Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

“Фейк” суратдан қонли қотилликкача ёхуд ўзга юртдаги Қобилжон нега ўлдирилди?

“Фейк” суратдан қонли қотилликкача ёхуд ўзга юртдаги Қобилжон нега ўлдирилди?

foto: chatgpt

Ушбу суратни сақлаб қўйганимга бир ойлар бўлди. Бошқа манбалардан ҳам қидириб кўрдим. Ҳатто бу сурат ёлғон  маълумот деган хабарни ҳам ўқидим... 

Доимо бошқа халқларнинг Ўзбекистон ҳақидаги мақолаларини, постларини, видео чиқишларини кузатиб бораман. Айниқса, саёҳатчиларнинг Ўзбекистон ва халқимизнинг ҳаёт тарзи, миллий овқатлари, қадриятлари ҳақидаги қизиқарли, ижобий фикрлари миллатимга бўлган фахрни оширади. Кейинчалик интернет менга юртимиз билан боғлиқ бошқа мавзуларни ҳам таклиф қила бошлади. Айниқса, Россияда ишлаётган юртдошларимиз яъни муҳожирлар билан боғлиқ тарғибот-ташвиқотга тўлиб кетган постларни, мақолаларни кўриб наҳотки тарғибот постлар ёки мақолаларга бу мамлакатда шунчаки рухсат берилса, деб ўйлаб қолдим. Мақоланинг бошида таъкидлаганим сақлаб қўйган сурат ёлғон ёки ростми... бугун бу расмдан ҳам кўра хавотирлироқ манзарага дуч келиб турибмиз. 

  
Муҳожирлардан қўрқиш кераклиги ҳақида жуда кўп постларни ўқидим.

Уларни суратини сунъий интеллект орқали шу қадар қўрқинчли ва бачканалаштирганки, ҳар қандай муҳожирлар билан боғлиқ мавзуларда бундай суратларни изоҳ ўрнида ёки сарлавҳага олиб чиқиши табиий ҳол.

 

Тўғри, муҳожирлар билан боғлиқ жиноий ишлар ҳам учраб туриши рост. Ва бу жиноий ишлар рус медиасида кўпиртирилиб, ваҳима билан тақдим қилиниши ҳам бор гап. Бу бошқа мавзу...
Куни кеча нимагадир, бошланғич синфда ўқийдиган тожик миллатига мансуб ўқувчини ўлдирган ўсмир кейси рус ОАВларида у қадар ваҳимали тарзда ёритилмаяпти.
Юқорида кўрсатганим: “санъат дарсида ўқувчи қизалоқ Россиянинг душмани чуркалар эканлигини чизибди” хабари, майли фейк, ёлғон дейлик, лекин шу фейк сурат тагига изоҳ ёзган ота-оналардаги аламзадаликни нима деб баҳолаш мумкин. Ахир улар ўқувчи томонидан шундай сурат чизилиши мумкинлигига ишонишимиз кераклигини ўз хатти-ҳаракатлари билан исботламаяптими? Бу суратни катталар “бу фейк, ёлғон, санъат дарсида ўқитувчи бундай топшириқ бермаган бўларди” демаяпти, балки, “яшавор қизалоқ, қизча тўғри қилибди”, дея изоҳларда уни олқишламоқда, мотивация бермоқда.

   

Демак, шунга ўхшаш гаплар оилада ҳам айтилади, ёш авлодда бошқа миллат вакилларига, муҳожирларга нисбатан нафрат, айирмачилик уйғотади... Майли, муҳожирлар ҳақида бундай сурат чизилмаган ҳам дейлик, “чурка” ёзувини фейклигига, у расмни қизалоқ чизмаганига ишондик ҳам дейлик. Лекин бугунги воқеа фейк эмас-ку... Бошланғич синф ўқувчиси миллати учун қотиллик қурбони бўлгани ростку. Бу ҳақда негадир рус медиасида жимжитлик.

Мақолани ёзиб тугатиш асносида телеграм каналига дуч келдим. 286 минг нафарга яқин обуначиси, тасаввур қилинг 285 мингдан ортиқ одамлар кузатиб борадиган ушбу каналда пичоқланган болакай ҳақида пост қўйилган ва унинг устидан очиқчасига “личинка”, “чурка” деб мазахлашган, камига суратиям очиқ қўйилган болажоннинг.

Янаям ачинарлиси, “мамлакат битта инженердан, битта олимдан қуруқ қолди”, деб кулгу остига олингани. Ва энг даҳшатлиси, ушбу постга ачинган, йиғлаганлардан ҳам кўпроқ кулгули смайликларнинг қўйилгани бўлди.

Бу дегани ўша мазахлаб кулган канал эгасидан тортиб уни қўллаб-қувватлаётганлар потенциал қотил дегани эмасми, бундай каналлар, “муҳитлар” қотилликни нормаллашлиришга йўл очмаяптими?

 

Ҳозиргина ўша 300 мингга яқин обуначиси бор каналда болакайнинг қонга ботган видеоси жойланди. Яна шундай кесатиқли фикрлар билан пост қўйилган, мазмуни буларнинг биттага камайгани яхши бўлди деган маънода...

Мен санъат дарсида қизалоқ Россиянинг душманини қандай тасаввур қиласан, деган суратга муҳожирларни пичоқ билан тасвирланган суратини чизгани ёлғон экан, деган хабарнинг ўзи фейкмасмикан деб ўйлаб қолдим. Гапнинг очиғи қизалоқ муҳожирларга катта нафрат билан ўсаётганига ва шундай сурат чизишга қодирлигига мана шу каналда ёзилган изоҳлар орқали ишондим. Худди шундай сурат чизишга, нафратини пичоқ орқали исботлашга, ўлган муҳожир бола устидан кулишга, мазахлашга тайёр авлод етишиб чиқаётганини кўрдим. Бу эса қудратли мамлакатни ич-ичдан емирадиган энг катта фалокатдир. Айтинг-айтинг, бу миллат вақти келиб муҳожирлардан эмас, ўз фарзандларидан қўрқадиган, қочгани жой топа олмай қоладиган кунлар келмасин...

                                                                                                           Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг