Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

GEF'нинг VIII Ассамблеяси Ўзбекистонда бўлиб ўтади

GEF'нинг VIII Ассамблеяси Ўзбекистонда бўлиб ўтади

Америка Қўшма Штатларининг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Глобал экологик фонд (GEF) кенгашининг 69-йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари дунёнинг етакчи донор давлатлари эътиборига тақдим этилди.

Кенгашда нутқ сўзлаган Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов давлат раҳбари томонидан бир қатор муҳим экологик ташаббуслар, хусусан, Орол денгизининг қуриб қолган тубида кенг кўламли ўрмонзорлаштириш кампанияси олиб борилаётганлиги, бугунги кунгача 2 миллион гектар майдон яшил ҳудудга айлантирилганлиги, “Яшил макон” умумхалқ лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт экилаётганлиги ва яшил ҳудудларни 30 фоизгача ошириш мақсад қилинаётганлиги, 2030 йилга бориб «яшил» энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилганлиги, қайта тикланувчи энергияга ва ноль чиқиндили транспортга ўтиш рағбатлантирилаётганлигини таъкидлади.

Вазир, шунингдек, кенгаш иштирокчилари эътиборини Ўзбекистонда қонунчиликда атроф-муҳитни асрашга қаратилган қатор ўзгартиришлар киритилганлиги ҳамда экологик таълим сифати оширилаётганлигига қаратди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси янгиланиб, атроф-муҳитни асраш борасидаги моддалар билан бойитилди, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс ва табиатни муҳофаза қилишга қаратилган бошқа ҳужжатлар экологик барқарорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида такомиллаштирилди. Бундан ташқари, айнан Давлат раҳбари ташаббуси билан Тошкентда Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Иқлим кенгаши ва Миллий иқлим маркази ташкил этилди. 2025 йил эса “Атроф-муҳитни асраш ҳамда яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди. Бундан ташқари, БМТ Бош Ассамблеясининг қатор резолюциялари, жумладан, 2027–2036 йиллар оралиғида ўрмон ва ерларни тиклашга оид резолюция илгари сурилмоқда.

Кенгашда 2026 йилда GEFнинг 8-ассамблеяси ва GEF Кенгашининг 71-йиғилиши Ўзбекистонда, Самарқандда ўтказилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Ўз навбатида Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан чуқур миннатдорлик билдириб, GEF кўмагида Ўзбекистоннинг экологик кун тартибини шакллантиришда муҳим ютуқларга эришилгани ва ҳамкорликни давом эттиришга умид билдиришини айтиб ўтди.

Тадбирда айнан Ўзбекистоннинг экологик фаоллиги ва ташаббуслари туфайли жаҳон ҳамжамияти Марказий Осиёдаги иқлим ўзгариши сабабларига қарши кураш ва оқибатларини юмшатиш масаласига эътибор қаратаётгани қайд этилди. Хусусан, Самарқандда бўлиб ўтадиган навбатдаги тадбирларда йирик донор давлатлар минтақадаги экологик муаммоларга ечим топиш мақсадида бирлашади.

Ўз навбатида тадбирнинг БМТ Туризм ташкилоти томонидан “Жаҳон маданий туризм пойтахти” деб эътироф этилган Самарқандда ўтказилиши ҳам рамзий маъно касб этиши таъкидланди.

Азиз Абдуҳакимов GEF ассамблеясига 2026 йилда нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси биргаликда мезбонлик қилишини таъкидлади. Ўз навбатида Ўзбекистонда деярли 100 мамлакат фуқаролари учун визасиз режим, қолган давлатлар учун эса 24 соат ичида олинадиган соддалаштирилган электрон виза тизими жорий қилинганлиги ва бу юртимизга ташриф буюрадиган делегатлар учун янада қулайлик яратиши қайд этилди.

Азиз Абдуҳакимов кенгаш иштирокчиларига “Green University”да IUCN (GEF агентлиги)нинг Марказий Осиёдаги офиси очилгани ҳақида ҳам маълумот берди:

GEF Ассамблеяси глобал экологик ҳаракатларни кучайтириш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун зарур бўлган молиявий кўмакни жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, нафақат минтақа, балки бутун дунёдаги экологик вазиятни яхшилаш борасидаги позициясида қатъий ҳамда бу борадаги фаоллиги, ташаббускорлигини давом эттиради.

Маълумот учун, Global Ekologik Fond (GEF, Global Environment Facility) ) — бу табиатни муҳофаза қилишга қаратилган ташаббусларни молиялаштирувчи энг йирик халқаро институт бўлиб, иқлим ўзгариши, ер деградацияси, биохилма-хилликнинг йўқолиши ва сувларнинг ифлосланиши каби глобал экологик муаммоларни ҳал этишда давлатларга кўмаклашади. GEF Ассамблеясининг Ўзбекистонда ўтказилиши нафақат мамлакатнинг экология ва барқарор ривожланиш йўналишидаги саъй-ҳаракатларига нисбатан юксак эътироф, балки инвестициялар жалб этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва миллий экологик устуворликларни глобал миқёсда илгари суриш учун муҳим майдондир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг