Шогирдлари Гарвардда ўқийдиган фарғоналик талаба (видео)
Мамлакатимизда билими, касбий салоҳияти ва ташаббуслари билан Янги Ўзбекистоннинг бугуни ва келажагини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшаётган ёшлар кўп.
Асадбек Исмоилов ҳам ана шундай ёшлардан бири. Жорий йил бошида «Халқаро йил талабаси» деб топилган Асадбек бир неча йилдан буён ёшларни дунёнинг етакчи олийгоҳларига тайёрлаб келмоқда.
Фарғона шаҳрида туғилиб ўсган Асадбек 9-синфгача 2-умумтаълим мактабида таҳсил олди. 2020 йилда Тошкент шаҳридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицейига ўқишга кириб, 2022 йилда Ўқувчилар иттифоқи президенти сифатида лицейни тамомлади.
Унинг халқаро таълим йўлидаги натижалари ҳам эътиборга молик: IELTS — 8.0, SAT — 1500 балл.
2024 йилда Асадбек Гонконг фан ва технологиялар университети (HKUST)га 100 фоизлик грант асосида қабул қилинган.
Бироқ унинг фаолияти фақат шахсий академик натижалар билан чекланмайди.
Асадбек бир неча йилдан буён «Ivybek Academy» ўқув маркази асосчиси сифатида ёшларни дунёнинг нуфузли университетларига тайёрлаб келмоқда. Унинг раҳбарлигида академия ўқувчилари MIT, Harvard, Imperial College London, UCL, NUS, NTU, HKU, HKUST, NYUAD, CMUQ каби дунёнинг етакчи олийгоҳларига қабул қилинган.
Академик фаолият билан бир қаторда, Асадбек спортда ҳам юқори натижаларга эришган. У регби бўйича 5 карра Ўзбекистон чемпиони ва «Спорт устаси» унвони соҳиби.
Хўш, Фарғонадаги мактабдан халқаро университетгача бўлган йўл қандай кечган? IELTS 8.0 ва SAT 1500 натижаларига қандай эришилган? 100 фоизлик грантни қўлга киритиш учун нималарга эътибор бериш керак? Ва ҳали талаба бўла туриб, қандай қилиб бошқа ёшларни ҳам дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларига тайёрлаш мумкин?
Шу ва ёшларимизни қизиқтирган кўплаб саволларга Асадбек Исмоилов билан бўлган эксклюзив суҳбатни томоша қилиб жавоб олишингиз мумкин.
Эъзоза Турғунова суҳбатлашди


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter