Доимий прописка қиладиган ташкилотлар: биттага камайди ва биттага кўпайди

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 декабрдаги 1019-сон қарори билан «Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари Рўйхати»га ўзгартиришлар киритилди.
«Норма» нашрининг хабар беришича, унга Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги киритилди. Тегишинча уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ҳам энди вазирлик ходимларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисидаги илтимосномани имзолашга ҳақли.
Шунингдек, қайта ташкил этилган Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлиги ушбу рўйхатдан чиқарилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон «Ўзкоммунхизмат» агентлиги «Коммунхизмат» агентлигига ўзгартирилган бўлиб, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тузилмасига киритилган.
Маълумот учун: давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассислар тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг илтимосномасига кўра, шунингдек, уларнинг оила аъзолари (эри, хотини, уларнинг ўз оиласи бўлмаган фарзандлари) — мазкур фуқаролар лавозимда турадиган даврга прописка қилиниши лозим (Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг Рўйхати). Пойтахт ёки пойтахт вилоятида кўчмас мулк сотиб олиш ҳуқуқи 11-бандга асосан прописка қилинганларда лавозимда камида 3 йил бўлгандан кейин вужудга келади.
Фуқароларнинг мазкур тоифаси доимий пропискани расмийлаштиришда тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг илтимосномасини ҳамда лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруқдан кўчирмани тақдим этишлари керак.
Киритилган тузатишларни инобатга олган ҳолда ҳаммаси бўлиб 63 та орган ва ташкилот Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ходимларини доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритишга ҳақли.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 27 декабрдан кучга кирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter