«Французча гамбит»нинг миси чиқди
Франция шахмат федерацияси уч нафар таниқли гроссмейстерни мусобақаларда қатнашишдан беш йилга четлатди. Аниқланишича, Ханти-Мансийскда ўтган Халқаро шахмат олимпиадасида Себастян Феллерга дона суришда Сирил Марзоло ва француз жамоаси капитани Арно Ошар пинҳона кўрсатма бериб турган. Шахмат фирибгарлари ўйин пайтида мобил телефонлар воситасида кодланган SMS-хабарлардан фойдаланишган. Бу ҳақда «Chessmateok.com» портали хабар берган.
Тизим бундай йўлга қўйилганди: Феллер шахмат ўйнаётган пайтида Марзоло компьютердан энг яхши юришни топиб, уни мусобақа залида шахмат тахтасининг тегишли хонасига мос жойни эгаллаган Ошарга узатиб турган. Фирибгарлар махсус шифрни қўллашган. Масалан, 63 68 бўлса, Феллер F3 дан F8 хонага юриши лозим эди. Рух ёки фарзин шунақа юра олади. Ошар эса муайян ўйинчилар ёнида туриб Феллерга маълумотни етказган (шахмат олимпиадаси пайтида бир йўла кўплаб ўйинлар ўтказилгани боис жамоалар ўйинчиларининг тахталари рақамлаб қўйилади).
«Қойилмақом учлик»нинг фирибини Франция шахмат федерацияси вице-президенти Йоанна Помиан фош қилди. Аслида бу воқеа 2010 йилнинг октябрь ойида юз берган, кенг жамоатчиликка эса яқинда маълум бўлди.
Ханти-Мансийскдаги шахмат олимпиадасида Феллер аввалига жамоанинг «бешинчи» рақамли ўйинчиси эди ва «алмаштирилганди». Бироқ тез орада «ажойиб ўйини» сабабли жамоа асосий таркибига киритилди, тўққиз партия ўйин ўтказиб, беш ғалаба, икки дурангга эришди, иккитасини бой берди. Ўшанда Франция термаси тўққизинчи ўринни эгаллаган, Феллер эса турнирда беш минг евро мукофот пули ишлаб олганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter