Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғонада танловлар ҳафталиги: 50 км баландликка учирилган совға (видео)

Фарғонада танловлар ҳафталиги: 50 км баландликка учирилган совға (видео)

Марғилон рақамли технологиялар ўқув маркази ёшларни АКТ дунёсига жалб этиш, келажак касбларини эгаллашларига яқиндан ёрдам бериш борасида фахрланса арзигулик ютуқларини намойиш этмоқда. Зотан, саъй-ҳаракатлар ортидан эришилган самаралар ўсиб келаётган авлодларга қанот бағишлаши, ўз истиқболини белгилаб олишларига хизмат қилади. Шу маънода Hackathon танлови доирасида Ideathon (ТАТУ Фарғона филиали билан ҳамкорликда) танлови, Robototexnika ва космосга саёҳат дастури, Kibersport мусобақасидан иборат ақл беллашувлари бошланиб кетгани янгиланишлар, улкан ўзгаришларни бошлаб келиши турган гап. Фарғона вилояти шаҳар ва туманларнинг ҳаммасида, яъни 19 та рақамли технологиялар ўқув марказлари фаолият олиб бормоқда. Ўтган бир ярим йил мобайнида вилоят бўйича рақамли технологиялар ўқув марказларида 10000 нафардан зиёд ёшлар таълим олишди. Фавқулодда қувончли натижаларни қўлга киритаётганлар сафи ортиб бормоқда. Яқинда Илҳомжон Болтабоев бошчилигидаги жамоа 171 млн сўмлик маррага етишди. Графикачи дастурчиларнинг ҳам марралари юқорилаб, 2000 долларга етиб қолди.

«Келажакка ишончли қадам» шиори билан бошланган ҳафталик очилишига бағишланган маросимда сўзга чиққан IT парк директори Фарҳод Ибрагимов республикада ва вилоятда «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси борасида олиб борилаётган ишларнинг аҳамияти ва навбатдаги вазифаларга, бу йўналишдаги ишларда фарғоналиклар тажрибасига алоҳида тўхталди ва вилоятда жаҳонга бўйлайдиган дастурчилар тайёрлашда рақамли технологиялар ўқув марказлари фидоийларига улкан муваффақиятлар тилади.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулла Қосимов вилоятда ахборот технологияларини ривожлантиришдек долзарб ишларда ёрдам бераётган алоқа ва телекоммуникацияларни ривожлантириш вазирлигига, республика IT паркига ҳокимлик номидан миннатдорчилик билдирди ва рақамли технологиялар ўқув марказларидан умид ниҳоятда катта эканлигини таъкидлаб ўтди.

Маросимда Марғилон рақамли технологиялар ўқув маркази раҳбари Баҳромжон Жалилов вилоят ўқув марказлари фаолияти ҳақида қисқача ахборот берди.

Шу куни робототехника бўйича танлов ўтказилиб, ғолиблар аниқланди.

Тадбир сўнгида фарғоналик ёшлар орасида ўзгача иқтидори билан танилган Зиёдулло Бутахонов ҳамда Iteach Akademy, Royal Taxi, Barkamol avlod жамоалари тайёрлаган совға – 50 км баландликка аэростат учирилгани дилларга айрича тантанаворлик бағишлади. Танловлар қизғин давом этмоқда.

Ҳафиза Саляҳова,

«Хабар»нинг Фарғона вилоятидаги мухбири

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг