Азиз Муҳитдинов: «Давлат органлари рақобатга мослашиши шарт, йўқса...» (видео)
Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, электрон ҳукумат аҳолимиз, тадбиркорлар ва давлат ташкилотлари ишини қандай енгиллаштириши мумкин? Янги – «Қулай ҳаёт» лойиҳаси орқали буни очиқлаб борамиз.
Илк суҳбатдошимиз Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази директори Муҳитдинов Азиз Ҳакимович.
– Бугун «Электрон ҳукумат» тушунчаси кўпчиликка бегона эмас. Шунга қарамай, келинг, унга оддий таъриф бериб ўтайлик, яъни «Электрон ҳукумат» нима?
– Мен «Электрон ҳукумат»га – давлат органларининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини масофадан, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда кўрсатилиши, шунингдек, давлат идораларининг электрон ҳамкорлик қилишига қаратилган чора-тадбирлар ва техник воситалар тизими дея қисқача таъриф бермоқчиман.
– 2020 йил бутун инсоният кутилмаган ҳодиса, коронавирус пандемиясига дуч келди. Бу жараёнда энг тўғри ечим сифатида рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон мана шу вазиятга тайёр эдими?
– Қайсидир жиҳатларда тайёр эди дея оламан. Пандемиянинг давомли кечганини инобатга олсак, қўшимча жабҳаларда ҳам юқорига силжишлар кузатилди. Бир тасаввур қилинг-а, пандемия шароити, лекин ахборот технологиялари йўқ давр бўлса, онлайн мулоқот, тўловлар, масофавий таълим имкониятларини беролмасдик, назаримда.
Давлат ташкилотлари фаолиятида эса пандемия электрон ҳужжат алмашинуви ва онлайн видеоконференциялар тизими ривожланишига йўл очди.
– Ҳар бир ишнинг хайрли бир томони бор деганларидек, айнан пандемия рақамлаштиришнинг ривожланишига туртки бўлди. Одамлар давлат хизматларидан my.gov.uz орқали фойдаланишни бошлашди. Натижа қандай бўлди, яъни электрон давлат хизматлари қанчалик ривожланди?
– Электрон давлат хизматларининг ривожланиш кўрсаткичларини пандемиядан олдинги – 2019 йил билан солиштирадиган бўлсак, my.gov.uz дан фойдаланувчилар сони 5 баробарга ўсиб, 1,3 млн.га етди. 2021 йилда аҳоли ва тадбиркорлар томонидан Ягона порталга давлат хизматларини олиш бўйича 9 млн.дан ортиқ аризалар келиб тушган. Энг қизиғи, ўтган йили жами кўрсатилган давлат хизматларининг 56 фоизи my.gov.uz орқали амалга оширилган бўлса, давлат идораларига бевосита борган ҳолда олиш эса 44 фоизга тўғри келди. Пандемиягача бўлган даврда бунинг акси эди, 70 фоиз кўрсатиладиган хизматлар бевосита давлат органларига мурожаат қилган ҳолда амалга ошириларди.
– Ҳозир 44 фоиз ҳақида сўз юритдингиз. Нима учун мана шу 44 фоизи ҳамон давлат хизматларини жойларга чиқиб оляпти? Бундан ишлар нотўғри йўлга қўйилганми ёки ҳали қилиниши керак бўлганлари борми, деган хулосага келамиз...
– Менимча, бу электрон давлат хизматлари бўйича тарғибот масаласи сустлиги билан боғлиқ деб ўйлайман. Чунки кўча-кўйда одамлар билан суҳбатлашиб қолганда, бизда ҳамон психологик тўсиқ мавжудлигига амин бўламиз. Яъни аҳолимизда электрон тарзда олинган ҳужжатларга ишончсизлик бор. Масалан, ҳужжатни чиқариб олгандан кейин «Имзоси йўқ, муҳри йўқ, бу олиб борган жойимга ўтармикин», деб ўйлаб қолишади...
Бунинг сабабини етарлича маълумотга эга эмасликдан деб биламан. Шунингдек, кўп фуқароларимизга my.gov.uz хизматларидан фойдаланиш жуда қийин жараёндек туюлади. Яхшиси, жойига борсам, ишим тезроқ, ишончлироқ битади, деган фикр бор уларда.
– Биздаги маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ягона порталдаги электрон хизматлар сони 300 дан ошган. Бу йил улар сонини қанчага етказиш режалаштирилган? Яъни халқимизга яна қандай қулайликлар тақдим этилади?
– Бугунги кунда 700 дан ортиқ анъанавий давлат хизматлари мавжуд бўлса, шулардан 309 таси электрон кўринишга ўтказилган. Бу йилги режада йил якунига қадар улар сонини 400 тага етказишни мақсад қилганмиз.
Булардан баъзиларини санаб ўтаман. Биттаси хорижий меҳмонни Ўзбекистонга таклиф қилиш бўйича ариза бериш бўлса, яна бири автомобилларнинг олди-сотди жараёнларида унга қўйилган тақиқларни текшириш хизмати. Бундан ташқари, автомобил тарихини кўриш имконияти ҳам яратилади. Яъни бундан олдин сотувда бўлганми, неча марта йўл-транспорт ҳодисалари кузатилган ва ҳоказо.
Шу кунларда ўқитувчиларимиз учун бюрократик жараёнлардан бири ҳисобланган аттестациядан ўтишга ариза топшириш хизматини ишга туширяпмиз. Энди улар 5 дақиқага қолмай компьютерда Ягона портал орқали рўйхатга туриб, тўловларини ҳам амалга оширишлари мумкин. My.gov.uzда кўрсатиладиган хизматларга 10 фоиз чегирма борлиги эса ҳам молиявий, ҳам вақт жиҳатидан жуда қулайдир.
– Бугунги кунда АКТ соҳасини ривожлантиришда кадрларнинг ўрни, салмоғи, билим даражаси жуда муҳим, тўғрими?..
– Дарҳақиқат, кадрлар масаласи долзарб. Бу борада етарлича муаммолар ҳам бор. Биласизми, АКТ шундай соҳаки, у чегара танламайди. Масалан, ҳозир йирик IT компаниялар Ўзбекистонда ўз офисларини очишяпти. Уларда яхши тажриба бор. Шулар асосида ёшларимизни ишга жалб қилишяпти. Бугун IT бозорда кадрлар бўйича рақобат жуда кучли. Шундай экан, давлат органлари ҳам бу рақобатга мослашиши шарт. Йўқса, малакали кадрларни йўқотамиз. Бу ўз навбатида ишимиз сифатига, натижасига таъсир қилади. Демак, давлат ташкилотлари ҳам IT мутахассислар билан ишлашга қарашларини ўзгартирадиган давр келди. Бу креатив соҳа, уларни чегаралаб қўйиш ярамайди. Янгилик яратиши, қўйилган масалани ноанъанавий йўллар билан ечиши керак.
– Биламизки, ҳар икки йилда бир БМТ томонидан электрон ҳукуматнинг ривожланиш рейтинги олиб борилади. 2020 йилда Ўзбекистон 187 та давлат ичидан 87-ўринни эгаллаган экан. 2022 йилда айнан рейтингни ошириш борасида Марказ ўз олдига қандай мақсадларни қўйган?
– БМТ баҳолаш рейтингининг 3 та асосий тамойили бор. Биринчиси, электрон давлат хизматлари: бу томондан биз 46-ўриндамиз. Яна иккита: телекоммунакация ва инсон капитали компонентлари бўйича эса ишлашимиз керак. Шу иккаласини кўтарсак, рейтингга албатта таъсир қилади. 2021 йилда кореялик ҳамкорларимиз билан қўшма лойиҳани амалга оширдик. Унга кўра, жорий йилнинг янги рейтингида 87-ўриндан 74-ўринларга кўтарилиш эҳтимолимиз катта.
Кореялик мутахассислар билан бу йўналишда ҳамкорлик қилаётганимиз бежиз эмас. Бу мамлакат кўп йиллардан бери ушбу рейтингда биринчилар қаторида юради. Иш тизимли ташкил қилинган. Кореяда БМТнинг электрон ҳукумат рейтинги баҳоси натижаси чиққач, бунинг устида катта аналитик гуруҳ ишлайди. Яъни тўғри баҳоладими-йўқми ўрганишади. Бизда, афсуски, бундай тизим ривожланмаган. Бу йил халқаро рейтинглар ва индекслар билан ишлайдиган мана шундай гуруҳни шакллантирмоқчимиз. Ва бу келажакда албатта ўз ҳосилини беради.
– Рейтингдан келиб чиқиб Ўзбекистоннинг бугунги кундаги ютуқ ва камчиликлари нималарда деб ўйлайсиз?
– Албатта, рейтингдаги ўрнимиз бизнинг асосий мақсадимиз эмас. Мен уни қилаётган ишларимиз, амалга ошираётган чора-тадбирларимизни баҳолаш механизмларидан бири деб ҳисоблайман. Биринчи даражадаги вазифамиз – халққа манфаат келтириш. Рейтинг, баҳолаш, индекслар эса шу йўналишда қилаётган ишларимиз тўғри кетяптими, ҳақиқатан, қулайликлар яратиляптими – шуни ўзимизга белгилаш мезонлари деб биламан.
– Демак, бош мақсад...
– Аввало, аҳолига давлат хизматларидан фойдаланишида қулайлик яратиш, оғирини енгил қилиш, кенг кўламли хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратишдир. Шунингдек, бир қатор муҳим техник, идоралараро лойиҳаларимиз бор. Булар қилаётган ишларимизнинг кўринмайдиган тарафи. Бизда асосан Ягона портал «фронт офис» сифатида хизмат қилади. Амалга ошираётган ишларимиз самарадорлигини эса электрон хизматлардан фойдаланаётган фуқароларимиз баҳолайди.
Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видеода кўришингиз мумкин.
Лойиҳа муаллифи: Шоҳида Исроилова
Бошловчи: Ғолибназар Қурбонов
Видеомуҳандис: Саъдулла Обиджонов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter