Фарғонада «Malibu»нинг юздан ортиқ жаримаси ўчириб юборилди. Берилган расмий муносабатда очиқ саволлар кўп

Ижтимоий тармоқларда давлат рақами 40 081 SBA бўлган «Malibu-2» автомашинаси ҳайдовчиси 100 тадан ортиқ қоидабузарлик содир этгани ва уларнинг 106 таси «охирги зарурат ҳолатида қоида бузган» деб топилиб, жарималар бекор қилингани ҳақида хабарлар тарқалди.
Шунингдек, мазкур хабарларга қоидабузарлик содир этилган автомашина вилоят ЙҲХБ бошлиғининг рафиқаси номида эканлиги илова қилинади.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат бериб, жумладан, «муқаддам фуқаро Ў.А. аризасига асосан Фарғона вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқармасининг беш нафар ходимларини нисбатан интизоми жазо тайинланган»ини билдирди.
Шу билан бирга, «Malibu-2» автотранспорт воситасида содир этилган барча қоидабузарликлар бўйича жарималар белгиланган тартибда ундирилганини маълум қилди.
Бироқ, расмий муносабатда жарималарни ўчириш ҳолати ниманинг эвазига амалга оширилгани, автотранспорт воситаси бошқарувида ким бўлгани ва кимнинг номида давлат рўйхатида тургани, қолаверса, маъмурий амалиёт бўлими ходимларининг ҳеч қандай судсиз вазиятни «охирги зарурат» деб топишга ҳамда жаримани бекор қилишга ваколати бор ёки йўқлиги борасидаги саволлар очиқ қолган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter