Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Дунёни уйғота олган Аманда ёхуд тез унутилаётган фожеаларимиз

Дунёни уйғота олган Аманда ёхуд тез унутилаётган фожеаларимиз

foto: Xabar.uz

Аманда Тоддни шахсан танимайман. У қўшним эмас, миллатдошим эмас, интернет орқали танишганим ҳам эмас. Лекин... у менинг хотирамда тирик. Унинг фожеасини унута олмайман. Ижтимоий тармоқларда у ҳақидаги маълумотларгами ёки фильмгами кўзим тушса  вақти-вақти билан юрагимда «ухлаб ётган» алам уйғотади.

Нега уни яхши танийман ва бегона қиз менга қадрдондек бўлиб қолган?

Аманда Мишел Тодд 15 ёшли канадалик қиз ўз жонига қасд қилиш оқибатида ҳалок бўлган кибербуллинг қурбони эди. У интернетда танишган нотаниш одамнинг шантаж ва таъқиби оқибатида мактабда ўқувчилар томонидан қилинган мазахларга чидай олмаган. Ўлимидан бир ой олдин, Тодд YouTubeда видео жойлаштирган, унда у жонли эфирда флеш -карталардан фойдаланган (қоғозга нима учун ўз жонига қасд қилганини бирма-бир ёзиб чиққан 9 дақиқалик видео). Видео унинг ўлимидан кейин вирусга айланди,  халқаро оммавий ахборот воситалари эътиборини тортди. Видео  2012 йил 7сентябрда юкланган, 2025 йил 4 июл ҳолатига кўра 15,5 миллион марта кўрилган. Тодднинг ўз жонига қасд қилиши халқаро оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилган. Тодд ва бошқа зўравонлик қурбонларини хотирлаш мақсадида Канада бўйлаб ва халқаро миқёсда бир қатор ҳушёрлик маросимлари ўтказилган – якуний видолашув маросимида 600 киши йиғилди. Керол Тодд йиғилишга қизи Аманда «дунёни ҳайратда қолдирган ва унинг кўзларини, қулоқларини ва қалбларини очишга мажбур қилган ҳаётдан ҳам каттароқ хабарни» қолдирганини айтди. Керол Тодд, бугунги кунда руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолари бўлган ёшлар учун зўравонликка қарши маълумот ва дастурларни қўллаб-қувватлаш учун хайр-эҳсон фондига раҳбарлик қилади.

фото: THE CANADIAN PRESS

«Vankuvеr» журнали Тодд ҳақидаги мақолани «Дунёни уйғотган қиз» деб номлади. 2012 йилда у Google энг кўп қидирилган учинчи одам эди ва 2013 йилга келиб шу қиз туфайли 38 та давлатда ҳушёрлик маросимлари ўтказилган.  

2015 йил 9 мартда Канадада кибербуллингга қарши қонун кучга кирди. У асосан вояга етмаганларни ҳимоя қилиш сифатида илгари сурилган, бироқ барча ёшдагилар учун амал қилади.  

Яна ўша саволни қайтараман: мен нима учун бутунлай ўзим билмаган қизнинг фожеали ўлимига ачиндим ва у менга қадрдон? Чунки уни англадим. Ҳужжатли фильмлар, у ҳақдаги маълумотлар ва ҳали ҳамон уни эслаб маросимлар ўтказилаётгани туфайли у менга яхши таниш. У ўзини қандай ҳис қилганини, қандай ёлғиз бўлганини, нимадан қўрққанини, нимага умид боғлаганини кўрдим. Шу сабаб, мен уни яхши кўриб қолдим. Менда уни унутиш имкони йўқ – чунки у инсон сифатида қалбимга кириб улгурди.

Яна ўша савол: қандай қилиб дунёнинг у чеккасидаги бу қиз менинг қалбимдан жой олди?  

Чунки унинг жамиятидагилар «бошқа Амандалар бўлмасин» дея ҳаракат қилишмоқда, унутмаслигим учун тўхтамаяпти...

Ёки Жейси Ли Дюгар деб интернетга ёзсангиз, қатор маълумотлар чиқиб келади. 11 ёшида ўғирланиб 18 йил асирликда яшаган бу қиз озод бўлганидан сўнг китоб ёзди, одамлар у орқали зўравонликнинг юзага келиш механизмларини англашди. У ташкил қилган фонд минглаб жабрланувчиларга ёрдам бермоқда.

Ёки Googleга Сабина Дарденн, деб изланг. Белгиялик Сабина 12 ёшида ўғирлаб кетилган ва «12 ёшимда вилеосипедимга ўтирдим ва мактабга кетдим» деган китоби 22 тилга таржима қилинган. Габби Петито эса саёҳатга чиққанда ўлдирилиб кетилади, у ҳақда серияли ҳужжатли фильм ишлаб чиқарилади – «Габби Петито тарихи».

 «Габби Петито тарихи» фильмидан кадр.

Ҳа шундай, уларнинг ҳар бири ҳақида ҳужжатли фильмлар, илмий тадқиқотлар, ҳатто санъат асарлари яратилди, албатта хорижда...

Ҳа шундай, Ғарбда фожеалар жамиятни уйғотади – сўнгги 20-30 йиллик тарихда жуда кўп аянчли воқеалар фақат шахсий дард бўлиб қолмади. Улар тарихга айланди, жамоатчилик ҳаракатига айланди, ҳатто қонун ўзгаришини келтириб чиқарди.

Бизда ҳам шундай фожеалар бўлаяпти: яқингинада ҳужрада оёқлари моматалоқ кўкарган бола, боғчада қийноққа солинган ва оғир аҳволдаги бола, тунов куни икки ўсмир қизнинг қучоқлашиб юқори қаватдан ўзини ташлаши. Лекин улардан ҳеч бири менинг хотирамда қолмайди. Чунки мен уларни танимайман. Икки қизнинг ўзини бирданига томдан ташлаши, аслида жуда катта фожеа, аммо бу қизларни биз тез унутиб юборамиз. Ёки болажонларнинг бошқалар томонидан ўласи қилиб калтакланиши, агар Ғарбда бўлганида аллақачон кинога айланарди. Аммо бизда ота-она, мактаб, тизим, ҳеч ким ҳеч нима демайди. Фақат хабар, совуқ факт, эътиборсиз ўтган инсон ҳаёти.

Сабаблар кўп, лекин мен учун асосийси биз инсон ҳақида эмас, фожеа ҳақида гапирамиз. Биз инсон характерини тўлиқ беролмаймиз, дардини ҳис қилдиролмаймиз. Ахир ҳис қилмасак, хотира ҳам бўлмайди.

Ғарбда фожеалар тасвирланади – батафсил, ҳиссий.  Шунинг учун ҳам мен у инсонни «ҳис қиламан», нафақат мен, балки бутун дунё уларни ҳис қилади ва яхши кўради, унутмайди. Бизда эса фақат «содир бўлди», «ўлди», «суиқасд қилди» – ҳиссиёт йўқ.  

Хотира инсонийликдан туғилади, ачинмасанг эсламайсан, эсламасанг ҳеч нарса ўзгармайди. Фондлар-чи, улар нима учун керак, ўша фоженинг олдини олиш ва унутмаслик учун керак. Жейси Дюгар ёки Аманда Тодднинг фожеаси орқасидан ташкил этилган фондлар – уларнинг шахсий «дардни дарсга айлантириш» ҳаракатидир.

Мексикалик Мириам Родригеснинг 17 ёшли қизи наркокартеллар томонидан ўғирланади. Полиция ҳаракат қилмайди. Аммо қизнинг онаси Мириам, полицияга ҳар бир жиноятчини тутиш учун ёрдам беради. «Ўғирланган болалар ота-оналари» фондини очади – мақсадим, бошқа қизлар ўғирланмасин, дейди ўз интервюларида. Атрофи тўла жиноятчилар бўлган жамиятда яшаётган бу аёл мақсадига озми кўпми эришади, афсуски у 10 май Мексикада нишонланадиган «Оналар куни»да отиб кетилади.

Ҳа, шундай Ғарбда бир инсон бошидан кечирган зўравонлик, тазйиқ, суиқасд  жамият учун огоҳликка айланади.

Бизда-чи, ахир ҳар бир унутилаётган фожеа – жамиятнинг «мен бунга чидай оламан» деган имзосидир. Кимдир болани уради, кимдир қизалоққа зўрлик қилади, кимдир ўқувчини камситади. Ва... жавобгарлик йўқ.

Чунки жамоатчилик унутади, жуда тез эсдан чиқаради. Ахир фақат зўравон эмас, биз жим турганлар ҳам жавобгар эмасмизми? Жабрни яшириш, жамиятнинг ҳақиқатдан қочиши эмасми? Жабрланувчиларни унутиб яшайдиган жамият ўзининг келгуси қурбонларини тайёрлаётгани эмасми?

Нима учун Ғарбдаги аянчли воқеалар фақат бир марталик «фожеа» бўлиб қолмайди? Нега улар тарихга айланади, фильм бўлади, адабиётга киради, жамиятни ўзгартиради, ёдга олинади? Нега бизда эса ҳар бир фожеа бир кунлик шов-шув, эртаси кун унутилган хабар бўлиб қолади?

Чунки Ғарбда фожеалар орқали инсонни тўлиқ образ сифатида тасвирлайди.
Бизнинг муҳокамалар эса фақат совуқ фактлардан иборат. Шунинг учун ҳам жамиятда таъсир кучи етарли эмас.

Нима қилиш керак?  

Жабрланувчиларни ҳимоя қилувчи фондлар – болалар ва аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи, психологик ва ҳуқуқий ёрдам берувчи марказлар тузиш керак, тўғри бор аммо натижа кам. Бирорта ота ёки она жабрланувчининг ҳақиқат учун югурганини, китоблар ёзганини кўрмадим, ахир зўравонлик кўрган аёл китоб ёзса, тажрибалари бошқаларга асқотмайдими? Фарзанди зўравонлик қурбони бўлган она фонд очса бошқа оналар сергак тормайдими?

Яна бир муаммомиз, ҳар бир фожеа юзасидан очиқ таҳлиллар тайёрланмайди. Мактабларда, ОАВда, ҳуқуқ идораларида таҳлил ва ҳисобот механизмларини жорий этиш, ахборот маданиятини янгилаш, яъни журналистлар ва ОАВларда фақат сенсация эмас, фойдали ахборот бериш мажбуриятини шакллантириш керак...

Мақолани ёзиш асносида шу мавсумда 7 нафар боланинг чўкиб кетгани ҳақидаги хабарга кўзим тушди, иккитаси вафот этибди, беш нафари эса оғир аҳволда, хабарнинг охирида эса аввалроқ Паркентда уч нафар вояга етмаган боланинг чўкиб кетгани ҳақида хабар бергандик, деган маълумот... Ахир булар ҳам тарихга кирадиган, интернетни ковласанг чиқиб келадиган унутилмас фожеа эмасми?

Нима учун бизда бундай воқеалар тез унутилади? Нега бизнинг жамият қайғуни очиқ муҳокама қилолмайди? Нега ҳар бир фожеа «минглардан бири»га айланиб кетаверади? Бу саволлар жавобсиз қолса, эртага яна бошқа бола, бошқа қиз, бошқа  гўдак – жамиятнинг эътиборидан четда қолади.  Бундай жамиятда ҳар куни янги фожеа янгилик бўлади, лекин ҳеч бири тарих бўлмайди, унутилади ва фожеалар кўпайгандан кўпаяверади.

Мен нима учун Амандани яхши кўриб қолганман ёки нега Жейси Ли Дюгарни унутолмайман... Сабаби улар ҳақида кинофильмлар, китоблар, фондлар бор. Сабаби уларни унутишимизга йўл қўймайдиган доимо ҳаракатда, ҳақиқат учун курашувчи ота-оналари бор, жамияти бор.

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг