Дунёнинг энг ёш 11 миллиардери: улар қандай бой бўлган?
20 ёшда миллиардер бўлиш мумкинми? 2026 йилги Forbes рўйхати бу саволга ҳайратланарли жавоб беради. Дунёдаги энг ёш миллиардерларнинг баъзилари улкан бойликни мерос қилиб олган бўлса, бошқалари ҳали 20 ёшга тўлмасидан технология бизнесини бошлаб юборган.
Амели Войгт Трежес, 20 ёш
Амели – 2026 йилдаги дунёнинг энг ёш миллиардерларидан бири. У Бразилиянинг йирик саноат компанияси WEG асосчиларидан бири бўлган марҳум бобоси Вернер Рикардо Войгтдан қолган бойлик улушига эга.
20 ёшли бу миллиардер компаниянинг тахминан 2 фоиз акциясига эгалик қилади. Forbes унинг бойлигини 1,1 миллиард доллар деб баҳолаган.
Йоханнес фон Баумбах, 20 ёш
Йоханнес Германиядаги машҳур фармацевтика гиганти Борингер Ингелҳайм оилавий бойлигининг энг ёш меросхўри. Компания 1885 йилда ташкил этилган ва бугун ҳам оила назоратида.
Йоҳанееснинг бойлиги – 6,6 миллиард доллар атрофида.
Клементе Дель Веккьо, 21 ёш
Клементе – дунёдаги машҳур кўзойнак компанияси “EssilorLuxottica” асосчиси Леонардо Дель Веккьонинг фарзанди. 2022 йилда отаси вафот этгач, у оилавий холдингда 12,5 фоиз улуш олган.
Клементенинг бойлиги Forbes баҳосида 6,8 миллиард доллар.
Ливия Войгт де Ассис, 21 ёш
Ливия ҳам WEG асосчиси Вернер Войгтнинг авлодидан. У компаниянинг тахминан 3,1 фоиз улушига эга.
Forbes бу йигитнинг бойлигини 1,4 миллиард доллар деб баҳолаган.
Сурья Мидҳа, 22 ёш
Юқоридагилардан фарқли ўлароқ, Сурья Мидҳа бойликни мерос қилиб олмаган. У икки ҳаммуассиси билан 2023 йилда “Mercor” номли сунъий интеллект компаниясини ташкил қилган. Компания AI лабораторияларига моделларни ўқитиш учун мутахассислар топишга ёрдам беради.
Forbes Сурья Мидҳани 2026 йилда ўз кучи билан миллиардер бўлган дунёнинг энг ёш одами сифатида кўрсатган. Бойлиги – 2,2 миллиард доллар.
Брендан Фуди, 22 ёш
Сурья Мидҳа ва Адарш Хиремат билан бирга “Mercor” компаниясини ташкил қилган. Брендан Фуди компаниянинг бош директори. У 2023 йилда Georgetown университетини ташлаб, ўз стартапига тўлиқ киришган.
Forbes баҳосига кўра, Брендан Фулининг бойлиги 2,2 миллиард доллар.
Адарш Хиремат – 22 ёш
У ҳам “Mercor”нинг уч асосчисидан бири. Қизиғи, учала асосчи ҳам ҳали жуда ёш пайтида катта компания қуришга киришган. “Mercor” сунъий интеллект соҳасида ишловчи компанияларга малакали инсонларни топиш ва AI моделларини ўқитиш жараёнида ёрдам беради.
Хирематнинг Forbes баҳоси бўйича бойлиги – 2,2 миллиард доллар.
Ким Жон-ён, 22 ёш
Жанубий кореялик Ким Жон-ённинг бойлиги отаси Ким Жонг-Жу асос солган “Nexon” компанияси билан боғлиқ. Nexon – онлайн компьютер ўйинлари соҳасидаги йирик компаниялардан бири.
2022 йилда отаси вафот этгач, Ким ва опаси компанияда тахминан 9 фоиздан улуш олган.
Ким Жон-ённинг бойлиги – 1,7 миллиард доллар атрофида.
Фелипе Войгт Трежес – 23 ёш
Фелипе Войгт Трежес WEG компаниясидаги оилавий улуши туфайли миллиардерга айланган. Унинг эгизак акаси Педро ҳам миллиард долларлик бойликка эга.
Фелипенинг бойлиги Forbes баҳосида 1,1 миллиард доллар.
Педро Войгт Трежес, 23 ёш
Педро – Фелипенинг эгизак акаси. У ҳам бобоси асос солган WEG компаниясидаги катта оилавий улушга эга.
Forbes Педронинг бойлигини 1,1 миллиард доллар деб баҳолаган.
Кевин Дэвид Леманн – 23 ёш
Кевин Германиянинг машҳур dm-drogerie markt дорихона ва маиший моллар тармоғидаги 50 фоизлик улушни мерос қилиб олган. Энг қизиғи, отаси бу улушни унга 2017 йилда, Кевин ҳали 14 ёшда бўлганида ўтказган.
Forbes 2026 йилда унинг бойлигини 4,9 миллиард доллар деб баҳолади.
Акбар Фатҳуллаев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter