Дунё ёшлари нега ўсимликларнинг ота-онасига айланмоқда?
“Чорсу” бозорининг ҳунармандлар растасида ажойиб бир манзарага дуч келдим. Бошига ўзбекча дўппи кийган йигит ва эгнига адрас нусха енгил либос кийган қиз ниманидир қизғин муҳокама қилишарди. Улар менинг қизиқиш билан тикилиб турганимни сезиб, яқинлашишди. Аммо суҳбат бошланиши билан бу ёшлар ўзбек эмас, балки юртимизга меҳмон бўлиб келган хорижликлар эканлиги аён бўлди. Менга телефонларидаги суратни кўрсатишди: турли-туман ноёб гуллар билан қуршаб олинган компьютер столи, унинг четида икки ёш ва ўртада ширингина болакайнинг сурати. Бу шунчаки уй безаги эмас, балки тирик ўсимликлар билан тўла ҳақиқий интерьер санъати эди. Билдимки, уларга шу яқин ўртадаги гул бозори керак.
Икки ёшни кўрган пайтим хорижлик гул коллекционерларининг Instagram ва YouTube каналларини кўпдан буён кузатаётганим учунми, хаёлимдан бир фикр чақиндек ўтганди: наҳотки, бизнинг ёшлар орасида ҳам гулга шунчаки ишқибоз эмас, балки хона ва гуллар уйғунлигини санъат даражасига кўтарган коллекционерлар бор бўлса...
Яшилликнинг инсон руҳиятига таъсири...
Нима учун бугунги дунё ёшлари, хусусан, хориждаги кўпгина ёшлар гул коллекциясига бунчалик меҳр қўймоқда? Кейинги пайтларда ёш оилалар ичи гулларга бурканган хонасини камерага олиш ва мана шундай уйларга меҳмонга бориб, ўсимликларни шарҳлаш оммалашди. Савол туғилади — бу оддий интерьер трендими ёки замонавий инсоннинг янги руҳий эҳтиёжи?

Гап шундаки, гул шунчаки уйнинг бир бурчагида жимгина турадиган буюм эмас. Танга ёки антиқа буюмлар коллекциясидан фарқли ўлароқ, гул сиздан доимий эътибор, чексиз меҳр ва юксак масъулият талаб қилади. Уни шунчаки бошқа коллекциялардек токчага териб қўйиб томоша қилиб бўлмайди. У нафас олади, ўсади, касал бўлади ва худди ёш боладек ғамхўрликка эҳтиёж сезади.
Ҳозирги кунда бутун дунёда шаклланган “Plant Parenting” (Ўсимликларга ота-оналик қилиш) маданияти эса ўсимликларни янада “жонлантирмоқда”.

Бу мақолада биз нафақат хорижлик ёшларнинг қизиқарли хоббиси, балки ушбу “яшил инқилоб”нинг замирида ётган эҳтиёжлар ва бу машғулотнинг инсон руҳиятига қилган энг фойдали инвестицияси ҳақида сўз юритамиз.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, хона ўсимликлари билан ишлаш (тупроқ алмаштириш, баргларини артиш) қон босимини туширади ва стресс гормони кортизол даражасини камайтиради. Иш столида ёки хонада ўсимликларнинг бўлиши диққатни жамлаш қобилиятини 15 фоизгача ошириши мумкин экан. Ўсимликнинг ўсиши, гуллаши бевосита сизнинг ҳаракатингизга боғлиқ. Унинг янги барг чиқариши инсонда “мен нимадир фойдали иш қиляпман”, “мен кимгадир керакман” деган ҳиссиётни уйғотади. Инсон ўз яшаш маконини санъат асаридек безаса, мияда роҳатланиш гормони — дофамин ажралади. Гуллар ва чиройли тувакларнинг уйғунлиги инсоннинг ўз уйини хавфсиз ва гўзал қўрғон деб қабул қилишига сабаб бўлишини коллекционерларнинг кўпчилиги таъкидлайди.

Айнан шу мавзуда ўзимизнинг қоракўзлар юритадиган контентларни қидириб, гул бизнеси билан шуғулланадиган жуда кўп каналларни кўрдим. Афсуски, уйининг интерьерини яшиллик билан уйғунлаштирган биронта контент топа олмадим.
Назаримда бизда ҳали ҳам уй шахсий роҳатланиш макони эмас, балки кўргазма (меҳмонлар учун қилинган дизайн) бўлиб қолмоқда.
Балки кўпчилик ёш оилалар учун уй ичидаги камёб гул (масалан, 500 минг сўмлик нодир ўсимлик) шунчаки исрофгарчиликдек туюлиши мумкин. Балки бизнинг жамиятда хоббига пул сарфлаш ҳали оддий ҳолга айлангани йўқдир. Балки ёш оила пулини рўзғорнинг биринчи даражали эҳтиёжларига ёки фарзандининг қўшимча дарсларига сарфлашни афзал кўрар. Эҳтимол гул эртага “ўлиб” қолиши мумкин бўлган бефойда харажат сифатида кўрилади.
Мен кўплаб хорижликларнинг уй ичини яшиллик билан уйғунлаштирганидан англаганим шу бўлди: бу уларнинг мустақиллиги рамзи, улар ўз уйининг хўжайини.
Хобби бекорчиликми?
Бизда гул парвариши каби хоббилар учун эса ички эркинлик ва ортиқча руҳий энергия керак. “Шунча пулинг бўлса, гул билан овора бўлмай, бошқа фойдалироқ иш қил” ёки “Гулга пул сарфлаганча, фалончи қариндошимизнинг тўйига қимматроқ совға ол” деган қарашлар устунмикан?
Балки бизнинг аксарият одамларда “ижодий бекорчилик” (creative leisure) тушунчаси йўқдир. Инсоннинг ўз хоббиси орқали ўзини қайта тиклаши (recharge) кўпчилик учун бегонадир?
Ҳатто қимматбаҳо уйларда ҳам дизайн кўпинча ҳашам услубида бўлади: тилларанг ромлар, оғир пардалар, классик мебеллар. Бундай муҳитда “Urban Jungle” (шаҳар чангалзори) услубидаги тирик, сочилиб ётган яшиллик дизайнини яратиш бачканаликдек, бекорчиликдек туюлса керак.
Гул коллекцияси билан шуғулланиш эса вақт ва диққат дегани.
Гуллар руҳий соғломлик маданиятининг бир қисмидир
“Garden Center Group” ва “National Gardening Survey” (АҚШ) маълумотларига кўра, охирги йилларда ички гуллар савдосининг 30 фоизидан ортиғи айнан миллениаллар ва Z авлод ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ёшлар уй сотиб олиш (кўчмас мулк) имконияти чекланган шароитда, ўзлари ижарага олган кичик хонадонларни гуллар билан безаш орқали “Ўз уйим” ҳиссини яратишга ҳаракат қилишмоқда. Агар аввалги авлодлар бойлигини қимматбаҳо мебеллар билан кўрсатган бўлса, ҳозирги ёшлар уйидаги ноёб ва чиройли гуллар коллекцияси билан ўзларининг эстетик диди ва тирик дунёга яқинлигини намойиш қилишмоқда. Улар гулга “безак” эмас, интерьернинг тирик қисми деб қарайди. Савдоси чаққон монстера, филодендрон, алоказия, антуриум, фикуслар… кейин турли ўзига хос туваклар, дизайнер лампалар, ҳаво тозалагичлар, мохли таёқлар — бутун бир эстетик олам. “Journal of Physiological Anthropology” журналида чоп этилган тадқиқотда айтилишича, ёшларнинг хона ўсимликлари билан мулоқот қилиши уларнинг психологик ва физиологик стрессини камайтиради, масъулият, тартиб, эмоционал боғланишни кучайтиради. Бу ҳатто компьютерда ишлашдан кўра тинчлантирувчироқ деб топилган. Айниқса, интернет кучайган замонда ёшлар учун тирик нарса билан муносабат жуда муҳим. Чунки монитордаги ҳаёт сунъий, ўсимлик эса ҳақиқий вақтда яшайди: барг чиқаради, касалланади, мослашади, нобуд бўлади ҳам.
Эҳтимол шунинг учун ҳам дунё тадқиқотчилари буни шунчаки гул хоббиси эмас, балки руҳий соғломлик маданиятининг бир қисми деб баҳолашмоқда. Айниқса, хонадонни жунглига айлантириш Япония, Жанубий Корея, Нидерландия, Германия, АҚШ, Скандинавия, Россия давлатларида жуда оммалашди. Шу ерда қизиқ нуқта бор: ўсимлик коллекцияси билан шуғулланаётган ёш оилаларни кузатсангиз, жуфтликлар бирга тупроқ алмаштиради, янги барг чиқишини кутади, бурчакни безайди, “буни қаерга қўйсак яхши?” деб баҳс қилади. Яъни бу кичик маиший ижодга айланади.
Аммо бу хобби ҳали бизнинг ёшлар орасида унчалик оммалашгани йўқ. Тўғри, гулга қизиқувчилар ва шунчаки гул ўстирувчилар бор, лекин хонадонини яшил табиатга айлантирувчиларни деярли учратмадим. Менимча, бунга бир нечта сабаб бор. Биринчи сабаб “хобби маданияти” шаклланмган. Коллекция дейилса, кўпроқ “қиммат нарса йиғиш” тушунилади. Болаликдан “фойда бермайдиган машғулот, ортиқча иш” деб ўргатилгани учунми, кўпчилик хоббини ҳалигача бекорчиликка яқин тушунча деб қабул қилади.
Хобби шунчаки эрмак эмас...
“Хобби маданияти” дегани — инсоннинг фақат мажбурият учун эмас, қизиқиши билан ҳам яшашга ўрганиши. Бу жуда муҳим фарқ. Яъни бола фақат ўқиш, баҳо, интизом каби “керак”лар билан катта бўлмайди, балки ўз қизиқишини ҳам қадрлашни ўрганади. Психологлар болада шахсий қизиқиш ва хоббиларга мойиллик одатда 5-7 ёшдан шакллана бошлашини айтади. Айнан шу даврда бола нимагадир қайта-қайта қизиқади, коллекция қилишга мойил бўлади, ўз бурчагини яратишни истайди. Кимдир тош йиғади, кимдир ўйинчоқ машина, кимдир барг, кимдир расм чизади. Агар шу пайтда катталар болани қўллаб-қувватлашса, унинг қизиқишлари ҳатто келажагини белгилаши мумкин экан.
Эътиборлиси, дунёнинг кўп давлатларида хобби бола тарбиясининг муҳим қисми ҳисобланади. Масалан, Японияда болага коллекция қилиш, табиатни кузатиш, қўл меҳнати, уйда ўсимлик парвариши эрта ёшдан ўргатилади. Чунки бу фақат кўникма эмас, диққатни жамлаш, сабр ва ички тинчликни ҳам шакллантиради.

Психоаналитик Доналд Винникотт инсоннинг эркин қизиқишлари ва ўзи учун қиладиган машғулотларини шахс шаклланишининг муҳим қисми деб ҳисоблаган. Унинг фикрича, инсон айнан қизиқиш ва ўйин орқали ўз ички дунёси билан алоқа ўрнатади. Балки шунинг учун ҳам хобби маданияти ривожланган жамиятларда одамлар фақат ишлашни эмас, яшашни ҳам билади.
Психолог Михай Чиксентмихайи эса инсоннинг энг бахтли ҳолатлари кўпинча эркин қизиқиш ва севиб бажариладиган машғулотлар пайтида юзага келишини таъкидлайди. Яъни хобби — шунчаки эрмак эмас, руҳият учун муҳим эҳтиёж ҳам бўлиши мумкин.
Иккинчи сабаб, интерьер маданияти энди шаклланяпти. Кўп уйларда ҳали ҳам келадиган меҳмон ва ҳашамат муҳим, ўзи учун яшил бурчак эмас. Учинчиси, иқтисодий ва психологик чарчоқ. Одам тирикчиликдан ортмай туриб, турли хоббилар ҳақида ўйламайди. Лекин қизиғи: айнан шу хоббилар баъзан одамни руҳан сақлаб қолади.
Ўсимликни ҳамхона деб биладиганлар....
Америкалик Хилтон Картерни ҳатто “уй ичида чангалзор дизайнери” деб аташади. У дизайнер, ёзувчи ва гул коллекционери, хоналарни яшиллик билан уйғунлаштиришни оммалаштирган инсонлардан бири. Унинг уйи том маънода шаҳар ичидаги ўрмон. Картер Instagram ва китоблари орқали минглаб ёш оилаларни ўсимлик парваришига қизиқтирган. Унинг контенти орқали кўплаб ёшлар гул парваришини фақат хобби эмас, балки ҳаёт услуби сифатида кўра бошлашган. Қизиқ жойи, у гулларни шунчаки яшиллик деб эмас, ҳамхона деб қабул қилади. Унинг машҳур ғояларидан бири: “Уй ичида нимадир ўсганда, у ҳақиқий хонадонга айланади.”

Америкалик яна бир блогер ва эколог Саммер Рейн Оукс бир интервьюсида ўсимликлар парвариши унга руҳий чарчоқ ва хавотир даврларини енгиб ўтишда ёрдам берганини айтган. У “ўсимликка ғамхўрлик қилиш, яна бир маънода ўзингга ғамхўрлик қилишдир” деган фикрни илгари суради.

Шунингдек, Япония ва Кореядаги айрим lifestyle блогерларда ҳам шундай тенденция бор: кичик квартираларда ҳам улар табиат билан алоқа қилишга ҳаракат қилади — мини-боғлар, осма ўсимликлар, бонсайлар орқали. Улардан бири япониялик Наоко Йокочининг 13 нафар катта-катта гулларини уч фарзанди билан қандай парваришлаётганини YouTubeда томоша қилишингиз мумкин.

Россиялик Антон исмли блогер коллекция йиғишни 4-5 йил олдин саноқли гулдан бошлаган. Илк даврида боқишни бошлаган икки-уч баргли гуллари ҳозир ҳар бир бурчагини яшилликка буркаган. Унинг айтишича, аслида жуда сабрсиз, лекин гуллар ва ўсимликларга қизиқа бошлагандан бери, ўта қаноатли бўлиб қолган. “Айнан гуллар мени хотиржамликка ўргатди. Уларнинг ҳар бир чиқарган баргини кутишга тўғри келади. Ўсимликларга сувни вақтида қуйиш, вақтида чўмилтириш буларнинг барчасига сабр керак. Гул коллекцияси ҳаётимизни тартибга туширишда айнан биз аҳамиятсиз деб ўйлаган майда нарсаларни қайтадан марказга олиб чиқади. У инсонни катта режалардан эмас, кичик жараёнлардан завқ олишга ўргатади”, дейди блогер ўз гуллари билан фахрланишини қайта-қайта таъкидларкан.
Қизиғи шундаки, бу гулсевар блогерларнинг контенти кўпинча содда ҳаёт атрофида айланади. Улар мураккабликни эмас, балки секинликни кўрсатади. Шунинг учун ҳам бу видеоларни одамлар фақат томоша қилмайди — улардан дам олади.
Психологлар бу ҳолатни тинчлантирадиган диққат стимуляцияси деб ҳам тушунтиришади. Инсонга доим кучли ҳиссиёт эмас, баъзан сокин, бир маромдаги ҳаёт керак бўлади.

Бугун дунё ёшлари учун гул ўстириш руҳиятига киритилган энг катта сармоядир. Мақолани ёза туриб, бир савол хаёлимни банд этди: бизнинг ёшлар орасида ўз хонасидан хоббиси ва ўз руҳий эҳтиёжлари учун жой ажратиш ҳақида ўйлаётганлари ҳам бормикан? Балки гап вақт ёки маблағда эмасдир? Балки гап биз ҳали ҳамон уйни хизмат қилиш масканигина деб билаётганимиздадир, ахир хонадонимиз ўзимизни тиклаш ва ҳис қилиш маскани ҳам эмасми?
Аммо мен ишонаман. Вақт ўтади ва бизнинг ёш оилаларимиз ҳам оғир маиший юклардан ортиб, нажотни табиатдан излай бошлайди. Бу хобби шунчаки бир тренд сифатида бизга ҳам “юқади”. Чунки инсон табиати барибир гўзалликка, сокинликка ва табиатга меҳр беришга эҳтиёж сезади.
Ҳозирча эса... “Чорсу” бозорида қўлида гултувагини авайлаб кўтариб олган ўша хорижлик жуфтликнинг кетидан қараб қоламан. Ва кун келиб, уларнинг ўрнида ўз ёшларимизни — ўз руҳиятининг “ота-онасига” айланган нафис дидли ва эркин ўзбек оилаларини кўришни жуда-жуда истайман.
Барно Султонова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter