Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Давлат хизматлари: ҳозирги ҳолат, замонавий тенденциялар, ривожланиш устуворликлари

Давлат хизматлари: ҳозирги ҳолат, замонавий тенденциялар, ривожланиш устуворликлари

Фото: Давлат хизматлари агентлиги

Бугун, 21 сентябрь куни Тошкентдаги «Miran International» меҳмонхонасида «Давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтяпти. Унда Буюк Британия, Испания, Япония, Жанубий Корея, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон каби мамлакатлардан етук мутахассислар, халқаро ташкилотлар вакиллари, қатор вазирлик ва давлат идоралари раҳбарлари иштирок этишяпти.

Кун тартибида — фуқаролар ва бизнес-секторнинг эҳтиёжларига асосланган давлат хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш, уларни олишда маъмурий тўсиқларни камайтириш каби масалалар.

Адлия вазирлиги қошидаги Давлат хизматлари агентлиги Ўзбекистон президентининг тегишли қарори билан 2017 йилнинг декабрь ойида ташкил этилган. Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларни ўрганиш ва таҳлил натижалари унинг яратилишига туртки бўлди. Вазиятни ўнгламаса бўлмасди: бюрократия, ортиқча оворагарчилик, коррупция каби иллатлар халқимизнинг давлат идоралари фаолиятидан норозилигини кескин ошириб юборганди.

Бугунги кунда мамлакатимиз бўйлаб 201 та Давлат хизматлари маркази фаолият олиб бормоқда: ҳар бир шаҳар (туман)да биттадан. Илгариги «Ягона дарча» марказларидан асосий фарқи — давлат хизматлари нафат юридик, балки жисмоний шахсларга ҳам кўрсатилишидир. Шу сабабли 32 та (2017 йили) хизмат тури ҳозир 100 дан ошди. Сентябрь ойидан эса улар қаторига аҳоли ўртасида оммалашган 6 та янги хизмат кўшилди.

Қиёслаш учун: 2017 йил давомида умумий 120 мингдан зиёд хизматлар кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг фақат апрель-май ойларининг ўзида уларнинг сони 570 мингдан, ўтган 8 ой мобайнида эса 2 миллиондан ошди.

Давлат хизматларини ривожлантириш — узлуксиз жараён. Давлат хизматлари агентлиги томонидан доимо янги давлат кўрсатиш метод ва усуллари синовдан ўтказилади. Масалан, чекка ҳудудларда яшовчи аҳолига қулайлик яратиш учун «мобил» ёки сайёр давлат хизматларини кўрсатиш тизими йўлга қўйилди. Улар жойлардаги марказларнинг ходимлари томонидан ҳар дам олиш кунлари кўрсатилади. Олис масофада жойлашган аҳоли учун эса Давлат хизматлари марказларининг филиаллари очилмоқда. Улардан биринчиси — Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманига қарашли Қорақалпоқ қишлоғининг филиали. Мазкур аҳоли маскани туман марказидан 380 километр йироқда жойлашган.

Албатта, бартараф этиш лозим бўлган камчиликлар ҳам йўқ эмас. Масалан, қатор давлат идораларида ахборот тармоқлари ва маълумотлар базалари ишлаб чиқилмаган, идоралараро интеграциялашув йўқ, ҳозирги марказ бинолари кўп сонли келувчиларга тез хизмат кўрсата олмайди. Оқибатда навбатлар пайдо бўлади, одамлар норозилиги келиб чиқади.

Шунинг учун ҳам замонавий архитектура-қурилиш лойиҳалари, юқори энергия самарадорлиги, максимал қулай шароитларни инобатга олган 200 га яқин Давлат хизматлари марказлари биноларини янгитдан барпо этиш вазифаси турибди.

Ўтказилаётган тадбир камчиликларни бартараф этиш, давлат хизматлари кўрсатиш тизимида янги чора-тадбирларни аниқлаш, фикр ва ғоялар алмашиш учун ажойиб бир имконият бўлиши кутилмоқда.

Давлат хизматлари агентлигининг
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг