тошкентга олиб келганини ҳеч қачон унутмайман. Адашмасам, 1996 йил эди. У пайтларда Бозор ака 32-сонли касб-ҳунар лицейи директори эдилар. Таълим даргоҳидаги иқтидорли талабаларни йиғиб, алоҳида бир бадиий даста тузилган, бу ерда доимий равишда қизғин маданий муҳит ҳукмрон эди.
Таълим даргоҳи ижодий жамоаси тизимдаги кўрик-танловнинг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган, Тошкентдаги босқичда иштирок этиш учун тадорик янгича шиддатли тус олган эди. Репетиция жараёнларининг ҳар бир куни шу қадар қизиқарли, шу қадар жонли кечар эдики, бу оламдан сира чиқиб кетгинг келмас эди. Бозор ака жамоа билан соатлар шуғулланишдан чарчамас, саҳнадаги ҳар бир чиқиш, ҳар бир ҳаракатга профессионал ёндашар, талабалар ўхшата олмаса, гарчи табиатан мулойим бўлишларига қарамай, асабийлашиб, қаттиқ жаҳли чиқиб кетар эди. Аксинча бўлса, болалардай мириқиб кулар, роҳатланар ва кайфияти хушвақт бўларди.
«Нота асосида миллий мусиқий созда ижро» шартида Қори-Ниёзий мактабидан мени жалб қилдилар ва ўша йили пойтахтда, ҳозирги миллий театрда ўтган республика босқичида фахрли 3-ўрин эгалланди.
Менга ўша пайтда бу театрда драматург Ҳайдар Муҳаммад, юлдуз актёрлар Турғун Азизов, Эркин Комилов, Рихси Иброҳимова, Дилбар Икромова билан қисқа мулоқотда бўлиш бахти насиб этган, болалик оламимга жуда катта ижобий таассуротлар уйғотган эди.
Бозор Болтаев барча давраларда ўзининг шоирликка даъвоси йўқлигини, оддий бир ҳаваскор эканини таъкидлаб келса-да, кўп йиллар давомида ўнга яқин китоблар нашр этди. «Тўёна» шеърлар тўплами, «Мангулик даъвати», «Айтилмаган қўшиқлар», «Отам туйган ғурур» ва «Кузда унган чечаклар» каби асарлари ихлосмандлар томонидан яхши қабул қилинди.
Аммо бугунги тўплам унинг ўқувчилар олдидаги ўзига хос ижодий сарҳисоби, яхлитлашган салмоқли овози дейиш мумкин. Унинг шеърияти ҳақиқатда гўзалдир. Уларда инсонларнинг турфа характерлари жуда чиройли тарзда ифодаланади. Эмоционал, очиққалб, ростгўй, ҳар қандай ғийбатлардан йироқ бу самимий инсоннинг йиллар ўтгани сари туйғу-туғёнлари сайқаллашиб, поэтик олами янада теранлашади. Тарих илмининг пухта билимдони, пахтачилик соҳасида катта тажриба оттирган иқтисодчи, сўзга чиққанда бутун аудиторияни ўзига дарҳол маҳлиё этиб оладиган нотиқ адабиётнинг чинакам ошиғидир.
Таниқли шоир ва журналист Амирқул Каримов суҳбатларимиздан бирида Бозор аканинг ижодини таърифлаб, «у кишининг ижоди мени доим ўзгача таъсирлантиради. Ота-онасини, Ватанини қайноқ меҳр-муҳаббат билан яхши кўрган фарзандгина ана шундай китоблар ёза олади. Унинг шеърияти сохта кўтаринкилик, адабий оҳангжамаликдан ва зўракиликдан холи, мусаффо туйғулар ҳосиласидир. Бозор ака учун Ватан моддий ҳодиса, ота, она, фарзанд тимсолга ва ҳаёт мазмунига айланиб кетган», деган эди.
Жумладан, тўпламдан жой олган «Сафар олдидан» шеърида қишлоқдаги гўзал қиз ҳақидаги қуйидаги бетакрор сатрлар кишини ўзига мафтун этади:
У жуда яхши қиз, оҳ бирам дилкаш,
Мен уни кўришни истайман мудом.
Бировлар дилимни гар қилишса ғаш,
Қизчанинг хаёли беради ором.
Институтни тамомлагач, қадрдон бўлиб қолган талабалардаги айрилиқ ҳислари шу мисраларда яққол намоён:
Узилгандек маржон шодаси,
Тарқаб кетди дўстлар давраси.
«Бир Кенагас қўшиғи»да эса ҳеч қачон кун тартибидан тушмаган босқинчи-ғанимларнинг асл башарасию ёвуз ниятини тагдор нафрат ва ҳикматона ибора билан акс эттиради:
Босқинчидан дўст бўлмайди, бўлмагандир ҳеч қачон,
Аё дўстлар, фидо бўлган Туркистон деб йиғларман.
«Ўзинг ҳакамсан, халқим» шеърида эса манманлик, каландимоғлик, ўзини кўз-кўз қилиш, мунофиқлик, саводсизлик, эътиқодсизликни кескин қоралайди. Дангасалик, ичкиликбозлик, қоғозбозлик, сотқинлик, хиёнат каби иллатларига киноя воситасида болта уради:
Содиқ қолсайдик биз ҳар қандай ҳолда,
Тоза қалб буйруғи, виждон амрига.
Сунъий донолару, кечаги мардлар,
Бугун юришмасди писиб панада.
Шоир туман ёшлар қўмитасида ишлаб юрган кезлари, 1982 йилнинг февраль-март ойларида Парижда cафарда бўлади. Французлар император Наполеоннинг Россиядан миниб қочган отларини жуда учқур бўлганини ҳақида айтиб, мақтанишганидан ҳайратланиб, «Фарангларнинг учқур отлари» шеърини ёзади ва ҳар бир миллат ўзини ҳар қандай вазиятда ҳам севиши заруриятини таъкидлайди.
Содда ўзбекман-да, тарих билмаган,
Мақтанишни ҳануз эплай олмайман.
Гап кетса даврада Темур бобомдан,
Тил ютиб, ўзгадан чўпчак тинглайман.
Наполеон – фарангларнинг кўкдаги ойи,
Айтиб ҳам қўйганлар айтарларини.
Французлар ҳатто мақташар экан,
Русдан миниб қочган байталларини.
Бозор ака ўзи кўп йиллар колхозларда, кейин ширкат хўжаликларида раис бўлиб, ернинг тилини яхши тушунадиган қишлоқ хўжалиги ходими сифатида айрим далаларнинг ҳақиқий деҳқон қўлидан кетиб, беш-бегона шахсларга тушиб қолганини, бу кулгули фожеаларга олиб келганини «Ўзбекнинг даласи» шеърида қаламга олади:
Ўзбекнинг даласи деҳқон қўлида,
Бу удум ҳамиша тош босиб келган.
Бир рассом дўстимиз фермер бўлай, деб,
Урҳо-ур пайтида ер олиб қўйган.
Томоша бошланди биринчи кундан,
Кетмон мўйқаламга ўхшамас мутлоқ.
Биз дедик: «ер билан тиллашиш мушкул,
«Қуён»нинг расмини чизган маъқулроқ».
Бир шеърида шоирлар ҳаёт фалсафасини ва фидойилигини кўркам шаклда тасвирлайди:
Дунёда бир зот бор тинмайди сира,
Борлиғи, қилмиши қалбга доирлар.
Ҳаттоки нон берманг, берманг нафақа,
Оқ қоғоз бўлса бас, яшар шоирлар!
«Ёлғиз бўлмасин» шеърида отасидан ёлғиз фарзанд (раҳматли Болта Шербобоев узоқ йиллар тумандаги жамоа хўжалиги раҳбари бўлиб ишлаган) сифатида ўсгани учун аччиқ армон ва изтироблар призмасида баҳо беради:
Ҳовлида чопқиллаб юрсин болалар,
Ўғил бўладими ёки қиз бўлсин.
Иложи борича туғинг, оналар,
Ўзбекнинг боласи ёлғиз бўлмасин.
Ота-она кетгач телбадек зор-зор,
Бир ғариб бўзлайди меҳрга муштоқ,
Тан бердим, «ёлғизлик Аллоҳга хосдир»,
Деган шоиримиз ҳақ экан, мутлоқ!
Тўпламнинг иккинчи қисмидан ўрин олган, содда ва равон тилда ёзилган, қизиқарли сюжетли насрий ишларидаги ҳар бир қаҳрамон ва ҳар бир воқеа табиийлиги, юморга бойлиги, характерлари сержилолиги билан катта аҳамиятга моликдир.
Чеҳрасидан нур ёғилиб турадиган, кўнглида заррача кири йўқ, бутун умр аъмоли яхшилик ва эзгулик бўлган, доим улуғ мақсадлар сари интилиб келаётган Бозор ака доимо пок ва ҳалол, фақат виждон амри билан яшаган раҳбар, юксак маданиятга эга, танти ва мулойим, баркамол инсон тимсоли бўлиб қолади.
Лазиз Раҳматов,
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
«Шуҳрат» медали соҳиби
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter