Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғазо: БМТ бош котибини ларзага солган ҳодиса

Ғазо: БМТ бош котибини ларзага солган ҳодиса

Жабалия қочқинлар лагери Исроил бомбардимонидан кейин.

Фото: Reuters

Исроил ҳарбий кучлари томонидан Ғазо секторидаги Жабалия қочқинлар лагери бомбардимон қилингани халқаро ташкилотлар томонидан қораланмоқда.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш қочқинлар лагерига авиазарбалар берилгани оқибатида фаластинлик болалар, аёллар, умуман тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганидан ларзага тушган. Бош котиб халқаро ҳуқуққа риоя қилишни талаб қилган. 

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича идораси мазкур ҳужум ҳарбий жиноятга тенглаштирилиши мумкинлигини билдирган.

«Тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар кўплиги ва вайронагарчилик кўлами инобатга олинса, Исроилнинг Жабалия қочқинлар лагерига авиазарбаси номутаносиб ҳужум, ҳарбий жиноятга тенглаштирилиши мумкин», –  дейилади расмий баёнотда.

Исроил кучлари Ғазо шимолидаги Жабалия лагерига сешанба ва чоршанба кунлари ракета зарбаларини йўллаган.

Ғазо маъмуриятига кўра, ҳужум оқибатида 195 киши ҳалок бўлган, 777 киши жароҳатланган, 100 дан зиёд одам вайроналар остида қолган.

Исроил томони қочқинлар лагери бомбаланишини «ҲАМАС ҳарбий тузилмасига ҳужум» деб изоҳлаган.

Ғазодаги энг йирик қочқинлар лагери саналган Жабалияда 120 минг киши яшайди.

Аввалроқ Ғазо секторидаги «Ал-Аҳлий» шифохонасига ракета зарбаси берилиши оқибатида юзлаб бегуноҳ одам ҳалок бўлган эди.

Исроил кучлари ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумига жавобан Ғазога ҳаво ва қуруқлик орқали ҳужумлар уюштирмоқда. 2,3 миллион нуфусли минтақа сув, озиқ-овқат, электр энергия ва ёнилғидан маҳрум қилинган.

БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) матбуот котиби Жеймс Элдер Исроил бомбардимони оқибатида Ғазо болалар учун қабристонга айлангани ҳақида бонг урди. Халқаро ташкилот вакили ўт очишни тўхтатиш ва гуманитар ҳалокатга юз тутган минтақага зудлик билан инсонпарварлик кўмаги киритишни талаб қилди.

БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича олий комиссари Филиппо Гранди Ғазо аҳолиси дўзахий шароитда қолганидан огоҳлантирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг