Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фиръавн Аменҳотеп I қандай кўринишда бўлган? (фото)

Фиръавн Аменҳотеп I қандай кўринишда бўлган? (фото)

Фиръавн Аменҳотеп I нинг мумиёланган жасади.

Фото: «Daily Mail»

Қоҳира университети олимлари компьютер томографияси воситасида фиръавн Аменҳотеп I тахминан қандай кўринишда бўлганини аниқлашди, ёзмоқда «Daily Mail».

Мумиёланган саркофаг XIX асрда топилган эди. Саркофаг шунчалик яхши сақлангандики, уни очишга кўзлари қиймаган.

Энди эса компьютер томографияси бор, унинг ёрдамида бинтлар билан чирмаб ташланган одамнинг уч ўлчамли модели янатилди.

«Мумиёнинг ниқоб ва бинтларини виртуал ечиб олиб, уни батафсил ўргандик. Аменҳотеп I тахминан 35 ёшида вафот этган, бўйи 170 сантиметр атрофида, тишлари яхши ҳолатда бўлган», — деди Қоҳира университети радиология профессори Саҳар Салим.

Фиръавнинг танасида 30 та тумор ҳам мунчоқлар қадалган олтин камар борлиги маълум бўлди. Экспертлар у отасига ўхшаш бўлганини тахмин қилишяпти: тор бурунли, ияги ингичка, сочлари тўлқинсимон, тепа тишлари олдинга сал туртиб чиққан.

Маълумотларга кўра, Аменҳотеп I — Мисрдаги 18-сулоланинг иккинчи ҳукмдори, милоддан аввалги тахминан 1506–1504 йилларда вафот этган, бироқ унинг жасади милоддан аввалги XI асрда, 21-сулоланинг олий коҳинлари томонидан қайта дафн этилган.

Аменҳотеп I қайта дафн этилган Миср жанубидаги Дайр-ал-Баҳарида 1881 йилда бошқа ҳукмдорларнинг ҳам мумиёланган жасадлари топилган.

Фиръавн нимадан ўлгани ҳанузгача жумбоқ.

«Биз бирон жароҳат ёки касалликлар оқибатида қолган патологияни тополмадик. Ўлимдан кейин етказилган шикастлар эса анчагина. Булар, тахминимизча, қабрга ўғирликка тушганларнинг иши», — деди профессор.

Бундан ташқари, мумиёловчилар мия ва юракни танада қолдиришган, дейишмоқда тадқиқотчилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг