Экотуризм нима? Табиатдан фойдаланувчи эмас, унинг ажралмас бўлаги бўлинг

Юртимизда туризмнинг бошқа соҳалари каби экотуризм ҳам ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг гўзал, бетакрор гўшалари, улуғвор тоғларию мафтункор манзаралари, флора ва фауна дунёси сайёҳларни тобора ўзига жалб қилмоқда.
БМТ Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти (UNWTO) маълумотига кўра, экотуризм жаҳон туризм бозорининг 7 фоизини ташкил қилади ва бу кўрсаткич йил сайин ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг Зарафшон, Ҳисор, Сурхон, Угом-Чотқол тоғ тизмалари ва Қизилқум каби табиий ҳудудлари экотуризм учун жуда катта салоҳиятга эга ҳисобланади.
Дам олиш яхши, лекин...
Кунлар исий бошлаши билан ҳаммамиз ҳам табиат бағрига ошиқамиз ва афсуски, ўзимиз ҳордиқ чиқарган ҳудудни турли чиқиндилар билан тўлдирамиз. Қарабсизки, табиат эҳтиёжларимизнинг қурбонига айланади. Узоқ йиллар давомида чиримайдиган чиқиндиларни қолдириб, атроф-муҳитни ифлосланишга маҳкум қиламиз. Бу биз кўп дуч келадиган, ўзимиз қайта-қайта такрорлайдиган ва энг ёмони, оддий ҳолат дея қарайдиган, аслида эса фожиали оқибатларга олиб келадиган ҳолатдир.
Табиатга ғамхўрлик — ўзимизга ғамхўрликдир
Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) экотуризмни қуйидагича таърифлайди: “Экотуризм — бу табиий ҳудудларга қилинадиган масъулиятли саёҳат бўлиб, у атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва маҳаллий аҳоли фаровонлигини яхшилашга кўмаклашади.”
Экотуризмнинг асосий тамойиллари табиатни асраш ва экологик мувозанатни сақлаш, маҳаллий аҳоли билан ҳамкорликда ишлаш ва уларнинг даромадини ошириш, маданий ва табиий меросни қадрлаш, барқарор ривожланишга хизмат қилишдир.
Ҳурматли юртдошлар! Дам олишга чиққанингизда ўзингизни шунчаки табиатдан фойдаланувчи эмас, унинг ажралмас бўлаги сифатида ҳис қилинг. Атроф-муҳитни асраш ҳар бир инсоннинг бурчи эканлигини унутманг! Экотуризмни табиатни зарарлайдиган эмас, аксинча, ҳар томонлама фойдали жараёнга айлантиришга ўз ҳиссангизни қўшинг!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter