«Дунё хомхаёллардан воз кечмоқда» – Тўқаев янги доктрина ҳақида
Ер юзида зиддият, можаролар авж олиб, геосиёсий рақобат кучаймоқда, халқаро институтлар турғунлик, қутбланиш ва жамоатчилик ишончининг пасайиши туфайли муваффақиятсизликка учрамоқда. Бундай шароитда барқарорлик энг ноёб стратегик ресурсга айланмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг The National Interest журналида чоп этилган мақоласида сўз боради.
Қайд этилишича, ўнлаб йиллар давомида глобал сиёсат аввалдан мустаҳкам бўлмаган глобаллашув низоми асосида шакллантирилди. Аммо у вақт ўтиши билан ҳаддан ташқари мафкуравий тамойилларга асосланган моделга айланди. Масъулиятсиз инклюзивлик, чекланмаган эркинлик ва суверен жамиятлар қарашларини инкор этадиган ахлоқий устунлик оқибатида глобаллашув дунё бўйлаб юз миллионлаб одамлар нигоҳида аста-секин қонунийлигини йўқотди.
«Ишончнинг бой берилиши тасодиф эмас эди. Бу ҳол давлат институтлари, халқаро тузилмалар ва етакчи мамлакатларнинг сиёсий тизимларида илдиз отган коррупцияга оид ҳайратомуз фактлар ошкор бўлиши билан янада кучайди. Таниқли сиёсий арбобларнинг бундай схемаларда иштирок этиши мафкуравий жиҳатдан сўл дастурлар билан боғлиқ ҳукуматларга нисбатан аллақачон танқидий қарашни чуқурлаштирди», – деб ёзади Қ.Тўқаев.
Муаллиф фикрича, ҳозирги халқаро муҳит прагматизм ва реализмга бўлган талаб ортиб бораётганидан далолат беради. Бу ўзгариш Мюнхен халқаро анжуманида яққол кўринди. Ғарб етакчилари томонидан берилган баёнотлар миллий манфаатлар ҳамда суверенитетни эътиборсиз қолдириб бўлмаслиги, барқарорликни мафкуравий догма асосида қуриш мумкин эмаслигини яна бир карра тасдиқлади.
«Дунё ҳамкорликдан воз кечмаяпти, аксинча, хомхаёлларнинг баҳридан ўтмоқда. Янги пайдо бўлаётган доктрина оддий: тартиб – қонун устуворлиги, жавобгарлик, олдиндан айтиб бўладиган мажбуриятлар ва маданий, миллий ўзига хосликларга ҳурматга асосланган бўлиши керак. Бу изоляционизм эмас, сиёсий мукаммалликдир. Эски моделнинг муваффақиятсизлиги, айниқса, можароларни ҳал қилиш жабҳасида яққол кўринаётир. Халқаро ҳамжамият узоқ вақт давомида рамзий баёнотлардан нарига ўтмаган чексиз музокаралар, декларацияю конференцияларга таяниб келган. Натижа маълум: фойдасиз келишувлар, самарасиз дипломатия ва тинчликсиз тинчлик жараёнлари! Дунё энди бундай ёндашувга йўл қўёлмайди», – дейилади мақолада.
Тўқаевга кўра, ҳозирги мураккаб вазиятда АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан БМТнинг розилиги билан Тинчлик кенгашининг ташкил этилиши муҳим қадам бўлиб туюлади.
«Бу шунчаки чексиз муҳокамалар учун яна бир платформа эмас. Бу аниқ натижаларга эришишга қаратилган амалий ташаббус, айниқса, Ғазо ва Яқин Шарқда. Ушбу ташаббусни тубдан ўзгача қиладиган жиҳат – унинг мантиғидир. Оқ уй чинакам инновацион ёндашувни қўллади, чарчаган сиёсий формулаларни такрорлаш ўрнига, аниқ ва тўғридан-тўғри тамойилни – барқарор иқтисодий тараққиёт орқали тинчлик йўлини таклиф қилди», – деб ҳисоблайди Қ.Тўқаев.
Мақолада Қозоғистон ва АҚШ ўзаро ҳурмат ва тушунишга асосланган кўп қиррали ҳамкорликни йўлга қўйгани, ҳамкорлик стратегик аҳамиятга эга минераллар, рақамли инфратузилма, илғор ишлаб чиқариш, логистика ва инновация каби янги соҳаларда кенгайиб бораётгани баён этилган.
Таъкидланишича, расмий Остонанинг мақсади Осиё ва Европани боғлайдиган муҳим транзит ва логистика йўлагига айланиш, технология, инновация ва инсон капиталига асосланган замонавий иқтисодиётни қуришдан иборатдир.
Қ.Тўқаев яна бир карра бугунги халқаро шароитда ишонч шунчаки гап-сўзда билан эмас, балки изчиллик ва масъулият билан белгиланишини урғулаган.
«Фақат ўз мажбуриятларини бажарадиган, очиқча ҳаракат қиладиган ва амалий ҳамкорликка интиладиган мамлакатларгина мустаҳкам ишончни яратадилар. Қозоғистон барқарорликни устувор деб биладиган, халқаро мажбуриятларни ҳурмат қиладиган ва аниқ натижаларга эришадиган ишончли ва ҳалол ҳамкор бўлишга қатъий содиқдир», – деб таъкидлайди президент Қ.Тўқаев.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter