Давлат хизматчиларига қатор тақиқлар қўйилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугунги йиғилишида кўпдан буён муҳокама қилинаётган муҳим қонунлардан бири «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди. Энди мазкур қонун Сенатга юборилади.
Қонун билан Ўзбекистон давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият идораларида меҳнат қилаётган 120 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти, уларнинг мақоми ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, давлат фуқаролик хизматига кириш ҳамда ушбу тизимда коррупция ва манфаатлар тўқнашувини олдини олишга оид муносабатлар тартибга солинган.
Депутат Дониёр Ғаниевнинг маълум қилишича, эндиликда ваколатли орган — Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилади ҳамда реестрга киритилган лавозимларга давлат хизматчилари очиқ танлов асосида тайинланади.
Реестрга киритилган давлат фуқаролик лавозимлари гуруҳ ва тоифаларга ажратилиб, давлат хизматчисига унинг лавозим гуруҳи ва тоифасидан келиб чиқиб, малака даражалари (чин) берилади.
Ваколатли давлат органи томонидан давлат хизматчиси фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари ишлаб чиқилади ҳамда давлат хизматчисининг муносиб рағбатлантирилиши ва хизмат поғонасида кўтарилиши ана шу баҳолаш тизими натижалари асосида таъминланади.
Шунингдек, қонун билан давлат хизматчисига ўзининг даромади ва мол-мулки тўғрисида декларация топшириш (декларация топшириш тартиби ва муддати алоҳида қонун билан белгиланади), ўз хизмат фаолиятига ташқи таъсирларнинг олдини олиш ҳамда ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда жисмоний ва юридик шахслар фаолиятига ноқонуний таъсир ўтказмаслик мажбуриятларии юкланмоқда.
Қонун билан давлат фуқаролик хизматчисига қуйидагилар тақиқланмоқда:
- ўзаро яқин қариндошлик ёки қуда-андачиликда бўлган шахслар бевосита бўйсунув ва назорати остидаги давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаш;
- педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланиш;
- тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ёки тадбиркорлик фаолияти ташкил этиб, унинг муассиси бўлиш;
- ўз мавқейидан фойдаланиб ёки ўз хизмат вазифасини бажариш эвазига жисмоний ва юридик шахслардан ҳар қандай турдаги мукофот ёки совға олиш;
- чет эл фуқаролигига эга бўлиш;
- республика ҳудудидан ташқарида банк ҳисобварақлари очиш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter