Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Fitch Ratings» агентлиги томонидан Ўзмиллийбанк рейтинги «BB» даражага кўтарилди

«Fitch Ratings» агентлиги томонидан Ўзмиллийбанк рейтинги «BB» даражага кўтарилди

2025 йил 30 июнь санасида «Fitch Ratings» — халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг узоқ муддатли кредит рейтинги «барқарор» прогнози билан «BB» даражасига кўтарилганини эълон қилди.

«Fitch» агентлигининг таҳлилий ҳисоботида қайд этилишича, рейтингнинг оширилиши Ўзмиллийбанкнинг мамлакат иқтисодиётидаги стратегик роли ва давлат томонидан қўллаб-қувватланишини акс эттиради. Унинг давлатга тегишли бўлган улуши ва стратегик тармоқларни кредитлашдаги муҳим ўрнини ҳисобга олган ҳолда давлат томонидан қўллаб-қувватланиш эҳтимоли ўртача юқори деб баҳоланмоқда», — дейилади Fitchнинг расмий баёнотида.

«Fitch Ratings» Ўзмиллийбанкни мамлакатнинг энг йирик ва муҳим молиявий институтларидан бири сифатидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Банк ташқи иқтисодий ҳисоб-китоб тизимида барқарор ўринни сақлаб қолмоқда, халқаро молиялаштиришни фаол жалб этмоқда ва иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кенг кўламли инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда.

2025 йил бошида банкнинг асосий молиявий натижалари қуйидагича эди:

• капитал 8,4%га ўсиб, 1,6 млрд АҚШ долларини ташкил қилди;
• активлар 10,5 млрд АҚШ долларга етди;
• кредит портфели ўтган йилга нисбатан 8%га ошиб, 8,7 млрд АҚШ долларини ташкил этди;
• банкнинг соф фойдаси 133 млн АҚШ долларини ташкил этди — бу мамлакатдаги тижорат банклари орасида энг юқори кўрсаткичдир.

Барқарор молиявий натижалардан ташқари, 2024 йил апрелида «Fitch» агентлиги Ўзмиллийбанкнинг «Viability Rating» (Барқарорлик рейтинги) ни «b» дан «b+» га кўтарди, бу эса активлар сифатининг барқарорлиги, фойдалиликнинг ўсиши ва капитализациянинг юқорилигини тасдиқлайди. Бу банкнинг ташқи қўллаб-қувватлашдан мустақил ички барқарорлигини ошганидан далолат беради.

Банк мамлакатдаги энг йирик солиқ тўловчилар рейтингида 8-ўринни эгаллаган бўлиб, 2024 йилда бюджетга 1,5 трлн. сўмдан ортиқ солиқ тўлади, бу эса ўтган йилга нисбатан 48% га кўп демакдир.

«Fitch» Ўзмиллийбанкни Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалардаги иштироки ва ташаббусини ҳам алоҳида таъкидлади. Хусусан, 2024 йилда Ўзмиллийбанк томонидан 1,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида 280 дан ортиқ лойиҳа молиялаштирилган. Улар орасида инфратузилма, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳалари мавжуд.

Ҳозирги кунда Ўзмиллийбанк дунёнинг 70 мамлакатидаги 578 та молиявий институтлар билан ҳамкорлик қилмоқда, жумладан, «JP Morgan», «Citibank», «Commerzbank» ва «Deutsche Bank» кабиларни санаш мумкин. Шунингдек, Банк Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), KfW, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва бошқа етакчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликдаги дастурларда фаол иштирок этмоқда.

Ривожланиш ва режалар

2025 йил натижалари бўйича Ўзмиллийбанк Лондон фонд биржасида 400 млн. АҚШ доллари миқдорида еврооблигациялар чиқаришни режалаштирмоқда, шулардан миллий валютада 100 млн. долларгача миқдорда чиқариш кўзда тутилган. Бу Банкнинг ишончли қарз олувчи ва инвестиция ҳамкори сифатидаги нуфузини янада мустаҳкамлайди.

Шунингдек, банк «Global Finance» томонидан «Ўзбекистоннинг энг яхши банки» сифатида эътироф этилди. Бундан ташқари, ЕТТБ томонидан Марказий Осиёдаги кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ҳамда яшил молиялаштиришни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун мукофот билан тақдирланди.

«Fitch» агентлиги томонидан Ўзмиллийбанкнинг рейтинги «BB» даражасига кўтарилиши ва прогнознинг «Барқарор» деб баҳоланиши— бу нафақат банкнинг ҳозирги барқарорлиги ва самарадорлигини тан олиш, балки глобал инвестицион ҳамжамиятнинг ишончининг ортиши белгиси ҳисобланади. Ўзмиллийбанк ўз ўрнини тизимли аҳамиятга молик, халқаро миқёсда фаол ва стратегик жиҳатдан муҳим банк сифатида мустаҳкамлаб, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида асосий ролни ўйнайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг