Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕИ ўзбекистонлик талабалар учун грантларни кўпайтиради

ЕИ ўзбекистонлик талабалар учун грантларни кўпайтиради

Европа Иттифоқи давлатларида кўплаб ўзбекистонлик талабалар грант асосида таҳсил олмоқда ва ушбу кўрсаткич босқичма-босқич ошириб борилади. Бу ҳақда Европа парламентининг Марказий Осиё давлатлари билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Томаш Здеховский Тошкентда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳрух Далиев билан учрашувда гапирган.

Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, Ш.Далиев Европа Иттифоқининг Erasmus+, Horizon Europe каби илғор дастурларидан Марказий Осиё талаба ва ёш тадқиқотчилари учун алоҳида ўрин ажратилгани, бундан ташқари, икки минтақа университетлари ўртасида тажриба алмашиш бўйича бошланган янги лойиҳалар катта натижаларга йўл очишини таъкидлаган.

Музокаралар чоғида таълим бўйича ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштириш, қўшма таълим дастурларини яратиш, дуал таълим бўйича биргаликдаги лойиҳаларни кенгайтириш, Ўзбек-Француз университетини ташкил этиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Маълумот ўрнида: Erasmus Mundus – иқтидор эгаларининг таълим, касбий ва шахсий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган ЕИ дастуридир. Европа университетлари консорциуми томонидан ишлаб чиқилган ноёб магистрлик курслари доирасида талабалар билим олибгина қолмай, мезбон давлатлар билан танишиб, янги маданиятларни ҳам кашф этадилар.

2021–2027 йилларга мўлжалланган дастурда яшил ва рақамли жамият, ёшларнинг демократик ҳаётдаги иштирокини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистонлик иқтидорли талабалар ҳам ҳар йили ушбу грант дастурида фаол қатнашадилар.

Европа парламентининг Марказий Осиё давлатлари билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Томаш Здеховский бошчилигидаги ЕИ делегацияси Ўзбекистонда парламент, ҳукумат вакиллари билан учрашди, таълим муассасаларига ташриф буюрди.

Хусусан, Ташқи ишлар вазирлигидаги учрашувда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлиги, бу борада Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимнинг тез фурсатда имзоланиши муҳимлиги қайд этилган.

Музокаралар якунида томонлар парламентлараро мулоқотни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини ҳам тасдиқлаганлар.

Учрашувларда жорий йил 4-5-апрель кунлари илк маротаба Самарқанд шаҳрида президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи саммити доирасида тарихий келишувларга эришилгани урғуланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг