Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фермерларга жаҳон бозорига йўл очилади. Ўзбекистонда «GLOBALG.A.P.» халқаро сертификатини олиш осонлашди

Фермерларга жаҳон бозорига йўл очилади. Ўзбекистонда «GLOBALG.A.P.» халқаро сертификатини олиш осонлашди

Маҳаллий компаниялар жаҳон бозорига чиқиш учун «GLOBALG.A.P.» халқаро сертификатини қисқа муддатда ва арзонроқ қийматда олишлари мумкин.

Фото: «AgroFruitConsult»

Ўзбекистонда илк бор «GLOBALG.A.P.» халқаро стандарти талаблари асосида Мақбул қишлоқ хўжалик амалиёти бўйича давлат стандарти ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Бунинг натижасида маҳаллий компаниялар жаҳон бозорига чиқиш учун «GLOBALG.A.P.» халқаро сертификатини қисқа муддатда ва арзонроқ қийматда олишлари мумкин.

«GLOBALG.A.P.» ўзи нима?

«GLOBALG.A.P.» — етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг хавфсизлигини ҳамда ишлаб чиқариш технологик занжирининг замонавий сифат ва техника талабларига мувофиқлигини таъминлашга қаратилган халқаро стандартлар тизимидир.

Ҳозир «GLOBALG.A.P.» тизимида дунёнинг 124 мамлакатининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари сертификатланган, сертификатга эга хўжаликлар сони 180 мингдан ортиқ.

«GLOBALG.A.P.» сертификати фермерга нега керак?

Жаҳон бозорига чиқиш учун озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулоти хавфсиз шароитда ва экологик талаблар асосида етиштирилганига кафолат беришлари керак. Улар кимёвий моддаларни қўллаш меъёрларига амал қилишлари ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишлари зарур.

Кўплаб хорижий компаниялар учун «GLOBALG.A.P.» сертификатининг мавжудлиги агромаҳсулот билан савдо қилишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Халқаро чакана савдо тармоқлари ва супермаркетлар сифати халқаро стандартлар томонидан тасдиқланган маҳсулотларни харид қилишга қизиқиш билдиришади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорида кузатилаётган кескин рақобат шароитида «GLOBALG.A.P.» сертификатининг мавжудлиги етиштирилган маҳсулот барча талабларга мос келишини тасдиқлайди, бу ўз навбатида истеъмолчиларнинг содиқлиги ошиши ҳамда савдонинг ўсишига хизмат қилади.

Янги давлат стандартини қабул қилишнинг фойдалари

Авваллари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз товарларини «GLOBALG.A.P.» стандарти бўйича сертификатлаш учун хорижий компанияларга мурожаат қилишга мажбур бўлар эди.

Бугунги кунда эса Мақбул қишлоқ хўжалиги амалиёти давлат стандарти тасдиқланиши туфайли маҳаллий сертификатлаш органлари ҳам бу амалиётни бажаришлари мумкин. Мазкур янгилик сертификат олишга кетадиган харажат ва вақтни тежайди.

«GLOBALG.A.P.» стандартига мувофиқ бўлиш фермерлар учун чет эл бозорларига чиқишни осонлаштириб, даромадни ошириш имконини беради. Бундан ташқари, мазкур стандарт фермер ва деҳқонлардан ўз фаолиятига экологик ёндашувни талаб қилади.

БМТ Тараққиёт дастурининг «Савдо ривожланишига кўмаклашиш» лойиҳаси 2015 йилдан бошлаб халқаро стандартлар бўйича сертификатлашни жорий этиш орқали маҳаллий мева-сабзавотларини ташқи бозорга чиқаришни енгиллаштиришга хизмат қилмоқда. Хусусан, фермерлар учун қатор семинар ва анжуманлар ўтказилиб, агрокомпанияларга «GLOBALG.A.P.» сертификатини олишда амалга ошириладиган аудитга тайёрланиш борасида ёрдам кўрсатилди. Фермерларга кўмак тариқасида «GLOBALG.A.P.» халқаро стандарти бўйича мева-сабзавотлар етиштиришни сертификатлаш учун асосий талабларга оид қўлланма чоп этилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг


    Изоҳлар мавжуд эмас