Давлат харажатларининг 70 фоиздан ортиғи Барқарор ривожланиш мақсадларига сарфланмоқда

Шавкат Мирзиёев инсон саломатлигини муҳофаза қилмай туриб, унинг имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқариб бўлмаслигини қайд этди.
Бу борада 140 минг камбағал оилага шифокор бириктириб, уларни йилига бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилди. Энди кафолатланган тиббий хизматлар кўпайтирилиб, камбағал оилаларнинг бунга сарф қиладиган харажати 2 карра қисқартирилади. Бунда уларга бепул дори ва кафолатланган тиббий хизматлар пакети тақдим этилади.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан манзилли ишлаш камбағалликка қарши курашда асосий йўналишлардан бири. Бу тизим тубдан ислоҳ қилиниб, илгари 6 та давлат ташкилотида бўлган ваколатлар ягона Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига бирлаштирилди. Қисқа муддатда ҳар бир туман ва шаҳарда 100 дан ортиқ ижтимоий хизматларни «бир дарча» тамойили асосида кўрсатадиган «Инсон» марказлари ташкил қилинди. Ҳар бир маҳаллада ижтимоий ходим аҳоли билан проактив ишламоқда.
Имконияти чекланган аҳолининг камбағалликка тушиб қолиш эҳтимоли юқорилиги боис, уларни қўллаб-қувватлаш, инклюзивлик асосида жамиятга интеграция қилиш бўйича янги ёндашувлар ишлаб чиқилди. Муносиб меҳнат шароити яратилгани учун бу йил 150 минг ногиронлиги бор шахслар ишга жойлашди. Уларга ҳаётий зарур тиббий жиҳоз, аравача ва протезлар бепул етказиб берилмоқда.
Ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, одамларга яшаш учун қулай шароит яратиш кўп ўлчовли камбағалликни қисқартиришда муҳим қадам бўлади.
Шу мақсадда қарийб 3,5 миллион аҳоли яшайдиган шароити оғир 1 мингта маҳаллада инфратузилма яхшиланмоқда. Натижада шу йилнинг ўзида 470 минг хонадон томорқасига сув борди, яна 790 минг хонадонда электр энергияси таъминоти яхшиланди.
Келгуси йилда маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш, иш ўринларини кўпайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга яна 400 миллион доллар ажратилади. 32 та туман ва 328 та оғир маҳалла танланиб, уларни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.
Шунингдек, 810 та маҳаллада сув, канализация, йўл, мактаб ва боғча қуриш бўйича 1,3 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади. Уй-жойга муҳтож ва даромади паст аҳолига ипотека тизимидан фойдаланиш учун ҳар йили 200 миллион доллар субсидия ажратилади.
Президентимиз халқаро молия институтларини ривожланаётган мамлакатларда инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришда камбағалликни қисқартириш талабини киритишга чақирди.
Президентимиз Ўзбекистонда давлат харажатларининг 70 фоиздан ортиғи айнан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун сарфланаётганини таъкидлади. Шу билан бирга, глобал миқёсда ушбу мақсадларга эришиш учун ривожланаётган давлатларга йилига 4 триллион доллардан зиёд маблағ зарур.
Бундай шароитда хавф-хатарларни объектив баҳолаш, молиявий ресурсларни жалб қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш бўйича «камбағалликка қарши курашнинг янги молиявий архитектураси»га эҳтиёж сезилмоқда.
Ушбу масалаларга ечим топиш мақсадида Президентимиз 2026 йилда кўҳна Хива шаҳрида халқаро молия институтлари, донор ташкилотлар ва ҳамкор давлатлар иштирокида юқори даражадаги конференция ўтказишни таклиф қилди.
«Инсон қадрини улуғлаш орқали уларга муносиб шароит яратиш, бу борада камбағалликни қисқартириш — Янги Ўзбекистондаги барча ислоҳотларнинг замирини ташкил қилади.
Бир нарсага аминман: Ўзбекистон ортга қайтмас ислоҳотлар йўлидан қатъий бориб, камбағалликни қисқартириш борасида ҳам, Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришиш бўйича ҳам барча мажбуриятларини бажаришга ҳаракат қилади», — деди сўзининг якунида давлатимиз раҳбари ва Наманган шаҳрида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўтаётган «Камбағалликдан фаровонлик сари» III халқаро форуми ишига муваффақиятлар тилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter