Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғазода 1 миллион кишида юқумли касаллик аниқланди

Ғазода 1 миллион кишида юқумли касаллик аниқланди

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2,3 миллионга яқин фаластинлик яшайдиган Ғазо секторида 1 миллионга яқин юқумли касаллик ҳолати мавжудлигини айтиб, БМТни чора кўришга чақирди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Ашраф ал-Қудра ёзма баёнотида, Исроилнинг Ғазога ҳужумлари 150 кундан бери давом этаётгани оғир вазиятни юзага келтирганини таъкидлади: «Биз бир миллионга яқин юқумли касаллик ҳолатини аниқладик, даволаш учун тиббий муассасалар йўқ. Босқинчи Исроил давлати атайлаб эпидемиялар ва юқумли касалликлар тарқалишини қўзғатмоқда ва мисли кўрилмаган гуманитар ва тиббий офатни келтириб чиқармоқда».

У зарур тиббий ёрдам кўрсатилмаса, вазият янада оғирлашишидан огоҳлантириб, БМТни «Ғазо халқини қутқариш учун чора кўришга» чақирди.

Кудранинг таъкидлашича, Исроил қўшинлари шифохоналар ва тиббиёт марказларини вайрон қилмоқда, тиббиёт ходимларини ўлдириб, ҳибсга олмоқда, бунинг натижасида Ғазо шимолидаги вазият анча ёмонлашган.

2023 йил 7 октябрдан бери Исроил армияси Ғазодаги 152 та тиббиёт муассасасини нишонга олиб, 31 касалхонани ишдан чиқарди.

Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари оқибатида 30 534 фаластинлик, жумладан, камида 13 230 нафар бола ва 8 860 нафар аёл ҳалок бўлди, 71 920 нафари яраланди.

Минглаб қурбонлар вайроналар остида ётибди, фуқаролик инфратузилмаси ҳам вайрон бўлмоқда: одамлар бошпана топган касалхоналар ва таълим муассасаларига ҳам зарбалар берилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг