Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фламинголар учун «жаннат». Ноёб қушларнинг кўпайиш кўрсаткичи маълум қилинди

Фламинголар учун «жаннат». Ноёб қушларнинг кўпайиш кўрсаткичи маълум қилинди

Фламинго (қизилғоз) табиатда камайиб бораётган қушлар сирасига киради.

Фото: AA

2021 йили Туркия ҳудудидаги Туз кўлида 1900 га яқин фламинго дунёга келди. Мамлакат атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазирлигига кўра, бу Европа бўйича кўрсаткичнинг 34 фоизини ташкил этмоқда. 

Анқарадан 150 км масофада жойлашган Туз кўли 1665 квадрат километр ҳудудни эгаллайди. Мазкур сув ҳавзаси Туркиядаги иккинчи йирик кўл ва дунёдаги энг катта шўрланган кўллардан бири ҳисобланади. Туз кўли фламинголар кўпаядиган кам сонли ҳудудлардан биридир. Кўлнинг сув ҳарорати ва иқлим шароити мақбул бўлганда, тухумдан минглаб полапонлар ёриб чиқади. Қулай табиий шароити туфайли Туз кўли «фламинголар учун жаннат» деб аталади.

Қизилғоз ҳам деб номланувчи фламинголар «муҳожир» – учиб ўтувчи-уяловчи қушлар сирасига киради. Минглаб қушлар кўпайиш учун Туз кўлини макон тутади. Полапони учишни ўргангунга қадар она қуш ҳам унга ғамхўрлик қилади. 

Анқарадаги Табиатни муҳофаза қилиш марказининг биологик хилма-хиллик дастури координатори Озге Балкизнинг таъкидлашича, Туз кўли Ўртаер денгизи ва Шимолий Африка ҳудудларга сафар қилувчи фламинголар учун ҳам қулай бошпана вазифасини ўтайди. Яратганнинг мўъжизаларидан бири саналган мазкур қушларнинг кўпайиши кўл суви cатҳига боғлиқ.

Фламинголар, шунингдек, Туркиянинг Марказий Онадўли, Эгей, Қора ва Мармар денгизи минтақаларида учрайди.

Қайд этиш жоизки, Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани ҳудудида жойлашган Судочье кўлини юзлаб қушлар қаторида фламинголар ҳам макон тутган. Қизилғозлар Қорақалпоғистоннинг яна бир неча ҳудуди – Возрождение ороли, ғарбий Қоратеран кўли, Шегекўл (Междуречье сув сақлагичи), Сариқамиш кўли, Амударёнинг ўнг қирғоғи ва Жалтирбас кўлида ҳам учрайди. Орнитолог олимларнинг фикрича, фламинголар Қорақалпоғистондан асосан учиб ўтиш, узоқ сафар олдидан озиқланиш учун фойдаланади. «Қизил китоб»га  киритилган бу жонивор Амударё сув ҳавзалари, Сирдарё ва Зарафшон бўйларида ҳам тарқалган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг