Дубайдаги бир соатлик концерт учун $24 млн: тарихдаги энг қиммат чиқишлар қайсилар?
Америкалик машҳур хонанда Бейонсе 2023 йил январь ойида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жойлашган Atlantis The Royal меҳмонхонасининг тантанали очилиш маросимидаги фақат таклифнома асосида, омма учун очиқ бўлмаган концерти учун тахминан 24 млн АҚШ доллари гонорар олган. Forbes нашрига кўра, бу мусиқа индустрияси тарихидаги энг қиммат хусусий концертлардан бири бўлиб, ҳозирча энг юқори ҳақ тўланган якка чиқиш сифатида қайд этилган.
Мазкур концерт махсус бўлиб, фақат таклифнома асосида ташкил этилган. Унда дунёга машҳур актёрлар, спортчилар, тадбиркорлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган. Бу Бейонсенинг тўрт йиллик танаффусдан кейинги илк тўлиқ жонли концерти ҳам бўлган. Саҳнада унга қизи Блу Айви ҳам қўшилган.
Бу турдаги концертлар одатда миллиардерлар, йирик компаниялар ёки люкс брендлар томонидан буюртма қилинади. Бундай чиқишларда гонорарлар оддий гастрол концертларига нисбатан бир неча баробар юқори бўлиши мумкин.
Тарихдаги энг қиммат хусусий концертлар – ТОП–5
- Бейонсе — 24 млн доллар
2023 йилда Дубайдаги Atlantis The Royal меҳмонхонаси очилиши муносабати билан ўтказилган бир соатлик концерт учун 24 млн доллар олган. Бу ҳозирча энг катта ҳақ тўланган хусусий концерт сифатида эътироф этилади.
- The Rolling Stones — 18,7 млн доллар
Афсонавий рок гуруҳи 2002 йилда америкалик миллиардер Дэвид Бондерманнинг 60 ёшлик юбилейида чиқиш қилиб, 18,7 млн доллар гонорар олган.
- Селин Дион — 8,5 млн доллар
Billboard маълумотларига кўра, хонанда хусусий тадбирлардаги ҳар бир чиқиши учун тахминан 8,5 млн доллар ҳақ олган.
- Eagles — 6 млн доллар
Maшҳур рок гуруҳи Ню-Йоркдаги хусусий кечада фақатгина ўзининг машҳур Hotel California қўшиғини ижро этиш учун 6 млн доллар олган.
- Кристина Агилера — 6 млн доллар
2005 йилда россиялик миллиардер Андрей Мельниченконинг Францияда бўлиб ўтган тўй маросимида куйлагани учун 6 млн доллар гонорар олган.
Мутахассислар таъкидлашича, хусусий концертлар санъаткорлар учун энг даромадли фаолият турларидан бири ҳисобланади. Бундай тадбирларда чипта сотилмайди, барча харажатлар ва гонорарларни буюртмачи томон қоплайди. Шу боис айрим ҳолларда бир соатлик чиқишдан тушган даромад бир неча ойлик гастроль сафари даромадига тенг ёки ундан ҳам юқори бўлиши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter