Фетҳие - Эгей ва Ўрта ер денгизи чорраҳасидаги мафтункор шаҳар
Фетҳие - Туркиянинг жануби-ғарбий қисмида ва Муғла вилоятида жойлашган шаҳар бўлиб, Эгей ва Ўрта ер денгизи чорраҳасидаги мафтункор дам олиш масканидир. Бу гўзал шаҳар ўзининг табиий гўзалликлари, тарихий бойликлари ва турли тадбирлари сабаб дам олувчиларнинг севимли «бекат»ларидан бири ҳисобланади.
Ўлидениз
Фетҳиени Ўлиденизсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Бутун дунёга машҳур ушбу пляж ўзининг фируза ранг шаффоф денгизи ва оқ қумлари билан барчани ҳайратда қолдириб келади. Ўлиденизда парапланда учиб, юқоридан бамисоли қуш каби ажойиб манзарани томоша қилиш ва сокин сувларда сузиш каби завқли машғулотлар билан таътилни мароқли ўтказиш мумкин.
Ликия йўли
Фетҳиенинг Ликия йўли табиат қўйнида сайр қилишни севувчилар ва треккинг ихлосмандлари учун муносиб маскан. Фетҳиедан бошланиб Анталиягача чўзилган бу қадимий йўлак ўзининг бетакрор манзаралари ва тарихий қолдиқлари билан эътиборни тортади. Юриш пайтида ажойиб кўрфазларни ва қадимги Ликия шаҳарларини кашф қилиш мумкин.
Каякўй
Фетҳиедан бир неча километр узоқликда жойлашган Каякўй тарихий ва маданий бойликлари билан машҳур. Ушбу ташландиқ юнон қишлоғи ўз меҳмонларига тош уйлари ва тор кўчалари билан ноёб тажрибани тақдим этади.
Каякўй тарихга қизиқувчилар ва фотография ихлосмандлари учун идеал жой.
Сакликент каньони
Ёзнинг жазирамасидан чарчаганлар учун тетиклантирувчи дам олиш маскани бўлган Сакликент каньони Фетҳиедан тахминан 50 км узоқликда жойлашган. Ушбу ажойиб каньон узунлиги 18 км бўлиб, ташриф буюрувчиларга сайр қилиш, муздек совуқ сувларда салқинлаш ва канён охиридаги ресторанларда дам олиш имкониятини беради.
Фетҳие музейи
Фетҳие музейи Фетҳиенинг тарихий ва маданий меросини ўрганмоқчи бўлганлар учун муҳим бир тўхташ жойидир. Музейда Ликия, Рим ва Византия даврига оид кўплаб асарлар мавжуд.
Ташриф буюрувчилар минтақанинг бой ўтмиши билан танишар экан, ҳайратланарли экспонатлари ўзига ром этиши шубҳасиз.
Гўжек ороллари
Гўжек ороллари Фетҳие яқинида жойлашган бўлиб, мовий саёҳатга чиқишни истаганлар учун бебаҳо имкониятдир. Ушбу ноёб оролларни ҳар куни қайиқ саёҳатлари билан кашф қилиш, шаффоф сувларда сузиш ва қуёшдан баҳраманд бўлиш мумкин. Гўжек кўрфазлари тинчлик ва сокинлик излаганлар учун айни муддао.
Тлос қадимий шаҳри
Ликиянинг энг қадимги ва энг муҳим шаҳарларидан бири бўлган Тлос қадимий шаҳри Фетҳиедан тахминан 40 км узоқликда жойлашган. Қадимги театри, қоя қабрлари ва харобалари билан машҳур бўлган Тлос тарих ишқибозлари албатта кўриши керак бўлган масканлардан.
Тарихга чуқур саёҳат қилишни истаганларга ушбу қадимий шаҳарни ўрганиш тавсия қилинади.
Чалиш пляжи
Фетҳие марказига жуда яқин жойлашган Чалиш пляжи ўзининг узундан узун соҳил бўйи ва ажойиб қуёш ботиши манзараси билан машҳур. Пляж бўйлаб чўзилган юриш йўли велосипедда ва кечқурунги юриш учун мукаммалдир. Бундан ташқари, пляж атрофида кўплаб ресторан ва кафелар мавжуд.
Шундай қилиб, Фетҳие турли хилдаги дам олувчиларнинг умидларини қондира оладиган бойликларга эга. Табиий гўзалликлар, тарихий жойлар ва турли тадбирларга тўла бу гўзал шаҳарча унутилмас ва ноёб дам олиш тажрибасини тақдим этади. Табиат қўйнида тинч дам олишни ёки саргузаштли кашфиётни қидиряпсизми, сиз излаган барчаси Фетҳиеда мужассам...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter