Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Денгиз тубига чўккан хазина

Денгиз тубига чўккан хазина

Хазиналар чўкиб кетишига доир энг шов-шувли воқеа испанларнинг «кумуш флоти» ҳалокати билан боғлиқ. Бу тарих 1714 йили бошланди. Ўшанда испан мероси учун узоқ йиллик уруш эндигина тугаган эди. Ўзаро сулҳ шартномасига кўра, француз қироли Людовик ХIV нинг невараси Филипп V Испания қироли деб тан олинди. Бироқ янги монархга жуда қийин: мамлакат иқтисодиёти абгор аҳволда эди. Бутун бошли ҳарбий давр мобайнида Испанияни қарздан халос этиш учун Янги Дунёдан хазиналар етказиб бериш машаққатли юмуш ҳисобланарди. Вазият тобора оғирлашарди...

Олтин, кумуш ва қимматбаҳо тошлар

1714 йили Филипп V уйланишга қарор қилди. Унинг танлагани герцогиня Елизавета Фарнезе эди. Бироқ қироллик тўйи учун унча-мунча маблағ талаб қилинмас, бўшаб қолган ғазнада ҳеч вақо йўқ эди. Бундай шароитда Америкадан қимматбаҳо юкни келтириш осмондаги орзу ҳисобланарди.

1715 йил оддий бошланди. Севилья ва Кадисдан Янги Дунё қирғоғи томон иккита алоҳида флот – «Олтин» ғазна флоти ва «Кумуш» – Янги Испания флоти йўлга тушди. «Олтин»га адмирал дон Антонио-Эчеверрия-Субиса қўмондонлик қиларди. У галеонлар Перу ва Колумбия конларидан олтин ҳам зумрад олиши керак бўлган Картахен сари сузарди. Адмирал дон Хуан Эстебан Убилье қўмондонлик қилаётган «Кумуш» флот эса бу вақтда Мексиканинг Веракрус бандаргоҳи томон ошиқарди. У Мексика шахталаридан кумуш ва олтин қуймалари ва Филиппиндан Акапулькога келтирилган қимматбаҳо Шарқ моллари ҳамда ипак, фил суяги, чинни юклаши керак эди. Хазиналар ортиб бўлингач, ҳар иккала флот Гаванада учрашиб, бир саф бўлган ҳолда орқага – Испания соҳиллари қайтиши режалаштирилганди.

«Олтин галеонлар» бирикмаси Гаванага биринчи бўлиб келди. Бу пайтда Акапулькодан хачирлар карвони орқали юклар етказилишини кутган «Кумуш флот» Веракрусда ушланиб қолди. Ниҳоят май ойининг биринчи ҳафтасида Убилье кемалари Гаванадаги бандаргоҳга кириш жойида пайдо бўлди. Савдогарлар испан кемалари қўмондонларини қуршаб олдилар. Улар ҳар қандай имкониятни ишга солиб (ҳатто пора бериб) бўлса-да, узоқ кутилган эскадранинг келганидан фойдаланиш ва молларини кемаларга ортишга ҳаракат қилишди. Гавана губернатори ҳам бир чеккада қолмади: у шахсий молини етказишни адмирал Убилье эскадраси таркибига кирган француз «Грифон» ҳарбий кемаси капитани Антуан Даруга топширди.

Денгиздаги бирлашган флотга чиқиш сўнгги дақиқаларда Филипп V буйруғи билан бекор қилинди: Гаванага герцогиня учун совға-саломга мўлжалланган қимматбаҳо зийнат буюмлари етказилиши керак эди. Ниҳоят адмирал Убилье кемаларига олтин, кумуш ва қимматбаҳо тошлардан иборат саккизта сандиқ ортилди. 24 июлда флот Гаванадан йўлга тушиб, майин шабада ҳамроҳлигида сокин денгиз бўйлаб Испания соҳиллари томон суза бошлади.

29 июль куни чошгоҳда испан кемалари денгиздаги шамолсиз вақт доирасига кириб қолди. Қилт этган шабада йўқ, ҳатто денгиз қушлари ҳам қаёққадир ғойиб бўлганди. Бу даҳшатли сукунат денгизчиларга муждадан хабар қилмаётганди. Бало дегани эртасига бошланди...

Ўша куни кўпчиликка худди қуёш чиқмагандек туюлди. Денгизда зимистонлик ҳукмронлик қилар, қалин қора булутлар уфқни тўсиб қўйган эди. Чошгоҳга келиб барчага елканлар, лангар ва бошқалар ёрдамида бир жойдан қўзғалмай туриш буюрилди. Кўриш даражаси шу қадар ёмонлашдики, ем-хашакни ёқишга тўғри келди. Кучли шамол турди ва кечга бориб унинг тезлиги кеманинг юз тезлик ўлчовига етди. Қутурган шамолнинг гувиллаган овози ваҳима уйғотарди. Айрим кемалардаги қўрқиб кетган одамлар қутқарув қайиқларини туширишга тайёр эдилар...

Оёқларга боғланган тош

Бу вақтда қароқчилар ва инглизлардан заррача қўрқмай қатъий ишонч билан одимлаётган капитан Антуан Дар ўзининг кемасида флотнинг бошқа кемаларидан ажралган ҳолда шарққа томон йўналарди. Флорида соҳилларида эса кучли пўртана жунбишга келган. 31 июль тонгида адмирал Убилье эскадрасидан фақат «Грифон» кемаси омон қолган эди...

Ўша тунда ўн битта кема чўккан. 2500 нафар денгизчидан салкам ярми ҳалок бўлгани аниқланди. Кемалар бўлаклари ва жасадлар Флориданинг шарқий қирғоғи бўйлаб 30 миль масофада сочилиб ётарди. Қутқарув қайиқлари орқали омон қолган испан денгизчиларидан икки нафари 120 миль масофани босиб ўтиб, фалокат жойидан ажратиб турувчи яқин аҳоли маскани бўлган Форт-Августинга етиб олишди. Шу ондаёқ флотнинг бошқа денгизчиларини излаш учун махсус кемалар жўнатилди. Бир вақтнинг ўзида, испанлар тинчиб қолган денгиз қаърига чўккан хазинанинг бир қисмини қидиришни бошлаб юборишганди.

Жавоҳиротни излаш кейинги ойларда ҳам давом этди. Маҳаллий ҳиндуларни соҳил бўйига ҳайдаб келган испанлар уларнинг оёғига тош боғлаб, сув тубида ётган кема қобирғасига қадар шўнғишга мажбур қилишди. Бироқ денгиз қаърида акулалар ва сув сатҳида қароқчилар, қурқуқликда эса ҳиндуларнинг доимий қилган ҳужумлари туфайли хазинани қайтариш умиди пучга чиқди. Орадан тўрт йил ўтиб, қидириш ишлари тўхтатилди. Саъй-ҳаракатлар беҳуда бўлмаганди, албатта: Севильядаги Ҳиндистон бош архивидаги ҳужжатларга кўра, қимматҳо юкнинг 30 фоизга яқин қисми чиқариб олинган...

1963 йили собиқ қурувчи ва келгусида машҳур Мэл Фишернинг дўсти ва ҳамкори бўлган Кип Вагнер Флорида қирғоқларида испан кумуш тангасини топиб олди. Омадга унча ишонмаган, ягона танга орқали ниманидир қўлга киритишга уринган Вагнер «Бош архив»га сўровнома юборди. Уни ҳайрон қолдириб, Севильядан бир талай ҳужжатлар нусхаси ва эски харита қўлига тегди. Мазкур манбалар орқали Флорида соҳилида танга тасодифан топилмагани аён бўлди. 1715 йили адмирал Убильенинг «кумуш флоти»га тегишли ўн битта кемадан ўнтаси кучли бўрон пайтида айнан шу ҳудудда чўкиб кетган эди. 1719 йилдан кейин бошқа ҳеч ким сув қаърида ётган хазинани чиқариб олишга уриниб кўрмаган.

Кип Вагнер хазина қидирувчилар гуруҳини жамлади, керакли асбоб-анжомлар учун пул топди ва Флорида соҳилига қараб йўл олди. Сув қаъри ва қирғоқ бўйидаги қумлоқдан олтмиш мингга яқин кумуш ва тилла тангаларни қўлга киритишга муваффақ бўлдилар. Шунингдек, ҳалок бўлган адмирал Убильега тегишли тилла занжири билан бирга аждаҳо кўринишидаги олтин ҳуштак, 40 дан 105 фунт вазнгача бўлган 42 та олтин, кумуш ва платинали лаппак, қимматбаҳо кумуш идиш-товоқларнинг бир қисми, махсус металлардан ясалган кўкрак хочлари ва бошқа жиҳозлар топилди.

Денгиз тубидан олинган зийнат буюмларининг жами баҳоси бир миллион долларга яқин қийматни ташкил этди. Аммо бу «1715 йил флоти» хазинасининг кичик қисми эди, холос.

                                                        Қора Сэм ва «Виддах» хазинаси                   

Қора Сэм лақаби билан машҳур бўлган қароқчининг ёшлик йиллари ҳақида маълумотлар кам. Унинг асл исм-фамилияси Сэмюэл Беллами эди. У 1689 йили Девонширда (жануби-ғарбий Англияда) туғилган, болалигида ҳам, ўсмирлик чоғларида ҳам ножўя хатти-ҳаракатга қўл урмаган. 1715 йили эса Сэмюэл кутилмаганда хотини ва боласини Англияда қолдириб, Кейп-Код (Массачусетс)га йўл олди. У ерда 15 ёшли Мария Хэллетни учратди ва бу қизга уйланишга қарор қилди...

Айни шу пайтда Флориданинг шарқий қирқоғи бўйида испан галеонларининг улкан хазинаси чўкиб кетгани билан боғлиқ овозалар Массачусетсга қадар етиб келди. Беллами испан олтинларини қидириб топиш учун Флоридага бориш кераклигига дўсти Пэлгров Уильямсни ишонтира олди. Йўлга чиқар экан, Марияга бўғзигача олтин ва кумушга тўлдирилган кемада қайтишига ваъда берди. Ана ўшанда турмуш қурадилар!

Бироқ испанларнинг «1715 йил флоти» хазинасини қидириб топиш осон эмасди. Қароқчилик билан шуғулланиш анча дуруст кўринди. Мариянинг ҳузурига қуруқ қўл билан қайтишни истамаган Беллами дўсти Уильямс билан бирга 1716 йили Бенжамин Хорниголд тўдасига қўшилди. Аммо Хорниголд инглиз кемаларини талашни хоҳламади, натижада унга қарши ғалаён кўтариб, Сэмюэл Белламини янги сардор қилиб танладилар.

Шундан сўнг бир ярим йил мобайнида Беллами катта шон-шуҳрат қозонишга эришди. Қора Сэм йўлбошчи бўлган қароқчилар элликдан зиёд кема, жумладан, кўп эшкакли уч мачтадан иборат «Виддах»га ҳужум уюштириб, талон-тарож қилишга эришдилар. Мазкур кема Африкадан Кариб денгизига қора тутқунларни олиб келаётган қулфурушларга тегишли эди. «Виддах» Белламининг эскадра қўмондонлиги кемасига айланди.

Бошқа қароқчилардан фарқли ўлароқ, ўзининг қурбонларига олижаноблик кўрсатиши билан ажралиб турувчи Қора Сэм яна бир лақаб — Қароқчилар шаҳзодаси номини ҳам орттирди. Замондошлари уни узун қора сочларига қора тасма таққан олифта эркак сифатида ёзиб қолдиришган. Қора Сэм бахмал чакмони ортидаги камарида тўртта тўппонча олиб юрарди.

Тирик қолган икковлон

1717 йилнинг апрель ойида Қора Сэм ўзини анча бадавлат ҳисоблади ва бешта кемадан иборат хусусий флоти билан Кейп-Кодга қайтиш вақти келган деб ўйлади. Шимолга кетиш йўлида Уильямснинг кемаси ажралиб қолди — бу қароқчи Блэк-Айлендда яшовчи онаси ва опаларини кўришга ошиқарди. Кейп-Кодга нақадар дабдаба билан кириб бориши ва Мария Хэллет кўзлари қувнаб кутиб олишини тасаввур қилган Беллами эса йўлида давом этди.

26 апрелда айни Кейп-Кодга яқинлашган Қора Сэмнинг эскадраси шиддатли бўронга дуч келди. Қутурган тўфон «Виддах»ни олдин чўкиб кетган жойидан қирғоққача тахминан юз метр масофа наридаги саёзликка келтириб ташлади. Кемадагиларнинг деярли барчаси ҳалок бўлди: 146 нафардан фақат иккитаси соҳилгача етиб олди. Қора Сэм ўзининг энг яхши кемаси тақдирини ўзи ҳал қилган эди...

Орадан уч юз йил ўтгач, «Виддах»ни излаш учун борган экспедиция тарихи Қора Сэм ўтмиши каби романтикага бой бўлмади. Унинг ташкилотчиси ва раҳбари Барри Клиффорд мазкур кеманинг хазинасига эга бўлишни болалигидан орзу қиларди. Кейп-Код яқинидаги денгизда чўкиб кетган қароқчилар кемаси ҳақида Баррига Билл амакиси сўзлаб берган эди. У хазинани улкан иродага эга ва ўзининг омадига ишонган одам хазинани қидириб топиши мумкинлиги ҳақида айтганди. Барри Клиффорд чўкиб кетган кемани излашга дарҳол киришмади. У дастлаб суғурта бизнеси шуғулланди ва фақат бир неча йил ўтгач, ўз экспедицияси учун молиявий манба қидиришга тушди.

1982 йили Клиффорд ҳомий топди, ёрдамчиларни йиғди ва хазинани излашга киришди. 1984 йили ғаввослардан бири, ниҳоят, сув тубидан замбарак ва 1684 йил санаси ёзилган қорайиб кетган тангани топди. Орадан бир йил ўтгач, экспедиция денгиздан «Whyday Catty 1716» деб қайд этилган кема қўнғироғини чиқариб олгач, барча шубҳалар йўқолди. Ўша йили чўкиб кетган кетган кеманинг талай бошқа анжомлари: тангалар, замбараклар, турли асбоблар ҳам топилди. Бироқ Клиффорд жамоаси кеманинг ўзини сира топа олмади.

1997 йилгача аҳвол шу тарзда давом этди. Июль ойи ўрталарига келиб, қирғоқдан чорак миль наридаги саккиз метр сув остида ғаввослар ёғоч тўсинни қўлга киритдилар. Уни қумдан тозалагач, эски кема қобиғини кўрдилар. Бу эса хазинага мутлақо яқин қолганликдан дарак берарди.

Агар «Виддах» юклари, асосан, олтин ва кумушдан иборат бўлгани ҳисобга олинса (афсоналарга кўра, кемага 5 тонна олтин ва кумуш ортилган), мутахассисларнинг хулосасига кўра, қароқчи хазинасини юз миллион долларга баҳолаш мумкин. Клиффорд икки мингдан зиёд олтин ва кумуш тангалар, замбараклар, қурол-яроғ анжомлари, тўппончалар, пилта милтиқ, кумуш ва қалай идишлардан иборат улкан коллекцияни тўплашга муваффақ бўлди...

1998 йили Клиффорд XVII асрда Венесуэла соҳилларида ҳалокатга учраган француз эскадрасини излаш билан машғул бўлди. Бироқ шундан сўнг у яна «Виддах» хазиналарини қидириш ишига қайтди. Ҳозирги кунда бу топилма дунё миқёсида ягона бўлган ҳақиқий қароқчи кемасидир. Қора Сэмнинг сўнгги сузишига оид сирлар эса тўлиқ очилгани йўқ.

А.Фатҳуллаев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг